Суперлиганинг ҳамма клуби ноқулай, "Бунёдкор"дан ўтамиз, бизга ўзи "Насаф" етишмаётганди - қуръадан кейинги фикрлар
Бугун Ўзбекистон Кубоги 1/8 финалига қуръа ташланганидан хабардорсиз. Ушбу босқичда сиз билан бизни қизиқарли жуфтликлар кутиб турибди. “Локомотив” – АГМК, “Қўқон-1912” – “Сурхон”, “Бухоро” – “Металлург”, “Қизилқум” – “Бунёдкор”, “Пахтакор” – “Сўғдиёна”, “Андижон” – “Насаф”, “Оқ-тепа” – “Навбаҳор” ва “Машъал” – “Шўртан” ўртасида ўтадиган учрашувлар умид қиламизки, кутилганидан-да, шиддатлироқ ўтади. Биз эса қуръадан кейин айрим мураббийларнинг фикрлари билан қизиқиб кўрдик.
Асрор Алиқулов (“Шўртан” бош мураббийи):
- Асрор Чориевич, қуръа “Шўртан”га “Машъал”ни рўбаро қилди. Бу ҳақида нима дейсиз?
- Нима дейиш мумкин? Биласиз, асосий эътиборимизни про-лигага қаратганмиз. Аввало ушбу мусобақадаги ўйинларимизни ўтказиб олганимиздан кейин орада бироз вақтимиз бўлади. Ана шунда Ўзбекистон Кубоги учун тайёргарлик кўрамиз. “Машъал”га қарши ўйинга келсак, бу Қашқадарё халқи учун дерби, мухлисларга жуда қизиқарли. Биз ишқибозларга ёқадиган ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Футбол биринчи навбатда мухлислар учун. Дербининг шиддатли ва ҳужумкор ўтишига қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Суперлига клубига муносиб қаршилик кўрсатишга астойдил курашамиз.
- Рақиб ноқулай эмасми?
- Про-лига жамоаси учун Суперлиганинг барча клублари ноқулай. Барибир уларнинг савияси ҳамда футболчиларининг маҳоратию, ижроси бўйича бизникилардан устун. Шу боис Суперлига жамоаларига қарши курашиш қийин бўлади. Шунга қарамай, максимал даражада ҳаракат қиламиз. Про-лигада иштирок этсак-да, “Машъал”га қарши жиддий тўп суришга интиламиз. Чунки мухлислар ўша куни стадионга чиройли футбол кўргани келадилар.
Ҳамиджон Актамов (“Қизилқум” бош мураббийи):
- “Қизилқум” “Бунёдкор” билан ўйнайдиган бўлди. Жуфтлик ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ким рақиб бўлишидан қатъи назар ҳамма билан ўйнаймиз. Лекин бу ўйиннинг сафарда ўтгани яхшироқ бўлармиди?! Барибир уйдан кўра, меҳмонда тўп сурган осонроқ-да (кулади). Майли, уйимизда ҳам ўйнайверамиз. Фарқи йўқ.
- Кубок мусобақасида “Қизилқум”нинг асосий вазифаси қандай?
- Кубокдаги мақсадимиз ҳам юқори қўйилган. Мусобақанинг охиригача етиб боришга ҳаракат қиламиз.
- Вадим Абрамовнинг “Бунёдкор”дан ташқари миллий терма жамоамизнинг ҳам устози эканлиги мазкур учрашув олдидан сизларга янада руҳланиш учун қўшимча мотивация бағишлайдими?
- Менга ҳеч қанақа мотивация бермайди. Мавсумнинг охири, ҳаммаси бир хил, рақиб “Пахтакор” бўладими ёки “Бунёдкор”ми, фарқи йўқ. Ҳамма рақибни биз учун кучли, деб ҳисоблаб келамиз.
- Яқинда Нестеров билан Абрамовнинг ўртасида совуқчилик бор, деб айтгандингиз. Бу ҳам улар учун ўзига яраша қарама-қаршилик бўлади, деб ўйлайсизми?
- Йўқ, бу спорт-ку. Ҳамма ўзининг профессионал ишини қилади. Адоват ёки бошқаси энди бунга тааллуқли эмас. Абрамов ҳам, Нестеров ҳам профессионал. Майдонда ҳамма ўз ишини қилади. Худо хоҳласа, Кубокда “Бунёдкор”дан ўтамиз деб умид қиламан.
Отабек Ғуломхўжаев (“Андижон” бош мураббийи):
- Қуръа ҳақида нималар айта оласиз?
- Қуръа ташлаш маросимини охирларига етиб келдим. 5-6 та клуб қолган экан. Жуфтликларни ўзим ҳам дафтарчамга ёзиб келаётгандим. “Андижон”га “Насаф” тушганидан сўнг, ёрдамчиларимга ҳам айтдим, Худо бизга чиройли синов юборяпти. Мана, чемпионатимиздаги рақибларимизга қаранг, “Қўқон-1912” 4-ўринда, АГМК 3-ўринда, “Пахтакор” эса 1-ўринда. Кўряпсизми, орада битта “Насаф” қолиб кетганди. Энди тўртта юқори савиядаги мураббийлар билан ҳам беллашамиз. Тўғриси, ҳозир Кубок ҳақида ўйлаётганим йўқ. Бу менга қизиқ эмас. Биринчи навбатда чемпионат доирасида “Машъал”га қарши ўйинга тайёрланяпмиз. Ундан кейин АГМК, “Қўқон-1912” ва “Пахтакор” билан ўйнаймиз. Бор эътиборимиз жамоамизни Суперлигада сақлаб қолишга қаратилган. Албатта, Кубок беллашувига ҳам барибир жиддий тайёргарлик кўрамиз, бу аниқ. Бунинг устига ўз уйимизда ўйнаймиз. “Насаф”нинг қандай кучга эгалигини биламиз. Максимал даражада узоқроққа боришга ҳаракат қиламиз. Мана, бугун “Навбаҳор”га қарши ўртоқлик учрашувида ўйнадик. Бу ўйин хатоларимизни кўриб олиш учун ташкил қилинди. Натижа бизга керак эмас, йигитларга мен кўришни хоҳлаётган футбол кераклигини айтдим. Чемпионатимизда турдан-турга қўшиб борсак, “Насаф” билан баҳсга яхши формада етиб келамиз.
- Қуръада қайси рақибни кутгандингиз?
- Очиғи, бизга “Навбаҳор” тушса керак, деб ўйлагандим.
- Чемпионатни ҳамма ҳар хил тугатиши мумкин. Шундан кейин Кубок бошланади ва бунга футболчиларни яна руҳлантириш оғир кечмайдими?
- Кубокдаги учрашувга тайёргарлик чемпионатимиздаги мана шу тўртта ўйин орқали бўлади. Суперлигамизда танаффус бўлгани туфайли футболчилар етарлича дам олди. Икки ҳафта давомида уларни максимал даражада тайёрлаб боряпмиз. Кўп нарса руҳиятга ҳам боғлиқ. Агар тўртта беллашувни кўтаринки кайфиятда ўтказа олсак, бу Кубокдаги беллашувга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Фикрлар