Суперлигамизда футболчилардан кўра мураббийлар фаолми-а? Ёхуд тез орада янги бош мураббий тайинланади
Ёзги танаффусда футболчилардан кўра, мураббийлар билан боғлиқ ўзгаришлар жамоатчиликнинг кўпроқ эътиборини тортяпти. Биринчи давра мобайнида иккита, танаффус бошланиши биланоқ учта истеъфони кузатдик. Шу хусусида тўхталамиз.
“Нефтчи”: Илҳом Мўминжонов/Виталий Левченко
Мўминжонов “Нефтчи”да бир ярим йил ишлаганидан сўнг ўрнини Виталий Левченкога бўшатиб берди. Бунга сабаб бу йилги мавсумдаги салбий натижалар, албатта. Жорий мавсумда совринли ўринлар учун курашиши айтилган клуб биринчи даврадан кейин 14 та клуб орасида 13-ўринда! Ўтган йилнинг бошида “Нефтчи”га келганида у билан 4 йиллик шартнома имзоланганди ва катта мақсадлар ҳақида гап кетганди. Клубни Осиё Чемпионлар лигасига қайтаришгача бўлган йўлни босиб ўтиши белгиланганди. Албатта, жамоани кучлилар орасига қайтаришга эришдию, бироқ Суперлигада осон ўйинлар қолмаганди. Шу сабабли кўплаб ўйинларда очколарни йўқотди. Охир-оқибат биринчи давра тугаши биланоқ Мўминжонов истеъфога чиқарилди.
Тожикистон ва Украина фуқаролигига эга бўлган Виталий Григорьевични яхши биламиз. Тожикистоннинг “Истиқлол” клубида ўзининг “ташриф қоғози”ни қолдирган. Айниқса, ўтган мавсумда Осиё Чемпионлар лигасида қандай “ҳунарлар” кўрсатганини бутун Осиё кўрди. Анчадан бери Левченкони футболимизга қизиқиши бор эди ва чемпионатимизни кузатиб келарди. Ниҳоят, энди у ўзини Суперлигамизда синаб кўриш имкониятига эга. Қисқа фурсатдаёқ ундан натижа талаб қилиш ҳам воқеалар ривожига унчалик мос тушмаса керак. Ўзи шундоқ ҳам биринчи даврадаги салбий натижалардан кейин “Нефтчи” яна орқага кетди. Янги мураббий жамоани ўзининг услубига мослаштириши керак, таркибда айрим ўзгаришларга ҳам қўл уришга ҳаракат қиляпти. Раҳбарият у билан бежизга 1,5 йиллик шартнома имзоламаган. Левченкога асосий баҳони келаси йили берсак керак.
“Қўқон-1912”: Бахтиёр Ашурматов/Даврон Файзиев
Турнир жадвалида “Нефтчи”дан бир поғона юқорида “Қўқон-1912” жамоаси жой эгаллаган. Табиийки, у ерда ҳам биринчи даврадаги натижалар мухлисларини қувонтирадиган ҳолатда эмасди. Шу тариқа, Бахтиёр Ашурматовнинг Қўқондаги 2,5 йиллик фаолияти интиҳо топди. Мураббий яқинда Sports.uz сайтига берган интервьюсида истеъфоси ҳақида батафсил тушунтириш бериб ўтди. Унинг ўрнини ёрдамчиси Даврон Файзиев эгаллади. У Ашурматовдан қолишмайди ва шунга яраша кўникмага эга. Илгари ҳам Суперлига клубларини бошқарган. Охирги пайтларда асосан Бахтиёр Аъзамовичга яқиндан кўмаклашиб келаётганди. Таъбир жоиз бўлса, Файзиев мустақил равишда бош мураббийлик ишини соғиниб қолганди. “Қўқон-1912” ўзини кўрсатиш учун ажойиб имконият. Левченкодан фарқли ўлароқ, Файзиевга нисбатан қулайроқ. Негаки, олдиндан “Қўқон-1912”да ишлаб келяпти. Шу боис жамоадаги вазиятдан яхши хабардор.
“Пахтакор”: Славче Войнески/...
Биринчи даврани 12 та ўйинда 23 очко тўплаган ҳолда 3-ўринда якунлаган амалдаги чемпион – “Пахтакор”да ҳам бош мураббий ўзгартирилди. Мавсум бошида таклиф қилинган македониялик Славче Войнескининг иши афтидан раҳбариятни қониқтирмаган кўринади. Биринчи давра тугаши билан мутахассисга “чиқиш эшиклари” кўрсатиб қўйилди. Войнески истеъфога чиқарилганидан кейин Sports.uz сайтига катта интервью берди ва унда клубдаги фаолияти ҳақида батафсил тўхталган. Айни пайтда “Пахтакор”га янги бош мураббий тасдиқлангани йўқ, аммо оз қолди. Машғулотларни спорт директори Максим Шацких ўтказиб турибди. Балки иккинчи даврада айнан у бош мураббийлик лавозимини эгалласа бундан ажабланмаймиз. Биздаги маълумотга қараганда, яқин орада янги бош мураббий эълон қилинади.
Ёзги селекцияда асосан футболчиларнинг трансферларига кўниккандик, аммо бу сафар мураббийларнинг истеъфоси ва тайинлануви кўпроқ асосий ўринга чиқиб қолмоқда. Чемпионат бошидан бери яна бошқа мураббийларнинг ўзгаришига ҳам гувоҳ бўлдик. “Бунёдкор”да Шуҳрат Мақсудов ўрнини Виктор Карпенко, “Динамо”да эса Предраг Роган ўрнини Андрей Шипилов эгаллаган. Иккинчи давра юқоридаги мураббийлар учун жуда муҳим. Уларнинг вазифалари ҳар хил: лигада қолиш, ўз ўрнига эга бўлиш ва чемпионлик учун кураш...
Фикрлар