Суперлигани ким ташкил қилди? Қайси пуллар эвазига? Нега айнан ҳозир?

Суперлига нафақат Европа, балки бутун дунё футболи учун кутилмаган “бомба” бўлди, дейиш мумкин. Янги ташкил этилган турнирнинг президенти Флорентино Перес бўлди. Жоэль Глэйзер ("Манчестер Юнайтед") ва Андреа Аньелли ("Ювентус") президент ўринбосарлари этиб тасдиқланди. Улар мусобақани августда бошлашни режалаштирмоқда.

Нима бўлди?

Қитъанинг 12 та гранд клуби Суперлига ташкил этилишини эълон қилди. Янги мусобақа ташкил этишнинг асосий сабаби, улар ўз даромадларини камбағал жамоалар ва УЕФА билан бўлишишни истамайди.

УЕФА эса янги турнирга киришга розилик билдирган клубларни барча ички ва халқаро мусобақалардан четлатилиши, бундан ташқари ушбу клубларда тўп сураётган футболчилар терма жамоаларда ўйнай олмаслиги ҳақида маълум қилди.

Ташаббускор ким?

Флорентино Перес ва Андреа Аньелли. Италиялик функционер нафақат "Ювентус" президенти, балки 246 футбол клуби манфаатларини ҳимоя қилувчи Европа клублари ассоциацияси (ECA) раҳбари сифатида ҳам ишлайди. "Реал" Мадрид президенти Флорентино Перес янги турнирнинг президенти бўлди. Унинг ўринбосарлари сифатида Жоэль Глейзер ("Манчестер Юнайтед") ва Андреа Аньелли қайд этилди.

Пересда ишонтириш қобилияти шу қадар кучлики, ҳатто Хосеп Бартомеу (“Барселона”нинг собиқ президенти) ҳам унинг гапларига осонгина ишонган. Ла Лига президенти Хавьер Тебас бу борада шундай деди:

“Менимча, Бартомеу Флорентино Перес томонидан юборилган. Ушбу лигани яратиш ҳамиша "Реал" президентининг орзуси бўлган. У бу лойиҳа устида узоқ вақт ишлаган, шунинг учун бу янгилик эмас. Илгари “Барселона” Ла Лига, УЕФА ва ФИФА билан ишлашда ўз фикрига эга эди. Аммо сўнгги 3 йилдан буён улар “Реал”нинг ҳаракатларини такрорламоқда.”

Кимнинг пуллари эвазига?

Маълум бўлишича, бош ҳомий машҳур JP Morgan банки бўлади. Улар лигага 4,6 миллиард фунт сармоя киритишга тайёр. Банк ўз маблағларини трансляция ҳуқуқларини сотишдан ва келажакдаги бошқа даромадлардан қайтаришни режалаштирмоқда.

Суперлигани, шунингдек, стартаплар ва ёш лойиҳаларни барпо этадиган Key Capital Partners компанияси ҳам қўллаб-қувватлайди. KCP етарли маблағга эга эмас. Улар 2007 йилдан бери 100 миллион фунт сармоя киритган холос. Аммо компания янги ҳомийларни жалб қилиши мумкин.

Corriere dello Sport нашри хабарига кўра, DAZN телевизион ҳуқуқлар учун 3,5 миллиард евро тўлашга тайёр. Аммо компаниянинг ўзи ҳозирча бу хабарни инкор этмоқда (Reuters).

Суперлигага асос солган топ-15 та клуб ривожланиш учун умумий ҳисобда 3,1 млрд фунт олади (ҳар бир жамоа 89 миллиондан 310 млн фунтгача олиши мумкин). Улар ушбу маблағларни ўз стадионларини таъмирлашга, машғулот базаларига ёки Covid-19 туфайли чипталар савдосидан кўрилган зарарларни қоплашга сарфлаши мумкин.

Формат қандай бўлади?

Режага кўра, Суперлига 20 та клубдан иборат бўлади. Жамоалар 10 тадан иккита гуруҳга бўлинади ва уй-сафар тизимида ўйинлар ўтказади. Шунда ҳар бир иштирокчи клуб учун 18 та ўйин ўтказиш кафолатланади. Чемпионлар лигасининг янги форматида эса бу кўрсатгич 10 тани ташкл этади. Янги ташкил этилган Суперлига жорий йилнинг августида бошланиши режалаштирилмоқда.

Учрашувлар ҳафта ўрталарида (Чемпионлар лигаси ўрнига) ўтказилади, шу сабабли жамоалар ўз чемпионатларида ҳам ўйнашлари мумкин, агар УЕФА уларни бу ҳуқуқдан маҳрум этмаса, албатта.

Гуруҳдан энг яхши натижа қайд этган 3 тадан жамоа кейинги босқичга чиқади.  4- ва 5-ўринларни эгаллаган клублар эса кейинги босқичга чиқиш учун ўзаро плей-офф ўйинида иштирок этади. Чорак ва ярим финал баҳслари одатдагидек уй-сафар тизимида ўтказилади. Финал учрашуви эса май ойи охирларида нейтрал майдонда бўлиб ўтади.

Ташкилотчилар эркаклар ўртасидаги Суперлигани кейинчалик ҳудди шу форматда аёллар ўртасида ҳам ўтказишни режалаштирмоқда.

Кимлар рози?

12 та клуб: "Манчестер Юнайтед", "Ливерпуль", "Манчестер Сити", "Арсенал", "Челси", "Тоттенхем", "Барселона", "Реал", "Атлетико", "Интер", "Милан" ва "Ювентус".

"Барселона" учун қарорни собиқ президент Хосеп Бартомеу қабул қилган. У ўз лавозимидан кетишга бағишланган матбуот анжуманида Суперлигага қўшилиш ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган эди:

“Мен сизга ғайриоддий янгиликларни айтиб беришим мумкин. Кеча биз клубнинг келажакдаги молиявий барқарорлигини кафолатлайдиган бўлажак Европа Суперлигасида иштирок этиш таклифини ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг янги форматини қабул қилдик."

Кимлар рад этди?

Ҳа, "Боруссия Дортмунд", "Бавария" ва ПСЖ бу ғояни қўллаб-қувватламагани аниқ. The Athletic ва The New York Times нашрларининг ёзишича, немис клублари ҳозирги тузилма ва қадрдон мусобақадан воз кечишни хоҳламаган.

Аммо ПСЖни ушбу мусобақага жалб этиш янада қийинроқ. Биринчидан, парижликлар бундай мусобақада фақат бой жамоалар иштирок этмаслиги керак, деб ҳисоблашади. Иккинчидан, ПСЖ президенти Носир Ал-Хелайфи УЕФА директорлар кенгашида фаолият юритади. Бундан ташқари у “beIN Media Group”ни бошқаради. Қатар телекомпанияси Чемпионлар лигаси учрашувларини трансляция қилиш учун УЕФАга миллионлаб пул тўлаган.

Нега айнан ҳозир?

Дастлаб Чемпионлар лигасининг янги формати март охирида тақдим этилиши керак эди, аммо керакли санага қадар УЕФА Европа клублари ассоциацияси (ECA) билан келишувга эриша олмади.

Европа клублар ассоциацияси УЕФАнинг клуб мусобақалари қўмитаси билан бўладиган йиғилишдан бир кун олдин улар ҳали ҳам ўзаро келишувга эриша олишмаганини маълум қилди. Гап шундаки, топ-клублар кўпроқ кучга эга бўлишни, шунингдек, тижорат ва трансляция ҳуқуқларини сотишда фаол иштирок этишни хоҳлайди.

УЕФА ва Суперлига ҳақида нима дейиш мумкин?

УЕФА, Испания, Англия, Италия федерациялари ва Суперлигага қўшилишга розилик билдирган инқилобчиларни катта можаро кутмоқда.

Sky Sport Italia тарқатган хабарга кўра, УЕФА Суперлигада иштирок этадиган ҳар бир клуб ва ҳар бир футболчини ўз мусобақасидан четлатиш ниятида. Бундан ташқари, УЕФА ушбу клубларга нисбатан 50-60 миллиард евро миқдорида даъво аризаси билан мурожаат қилмоқчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!