Суперлигада суперўйинлар жамланмаси ёхуд бугун 3-турга старт берилади
Ўзбекистон Суперлигасининг 3-тури жамоалар учун жуда муҳим синов бўлади. Мавсум бошида очколар жамғариш ҳар бир клуб учун катта аҳамиятга эга. 10–12 март кунлари бўлиб ўтадиган учрашувларда бир нечта принципиал қарама-қаршиликлар ҳам бор. Қуйида ҳар бир жуфтликнинг ўйин олдидан имкониятлари ва тахминий кучи таҳлил қилинади.
10 март
19:00. “Нефтчи” - “Андижон”
Водий дербиси ҳар доим алоҳида қизиқиш уйғотади. Фарғонадаги муҳит, мухлислар босими ва принципиаллик бу ўйинни турнинг энг марказий баҳсига айлантиради. “Нефтчи” ўз майдонида ҳар доим хавфли рақиб ҳисобланади. Жамоа мухлислар қўллаб-қуввати билан агрессив футбол намойиш қилишга ҳаракат қилади.
“Андижон” эса бу мавсум яхши таркиб шакллантирган ва ҳужумда жуда хавфли. Жамоа тезкор қарши ҳужумлар билан рақибни жазолаши мумкин. “Истиқлол” стадионида мухлисларнинг ўзаро рақобати ҳам вужудга келади ва атмосфера топ даражада бўлиши муқаррар. Ўйин ҳам шунга мос бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.
19:45. “Машъал” – “Қизилқум”
Бу учрашув икки меҳнаткаш жамоа ўртасидаги кураш сифатида кутилмоқда. “Машъал” стадиони майдони таъмирланяпти ва уй ўйинларини “Шўртан” стадионидан фойдаланаётганди. Аммо у ердаги майдон ҳам талаб даражасида эмас. Шу боис ўйин мазкур баҳс “Қизилқум” аренасига кўчирилди. Бу табиийки, навоийликларни устунлигини оширади.
“Машъал” иккита мағлубият билан бошлади. Лекин интизомли ва тартибли футбол кўрсатишга ҳаракат қилади.
“Қизилқум” эса жисмоний жиҳатдан бақувват таркибга эга ва стандарт вазиятларда хавфли.
20:00. “Пахтакор” - “Навбаҳор”
Турнинг яна бир катта ўйини. “Пахтакор” анъанавий равишда чемпионлик учун курашадиган жамоа ва таркиб жиҳатдан ҳам кучли. Камол Тожиев жамоаси чемпионатни анча ишончли бошлашди.
“Навбаҳор” сўнгги йилларда жуда жиддий рақибга айланган. Улар ҳужумда тезкор ва босимли ўйин кўрсатади. Аммо Кападзе Наманганда ўз жамоасини қуриш учун вақт кераклиги кўриниб турибди. Бунга ўтган турда “Бухоро”га мағлуб бўлганини мисол келтириш мумкин.
11 март
16:30. “Сурхон” - “Бунёдкор”
Термиздаги ўйин ҳар доим қийин кечади. “Сурхон” ўз майдонида жуда қаттиқ курашадиган жамоа. “Бунёдкор” эса техник ва комбинацион футболга таянади. Ўйинда бир нечта голлар кўрсак ажаб эмас.
19:30. “Локомотив” - “Қўқон-1912”
Тажриба ва ёшлик кураши. “Локомотив” таркибида тажрибали футболчилар кўп ва улар ўйинни назорат қилишни яхши билади. “Қўқон-1912” курашувчан ва тезкор жамоа. Аммо Андрей Шипилов жамоаси иккита турда мағлубиятга учраганини ҳисобга олсак, улар бу сафар уч очкони қўлга киритиш учун янада қаттиқ курашишларига тўғри келади. “Локо”да эса бу борада тажриба етарли.
19:45. “Бухоро” - “Хоразм”
Бу баҳсда икки минтақа жамоаси куч синашади. “Бухоро” ўз майдонида фаол ўйнашга ҳаракат қилади. Қолаверса, Хомяков шогирдлари иккита учрашувда ҳозирча 100 фоизли натижа кўрсатишди. “Хоразм” ҳам ёмон таассурот қолдирмаяпти. Бир мағлубият ва бир ғалаба бор. Иккала жамоа жиддий кураш таклиф қилишади. Балки ёпиқ ўйин бўлиб, битта голгача давом этиши ҳам мумкин.
12 март
19:30. ОКМК - “Сўғдиёна”
Бу ўйин ҳам турнинг марказий баҳсларидан бири бўлиши мумкин. OKMK таркиби жуда мувозанатли ва ҳужумда хавфли. Анча иқтидорли ўйинчилар ёрдамида ёшартирилди. Балки шунинг учун бўлса керак, Миржалол Қосимов мавсумни иккита мағлубият билан бошлашга мажбур бўлди. “Сўғдиёна”да ҳам худди шундай. Лекин жиззахликлар иккита ўйинда гол урмасдан ўз дарвозасидан 6 та тўп олиб чиққани фонида мавсум аввалидаги тахминларни йўққа чиқарди. Иван Бошкович жамоасида муаммолар етарлича экан.
20:00. “Динамо” - “Насаф”
Турнинг яна бир қизиқ қарама-қаршиликларидан бири. “Насаф” мамлакатимизнинг энг барқарор жамоаларидан бири ҳисобланади. “Динамо” ўз майдонида мухлислар қўллаб-қуввати билан кучли ўйин кўрсатиши мумкин. Иккала жамоани мақсади ҳам бир - совринларни ютиш. Ўйин шиддати жуда баланд бўлади ва томошабоплиги бўйича энг яхшиларидан бири бўлса ажаб эмас.
Фикрлар