Суперлига охирги тур баҳсларида "Сўғдиёна" ўйинни сотганмиди? Жамоа собиқ футболчиси бунга жавоб берди
"Сўғдиёна" жамоаси бу мавсум ОФК кубоги ва Ўзбекистон кубогидаги муваффақиятсизлигидан сўнг Суперлигада ҳам ишлари юришмади. Кўпчилик бунга сабаб сифатида клуб ўйинларни сотган, дея иддао қилди. Аслида вазият қандай эди?
Жиззахликлар футболчиси Шаҳбоз Жўрабеков SPORTS.uz сайтига берган интервьюсида бу ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Тўғри, биз мавсумни юқори темпда бошладик. Кетма-кет ғалабалар, ОФК кубогида ҳам, Ўзбекистон кубогида ҳам яхши старт олгандик. Октябрь ойи биз учун синовли эканини билардик ва шундай бўлди ҳам. Иккита ярим финални бой бердик, чемпионатда ҳам қониқарсиз натижа кўрсатдик. 1 йил мобайнида қаттиқ меҳнат қилиб, охирида ҳеч нарсасиз қолиш жуда аламли ва оғриқли бўлди.
ОФК кубогидан сўнг барибир руҳий тушкунликка тушиб қолгандик. Бундан чиқиб кетишга ҳаракат қилдик. Афсуски, ҳеч нарса ўхшамади. Охирги учрашувларда "Сўғдиёна" ўйинни сотди", - деган гап-сўзлар тарқалди. Бунинг барчаси ёлғон, билиб-билмай гапиришларини хоҳламасдим. Аллоҳ бу йилги насибамизни шунақа қилиб ёзган экан. Бундан қочиб қутула олмаймиз. Бизга руҳий ҳолатимиз анча панд берди, деб ўйлайман", - деди "бўрилар" сафини тарк этган Жўрабеков.
Фикрлар