Суперлигада тур қаҳрамонларини биласизми?
9-12 август кунлари Суперлигада 15-тур ўйинлари ўтказилди. Унда бир қатор натижалар кузатилди ва табиийки, учрашув қаҳрамонлари ҳам аниқланди. Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.
“Локомотив” – “Олимпик” – 1:1. Энг яхши футболчи: Суннатилла Абдуллажонов
Турни бошлаб берган Тошкент дербисида кучлар тенг келди – 1:1. Мезбонлар ғалабага яқин эди. Аммо 88-дақиқада Суннатилла Абдуллажоновнинг голи эвазига “Олимпик” мағлубиятдан қутулиб қолди. Иккинчи даврада жамоага таклиф қилинган Абдуллажонов “Олимпик”даги ёши катта футболчига айланди. У жамоадошларига ўрнак бўляпти ва “Локомотив” билан баҳсда ўзини кўрсатишга муваффақ бўлди.
“Нефтчи” – “Динамо” – 3:2. Энг яхши футболчи: Манучехр Сафаров
Фарғоналиклар ушбу турда “Динамо”га қарши беллашувда 3:2 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. “Нефтчи”нинг биринчи голи муаллифи бўлган тожикистонлик ҳимоячи Манучехр Сафаров майдонда ажралиб турди. Шу боис у беллашувнинг энг яхши ўйинчиси бўлди. Кўп вазиятларда рақибларига имконият қолдирмади.
“Насаф” – “Пахтакор” – 1:0. Энг яхши футболчи: Абдувоҳид Неъматов
15-турнинг марказий учрашувида “Насаф” ўз майдонида “Пахтакор”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Аммо уларга бу ғалабани қўлга киритиш табиийки осон бўлгани йўқ. “Насаф” дарвозабони Абдувоҳид Неъматов энг яхши ўйинчига айланди. У “Пахтакор” футболчиларининг бир қанча хавфли зарбаларини бартараф қилди ва жамоасини голлардан сақлаб қолди.
“Сўғдиёна” – “Металлург” – 2:2. Энг яхши футболчи: Азиз Пирмуҳаммадов
Жиззахдаги оғир баҳсда жанговар 2:2 ҳисоби қайд этилди. Гарчи “Металлург”нинг мавсум бошидан буён ғалабасиз серияси давом этаётганига қарамасдан бу турда меҳмонда “Сўғдиёна”га қарши оғир учрашувда бир очкони қўлга киритди. Иккинчи даврада бекободликлар сафига қўшилган Азиз Пирмуҳаммадов жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган гол муаллифига айланди. Якунда эса у энг яхши футболчи номига сазовор бўлди.
“Бунёдкор” – “Андижон” – 2:0. Энг яхши футболчи: Темурхўжа Абдуҳолиқов
“Бунёдкор” бу турга келиб ниҳоят узоқ кутилган ғалабасига эришди. Учрашувни асосий таркибда жамоа сардори сифатида бошлаган тажрибали ҳужумчи Темурхўжа Абдуҳолиқов ўйиннинг энг яхши ўйинчиси бўлди. Гарчи у ҳужумчи бўлса-да, шу куни майдонда плеймейкерлик ишини аъло даражада уддалади. Жамоасининг ҳужумлари унинг ажойиб паслари орқали бошланди. Бир сўз билан айтганда. Абдуҳолиқов майдонда энг яхшиси бўлди.
ОКМК – “Навбаҳор” – 2:1. Энг яхши футболчи: Акром Комилов
Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМК бу турда мухлисларини яна хурсанд қила олди. Турнинг марказий тўқнашувларидан бири сифатида эътироф этилган ОКМК – “Навбаҳор” қарама-қаршилигида майдон эгалари 90+8-дақиқада киритилган гол эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозондилар. Қанот ҳимоячиси Акром Комилов шу куни бошқалардан ажралиб турди. У рақиб ҳужумларини бартараф қилишда ҳам жонбозлик кўрсатди ва жамоасининг ҳужумларини ташкил қилишда ҳам ўзини кўрсатди.
“Сурхон” – “Қизилқум” – 1:0. Энг яхши футболчи: Дмитрий Плетнёв
“Сурхон” Самарқандда “Қизилқум” жамоасига қарши учрашувда жуда муҳим уч очкони қўлга киритди. Термизликларнинг ғалабаси учун биргина гол етарли бўлди. Россиялик ярим ҳимоячи Дмитрий Плетнёв катта саҳнага чиқди ва якунда беллашув қаҳрамонига айланди. Майдондаги фаол ҳаракатлари эвазига рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар