Суперлигада тур фаолларини биласизми?
Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган 4 та ўйин ўтказилганини яхши биласиз. Учта беллашув эса олимпия терма жамоамизнинг йиғини сабабли номаълум муддатга қолдирилди. Шу боис асосий эътибор қолган тўртта ўйинга қаратилди. Табиийки, ушбу учрашувларнинг қаҳрамонлари аниқланди.
“Локомотив” – “Андижон” – 1:2. Энг яхши футболчи: Бектемир Абдуманнонов
Суперлиганинг 5-турини бошлаб берган “Локомотив” – “Андижон” ўйини кутилганидек ўзидан яна ёрқин таассурот қолдирди. Сабаби, андижонликлар сафарда муҳим уч очкони қўлга киритишди. “Бургутлар”нинг мухлислари эса стадионда яна фаоллиги билан ажралиб турдилар.
Ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида “Андижон”нинг ажойиб ижрочиси, ярим ҳимоячи – Бектемир Абдуманнонов эътироф этилди. Бу йилги мавсумда “Андижон”нинг энг яхши трансферларидан бири сифатида қаралаётган Абдуманнонов “Локо”га қарши баҳсда ҳам “ёндирди”. У тезкорлиги, дриблинги билан рақиб футболчиларини бир неча бор шошириб қўйганига гувоҳ бўлдик. Масалан, “Андижон”нинг биринчи голи киритилишида ҳам Бектемирнинг ҳиссаси жуда катта бўлди. Чунки у ўша голнинг яратилишини таъминлаб берди. Тўпни рақиб ўйинчисидан олиб қўйиб, тезкор ҳужумга ўтди ва уни йиқитишганидан кейин жарима зарбаси белгиланди. Стандартни Абдуманноновнинг ўзи бажарди ва Ислом Маматказинга голли ассистни амалга оширди. Умуман олганда, Бектемир 5 та голли ассист ижрочисига айланди.
“Бунёдкор” –“Динамо” – 0:0. Энг яхши футболчи: Францис Нарх
Тошкентда бўлиб ўтган “Бунёдкор” ҳамда “Динамо” жамоалари ўртасидаги беллашувда ҳисоб очилгани йўқ. Лекин ўйин ҳарорати ва сифати ёмон бўлгани йўқ. “Бунёдкор”нинг собиқ футболчиси, ганалик Францис Нарх “Динамо” сафида ўтган йилдан бери тўп сурмоқда. “Қалдирғочлар”га қарши ўйинда эса Нарх тўлиқ ўйнади ҳамда майдонда тиришқоқлиги, меҳнати билан ажралиб турди. Шунга яраша Францис энг яхши футболчига айланди.
“Сўғдиёна” – “Қизилқум” – 1:0. Энг яхши футболчи: Владимир Йовович
Иван Бошкович жамоаси чемпионатдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритди. “Қизилқум”га қарши бўлиб ўтган учрашувда жиззахликлар муҳим натижага эришишди. Тўғри, қийин бўлди, бироқ, асосийси, “Сўғдиёна” уч очкога эга бўлди. Бунда мезбон футболчилари ва айниқса, черногориялик легионер ярим ҳимоячи Владимир Йовович ўзини кўрсатди. У учрашувни деярли тўлиқ ўтказди ҳамда рақиб ўйинчиларига муаммолар туғдирди. Йовович “Сўғдиёна” учун муҳим ўйинчилардан бирига айланиб боряпти.
“Сурхон” – ОКМК – 2:1. Энг яхши футболчи: Суннатилла Ҳамиджонов
Ўтган турда Наманганда “Навбаҳор” билан дуранг ўйнаб қайтган “Сурхон” аста-секин ўзига келаётганга ўхшаяпти. Ўйин томонлама ўзидан яхши таассурот қолдиришни бошлаган термизликлар 5-турда “Пахтакор” стадионида Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКни қабул қилиб 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратдилар. Шундай қилиб, “Сурхон” чемпионатдаги биринчи ғалабасини қўлга киритди. Учрашувда биринчи гол муаллифига айланган ҳимоячи Суннатилла Ҳамиджонов олқишларга сазовор бўлди ва энг яхши ўйинчи номига эришди. Ҳамиджонов ўтган турда “Навбаҳор”га қарши баҳсда ҳам гол урганди ва бу сафар ҳам у майдонни голсиз тарк этмади. Дарҳақиқат, Суннатилла “Сурхон” таркибида энг яхшилардан бирига айланди. У олдинги баҳсларда ҳам фаоллиги билан кўзга ташланаётганди ва ОКМКга қарши учрашувда ҳақли тарзда энг яхши футболчи деб топилди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар