Суперлигага ким лойиқ, ким нолойиқ?! Ғалабасиз жон сақлаб қолиш мумкинми?

Яна 4 турдан сўнг жорий йилдаги Суперлигамиз якун топади. Чемпионатнинг энг қизиқ жойи келди. Айниқса, барчани биринчи навбатда чемпионлик учун курашдаги интрига қизиқтиряпти. “Насаф”, “Навбаҳор” ва “Пахтакор” ўртасида аёвсиз “жанг” давом этаётганини кўриб турибсиз. Ҳаммаси охирги турга бориб ҳал бўлиши катта эҳтимол ва бу мухлислардаги қизиқиш ва ҳаяжонни янада юқори даражада ушлаб туради. Интрига ўзи шуниси билан роса қизиқ-да! Биз турнир жадвалидаги юқори учлик ҳақида бироз тўхталгандек бўлдик, холос. Одатда, чемпионатнинг шу пайтига келганда беихтиёр қуйи ўринларда бораётган клубларнинг тақдири нима кечаётгани ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотмасдан қолмайди.

Хўш, қуйида нима гаплар бўляпти? “Динамо” аллақачон тақдирга тан бериб бўлган-ов! Ҳисобида 9 очко билан охирги ўринда қолиб кетди. Олдиндаги 4 та турда деярли ҳеч ким Абрамов жамоасининг бирор-бир мўъжиза кўрсатишига ишонмаяпти. Шу пайтагача ҳеч бир натижани қойиллата олмаган “Динамо” қолган 4 та ўйинда нимадир қилишига ишоняпсизми? Ҳа, ҳали назарий жиҳатдан имконияти бордек кўриниши мумкин, лекин маълумот ўрнида шуни айтмоқчимизки, “Динамо” қолган барча ўйинларни ютган тақдирда очколари 21 та етади ва шунда ҳам “Локомотив” билан “Қўқон-1912” қолган ҳамма ўйинда мағлуб бўлса, “Динамо” плей-оффга илашиб қолиши мумкин. Суперлигада тўғридан-тўғри жон сақлаб қолиш имкониятидан маҳрум бўлиб улгурди.

динамо3_2

Суперлигадан про лигага 2 та клуб тўғридан-тўғри равона бўлса, 12-ўрин эгаси про лиганинг 3-поғонасини банд этган клуб билан плей-оффда ўйнайди ва ютгани келаси йили Суперлигада қатнашади. “Динамо” дастлабки омадсиз жамоага айланиб улгурди, деярли. Унга ким шерик бўлади? Мана шуниси анча қизиқроқ. Чунки бунга асосий даъвогарлар – “Сурхон”, “Локомотив” ва “Қўқон-1912”. Янада аниқроғ айтсак, “Локомотив” билан “Қўқон-1912” ўртасида асосий кураш кечадиганга ўхшаб турибди. Чунки қўқонликлар “Динамо”дан кейин 13-ўринда ва ҳисобида 18 очко бор. “Локомотив”да 20 ва “Сурхон”да 23 очко мавжуд. Термизликлар ўзларини бироз хотиржам ҳис қилаётган бўлсалар ажаб эмас. Мавсум бошида анча вақт аутсайдер ролини “ўйнаб” келди. Лекин клубдаги ўзгаришлар ўз самарасини беряпти. Аввалига узоқ йиллар “Қизилқум”ни бошқарган Ҳамиджон Актамов “Сурхон”да менежер сифатида иш бошлади. Кейин бош мураббий алмашди. Анхель Лопес ўрнига ёрдамчиси Мигель Алварес тайинланди. Натижа эса ўзини узоқ куттирмади. Ўтган турда “Сурхон” Жиззахда “Сўғдиёна”ни мағлуб этиб қайтди. Охирги тўртта ўйинниг 3 тасида ғалаба ва 1 тасида дуранг ўйнади. Дуранг қайд этилган ўйин “Пахтакор”га қарши баҳсда юз берди. Қизиқ, натижадаги бундай ижобий ўзгаришларнинг асосий сабабчиси Актамовми ёки Алварес? Ҳартугул, машғулотларда ва ўйинлар чоғида Алвареснинг ёнида Актамовни ҳам кўриб қоляпмиз-да! Эътиборлиси, кейинги турда Ҳамиджон Актамов ўзининг қадрдон, собиқ клуби – “Қизилқум”га қарши тўқнаш келади. Умуман айтганда, “Сурхон”нинг кейинги рақибларига тўхталсак, “Бунёдкор”, “Динамо” ва “Нефтчи”га қарши ўйнайди. Бу ерда сафарда ёки уйда деб ажратиб ўтирмадик. Боиси, “Сурхон” ўзи шундоқ ҳам ҳамма учрашувда меҳмон сифатида ўйнаб келяпти. Ҳали Термиздаги стадионига қайтгани йўқ. Шундай барқарорликни давом эттирса, жамоа албатта қолади. Хуллас, “Сурхон” энди бироз енгил тин оляпти.

сурхон лопес_1

“Локомотив”даги вазиятдан хабардорсиз. Сервер Жепаров бош мураббий сифатида “темирйўлчилар” билан 3 дуранг ва 3 мағлубият қайд этди. Ўз уйида “Олимпик” клубига имконият бой берилгач, Жепаров истеъфога чиқарилди. Мавсумни Денис Коростиченко билан бошлаб, натижалар у қадар ўхшамаганидан кейин унинг ўрнига айнан Сервер Жепаров тайинланганди. Энди шу рокировга қайтарилди. Денис Владимирович яна қайтди, бош мураббий лавозимига. Энди Мирко Йеличич билан мавсумни тугатиб қўйишади. Клуб кейинги турни “Пахтакор” майдонида ўтказади. Сўнг Тошкентда “Навбаҳор”ни қабул қилади. Жиззахда “Сўғдиёна” меҳмони бўлгач, мавсумни ўз майдонида “Металлург”га қарши учрашув билан якунлайди. “Локо” қийин вазиятга тушиб қолган. Коростиченко ва Йеличич тандеми қандай самара беришини кузатамиз.

жепаров1_1

“Динамо”дан кейин “Қўқон-1912” ҳам асосий номзодга айланиб қолди. Иккинчи давра бошидан Даврон Файзиев бош мураббий сифатида ишлаб келмоқда. Аммо ҳали у жамоаси билан ғалаба нималигини билмай келяпти. 6 дуранг ва 3 мағлубият қайд этилди. Тошкентда “Пахтакор”га йирик ҳисобда имконият бой берилгач, Қўқондан келган мухлислар Файзиевни танқид қилиб, унинг истеъфосини сўрашди. Кейинги турларда кимларга қарши ўйнайди? Ўз уйида “Сўғдиёна”, меҳмонда “Қизилқум”, Қўқонда “Бунёдкор” ва Самарқандда “Динамо”га қарши баҳс билан чемпионатни якунлайди. Даврон Файзиев жамоаси билан иккинчи даврани ғалабасиз якунлайдиган бўлса, у ҳолда про лигада кўрамиз. Барибир катта эҳтимол билан ҳаммаси охирги турга бориб ҳал бўлади. Унгача сиз билан бизга қайноқ интрига тақдим этилаверади.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!