Суперлигада ким қандай ўсишга эришди?
“Мавсум-2024” якуни бўйича турли сарҳисоблар, статистик рақамлар тақдим этиб борилади. Бу йил Суперлигамизда қатнашган 14 та клубнинг ўтган йилги натижалари билан таққослаганда ҳар кимда турлича тавофут пайдо бўлади. Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.
“Насаф”
2024 йил: 1-ўрин
2023 йил: 3-ўрин
Ниҳоят, Қаршининг “Насаф” клуби бу йил ўзининг азалий орзуси – чемпионликни қўлга киритди. “Аждарлар” чемпионликка эришмагунча бу йўлда муносиб ўйин намойиш қилишди. Лекин шундан сўнг жамоа фақат ютқазди. Умумий маънода “Насаф” ўтган йили 47 очко билан 3-ўринни эгаллаган. Бу йил эса чемпионлик учун 52 очко етарли бўлди.
ОКМК
2024 йил: 2-ўрин
2023 йил: 2-ўрин
Миржалол Қосимов жамоаси ўтган йилги каби бу йил ҳам 2-ўринни ўзида сақлаб қолди. 2023 йилда жамо 49 очко тўплаган, бу мавсумда 47 очко жамғарди. Ҳар иккала йилда ҳам ОКМК 14 тадан ғалабага эришди. Бир сўз билан айтганда, ОКМК барқарорлигини сақлаб келяпти.
“Навбаҳор”
2024 йил: 3-ўрин
2023 йил: 4-ўрин
Наманганликлар ўтган йили 44 очко билан учталикка кира олмаганди. Бу сафар учинчи ўринни банд қилиши учун 43 очко етарли бўлди. Яна бир қизиқ томони, “Навбаҳор” ўтган йили 13 та ғалабага эришган бўлса, бу йил 11 та ғалаба билан бронза медалга эга чиқди.
“Сўғдиёна”
2024 йил: 4-ўрин
2023 йил: 10-ўрин
Иван Бошкович жамоаси чемпионатни совринли ўринлардан бирида якунлаш учун жуда яхши имкониятга эга эди. Мавсум давомида асосан кучли учталикда бўлди. Фақатгина сўнгги турга келибгина аламли мағлубият туфайли 4-ўринга тушиб қолди. Ҳолбуки, “Навбаҳор” билан тенг очко жамғарди. Фақат айрим натижаларга кўра жиззахликлар совриндорлар қаторидан тушиб қолди. Шунда ҳам “Сўғдиёна” ўтган йилги натижасидан баланд сакради.
“Нефтчи”
2024 йил: 5-ўрин
2023 йил: 5-ўрин
Виталий Левченко жамоаси ўша-ўша. Ўтган йили ҳам, бу йил ҳам 5-ўринни банд этди. Лекин жамоа иштироки 5 баҳога лойиқми? Бу катта савол!
“Пахтакор”
2024 йил: 6-ўрин
2023 йил: 1-ўрин
Чемпионатни омадсиз ўтказган клублардан бири “Пахтакор”. Ўтган йили чемпионликни қўлга киритган “Шерлар” бу сафар мавсумни 6-ўринда якунлади. Жамоада мураббийлар алмашиши кузатилди, жамоа ҳам ўз темпида бўлмади. Кўплаб очко йўқотишлар натижасида “Пахтакор” ўзига ярашмаган ўриндан жой олди. Раҳбарият эса клубда аллақачон қандай ўзгаришларга қўл урганини биласиз.
“Сурхон”
2024 йил: 7-ўрин
2023 йил: 6-ўрин
Чемпионатни кўнгилдагидек бошлай олмаган “Сурхон” кейинчалик ўзига келиб олди ва рақибларига кутилганидек бош оғриғи бўлди. Жамоа ўтган йили 6, бу йил эса 7-ўринни эгаллади. Ёмон натижа эмас.
“Динамо”
2024 йил: 8-ўрин
2023 йил: Про лигада
Вадим Абрамов жамоаси про лигадан чиқиб, ушбу мавсумда 8-поғонадан жой олиши ижобий кўрсатгич. “Динамо” ўз ўйини билан кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Абрамов ишончни оқлаяпти. 30 ёшли Анвар Хожимирзаевни ҳам айнан Вадим Карленович кашф қилди.
“Андижон”
2024 йил: 9-ўрин
2023 йил: 7-ўрин
“Бургутлар” ўтган мавсумга қараганда 10 очко кам жағариб, 30 очко билан 9-поғонадан жой олдилар. Клуб мавсумни яхши бошлаганди. Ҳаттоки, 1-ўринда ҳам бўлди. Лекин мавсумни “Андижон” учун муваффақиятли ўтди, дея оламиз. Боиси, улар ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиб, Осиё Чемпионлар лигаси 2 га йўлланмани қўлга киритди.
“Бунёдкор”
2024 йил: 10-ўрин
2023 йил: 8-ўрин
“Қалдирғочлар” лигада жон сақлаб қолиш вазифасини уддалади. Мавсумни ёмон бошлаган жамоа кейинчалик мураббийлар ўзгаришини амалга ошириб, Илёс Зейтуллаевни олиб келишди. Иккинчи даврага келиб “Бунёдкор” керакли очколар йиға бошлади. Ўтган йилгидан иккита пастки ўринни банд қилди.
“Қизилқум”
2024 йил: 11-ўрин
2023 йил: 12-ўрин
“Қизилқум” ўтган йили ҳам, бу йил ҳам Суперлигада 6 та ғалаба қозонди. Фақат 2023 йилга нисбатан бу гал икки очко кўп жамғариб, 27 очко билан мусобақа жадвалининг 11-поғонасидан жой эгаллади. Навоийликлар уй учрашувларини Қаршида ўтказдилар. Навоийдаги стадион майдони янгиланишга мухтожлиги боис жамоа мажбур ўз уйида ўйнай олмади. Муҳими, жамоа лигада жон сақлаб қолди. Бу “Қизилқум”нинг асосий мақсади эди.
“Олимпик”
2024 йил: 12-ўрин
2023 йил: 9-ўрин
Тошкентнинг “Олимпик” клуби бу йил янада ёшариб кетди. Жамоа лигада қолиш учун охиригача курашди, плей-оффда бўлса ҳам илашиб қолмоқчи бўлди. Аммо кучи етмади.
“Металлург”
2024 йил: 13-ўрин
2023 йил: 10-ўрин
“Металллург” бутун мавсум давомида охирги ўринда юриб, сўнгги турда кичик мўъжиза кўрсатди, “Насаф” майдонида ғалаба қозониб, плей-оффга илашиб олганди. Плей-оффнинг иккинчи раундида жамоа “Олимпик”ни ютиб Суперлигада қолган бир вазиятда клуб раҳбариятидаги ўзгариш ва бош ҳомийнинг режалари бошқача тус олгани сабабли “Металлург” Суперлигада иштирок эта олмаслигини маълум қилди.
“Локомотив”
2024 йил: 14-ўрин
2023 йил: Про лигада
“Локомотив” клуби бу йил про лигадан Суперлигага чиқиб, яна шу йилнинг ўзида муваффақиятсиз иштирок туфайли ортга равона бўлди. Демак, клубда нимадир нотўғри кетган. Мураббийларни ўзгартириб ҳам кўришди, бироқ жамоа барибир Суперлигани аламли тарзда тарк этди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар