Супернокаутчи Бектемир бугун тунда жанг қилади!

  • 30 октябрь, 2020, 07:25
  • 2
  • Бокс

Тошкент вақти билан 30 октябрдан 31 октябрга ўтар кечаси АҚШнинг Индио  шаҳрида Бектемир Мелиқўзиев профессионал рингдаги олтинчи жангини ўтказади.

Бу гал ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси мексикалик нокаутчи Алан Кампа билан вакант бўлган World Boxing Organisation Inter-Continental чемпионлик камари учун рингга чиқади. Жанг ўн раунд қилиб белгиланган.

28 ёшли Алан Кампа профессионал рингда 22 марта жанг ўтказиб, катта тажриба тўплаган. У ўзи ғалаба билан якунлаган 17 та жангдан 11 тасида рақибларини нокаутга учратган. Беш маротаба мағлубият аламини татиб кўрган. Холис айтганда, мексикалик панчер бешта мағлубиятидан тўрттасини енгилмас боксчилар – Сергей Деревянченко, Жесси Харт, Дмитриус Баллард ва Эрик Базиняндан қабул қилиб олган. Яна бир аламли натижа Хосе Пинзон билан жангда қайт этилган.

Алан Кампанинг Бектемирдан асосий устунлиги сифатида профессионал рингдаги бой тажрибага эга экани айтилмоқда. Шунингдек, мексикалик боксчи кучли зарба соҳиби ҳисобланади ва бир пайтлар ўз вазнида энг зўр жангчилардан бўлган. У зарбани яхши кўтарадиган боксчилардан. Алан фаолиятида икки марта техник нокаут билан мағлуб бўлган, лекин ҳеч қачон чуқур нокаут ҳолатига тушмаган. Белажак беллашувда унинг ғалабасига ишонаётганлар ҳам оз эмас.

unnamed_(1)

Профессионал боксга 2019 йилда ўтган Бектемир Мелиқўзиев шу кунгача бешта жангда зафар қучди. Тажрибали рақибларга қарши рингга кўтарилган ҳамюртимиз тўртта тўқнашувни муддатидан олдин якунлаган ва 10 раунд давом этган битта жангда америкалик Александр Ваухни очколар ҳисобида енгиб, вакант турган World Boxing Association Continental Americas камарини қўлга киритган.

Ушбу баҳс олдидан аксарият мутахассислар ўзбек боксчисининг имкониятини юқори баҳоламоқда. Уларнинг таъкидлашича, Бектемир бақувват гавда тузилиши ва тезкорликка эга. Унинг чапақайлиги рақибга ноқулайлик туғдиради. Ўнг қўл зарбаси ҳам нокаутга туширадиган даражада кучли. Жисмоний устунликлари кучли техникаси билан уйғунлашиб кетган. Оёқ ҳаракатлари енгил ва чаққон. Кутилмаган зарбалари билан рақибни довиратиб қўяди.

Бектемир Мелиқўзиев хориж оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларидан бирида жанг услуби рақибнинг тана қисмига кучли зарба беришга асосланганини яширмади.

- Болалигимдан муштим кучли эканини яхши биламан. Турли даражадаги жанглар, спарринглар ва машғулотларда тахминан 500 кишини тана қисмига берилган зарбалар орқали нокаут қилганман, - дейди Бектемир Мелиқўзиев.

0jb7OB-scwUTxH3eiT1TNAzoKK7TbsDi

Бектемир 76 килограмм вазн тоифасида энг кучли профессионал боксчилардан бири сифатида жаҳон чемпионлигини мақсад қилган. Маълумотларга қараганда, унинг промоутерлари келаси йили WBA ёки WBO йўналишида чемпионлик жангини ташкил этишга ҳаракат қилади. Бунинг учун  Мелиқўзиев рейтингда имкон қадар юқорига кўтарилиши керак.

Айни пайтда ҳамюртимиз жаҳон рейтингида 35-поғонада қайд этилган. Бу вазнда кучли қирқталикка кирган боксчилар орасида Бектемир энг кам жанг ўтказиб, кўп рейтинг очко қозона олган ягона чарм қўлқоп устаси ҳисобланади. Рейтингнинг юқори қисмидан жой олганларнинг барчаси 11 тадан 55 тагача учрашувда рингга чиққан.

Бектемир Мелиқўзиев ҳаваскор боксда ҳам муваффақиятли фаолият олиб борган. У Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори, жаҳон вице-чемпиони ва икки карра Осиё чемпиони бўлган.

Бектемир Мелиқўзиев ва Алан Кампа жангига доир энг сўнгги янгиликлар ва тафсилотларни сайтимиз орқали кузатиб боринг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Kind Prince
30/10/2020 09:23
Омад тилаб коламан
Nodirbek Nafasov
30/10/2020 09:07
soat nechida ekan boks