Суперлигада 15-тур. Голлар ўнлиги ТОП-10
Суперлигада 15-тур ортда қолди. Ушбу тур чиройли ва жозибали голларга бой ўтди. Шу боис биз сизларга голлар ўнлигини тақдим этамиз.
10-ўрин. Миржаҳон Мираҳмадов (АГМК)
Голлар ўнлигини Миржаҳон Мираҳмадов бошлаб беради. Ҳақназарийнинг ажойиб пасидан сўнг Хуршид Ғиёсов катта тезликда олдинга боради ва дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб, тўпни секингина йўллади. Бироқ рақиб футболчиси кириб кетаётган тўпни тўхтатди. Қайтган тўпни Мираҳмадов дарвозага қийинчиликсиз жойлади. Гол оддий ва осон дерсиз. Лекин голгача бўлган вазият жуда чиройли чиқди.
9-ўрин. Сардор Собирхўжаев (“Пахтакор”)
“Пахтакор” легионери Банашакнинг фойдали иш коэффициенти ҳозирча ёмон эмас. Сардор Собирхўжаев унинг пасидан сўнг дарвозани мана шундай ишғол қилди. Суперлигамизда бундай ақлли зарба берилиши ва у дарвозабоннинг яқин пастги бурчагига йўлланилиши камдан-кам учрайди. Боз устига бу гол ўзбек класикосида кузатилса.
8-ўрин. Миржаҳон Мираҳмадов (АГМК)
Миржаҳон ва АГМКга аталган тур. Шу куни олмалиқликлар нима қилса қилди, ҳужумчи ҳам. Миржаҳон Мираҳмадов қанотдан оширилган тўпга шунчаки оёғини қўйиш орқали голнинг чиройини оширди.
7-ўрин. Шоҳназар Норбеков (“Қўқон-1912”)
Қўқонликлар вакили рақиб ҳимоячиларининг пала-партишлигидан фойдаланиб қолди. Янги майдонда “Қўқон-1912” футболчилари ҳам чиройли гол ура олади. Буни Норбеков мисолида кўрдик.
6-ўрин. Жасур Ҳасанов (“Сўғдиёна”)
“Сўғдиёна” қарши ҳужумда иккита пас билан гол ура оладиган жамоа. Ҳимоячи тўпни тепди, Насимов пас берди. 39 ёшли Жасур Ҳасанов жарима майдонига кириб тўпни тўсинга теккизиб, тўрга киритди. Ҳасанов шу ёшда ҳам “Сўғдиёна”га фойда келтирмоқда.
5-ўрин. Зўран Марушич (“Навбаҳор”)
Зўран Марушичнинг бу голини шарҳловчи Хайрулла ака Ҳамидов чиройли ифодалади. Ортиқча таръифга ҳожат йўқ. Шунинг учун шарҳни тингланг. Ўйин жонли эфирда намойиш этилмагани учун голга таърифни шарҳловчига қолдирдик.
4-ўрин. Отабек Жўрақўзиев (“Олимпик”)
Норбеков киритилган ўнликка Жўрақўзиевнинг голи қўшилмаса бўлмасди. “Олимпик”нинг бу ҳужумини кўрган мухлис жамоани Суперлигага энди чиққан деб ўйламайди. Олдиндан ўйланган режа ва гол.
3-ўрин. Ойбек Бозоров (“Насаф”)
Ойбек Бозоров қандай ҳаракат қилса, шундай гол урди. Енгил ва оҳисталик билан дарвозани ишғол қилди. Голнинг нафислиги шундаки, Алиқуловнинг пасидан кейин бироз тўхтаб, рақибнинг ўтиб кетишидан сўнг бемалол гол уришда.
2-ўрин. Ҳусаин Норчаев (“Насаф”)
Ҳусаин Норчаев бу мавсум бир маромда ўйнай олмаётгандир. Лекин мана шундай рейдлари бор. Норчаев ЕЧЛда Патонинг “Барселона” дарвозасига урган голини эслатиб юборди. Тезкорлик, рақибларидан ўтиб кетиш ва дарвозабонни имконсиз қолдириш.
1-ўрин. Сиявуш Ҳақназарий (АГМК)
Ҳақназарийдан шедевр. Сиявушнинг зарбасидаги траектория голга янада чирой бахш этди. Буни ҳам хориж футболидаги голга ўхшатмасак бўлмайди. Давид Вилья “эл класико”да Икер Касильяс дарвозасини шундай ишғол қилганди. Агар сўровнома ўтказилиб, Ҳақназарий ва Вильянинг голи биринчи ўринга давогарлик қилганда, балки Сиявуш кўпроқ овозга эга бўлармиди?!
Фикрлар