
Супертўпурар: Мени кутманглар, қайтмайман!
“Бавария” ҳужумчиси Ҳарри Кейн Европа матбуотида ўзини ёзда Англияга қайтиши ҳақида тарқатилаётган хабарларга муносабат билдирди.
Айниқса, Англия оммавий ахборот воситалари 31 ёшли ҳужумчи фаолиятининг сўнгги босқичини ўз мамлакатида ўтказиб, тўпурарлик бўйича Алан Ширернинг рекордини янгиламоқчи экани ҳақида бонг ураётган эди.
- Менинг Англияга қайтишим ҳақида турли маълумотларга дуч келишингиз мумкин, бироқ мен бор эътиборимни “Бавария”га қаратганман. Бунақа миш-мишлар қаердан чиқишини билмайман. Мен Мюнхеннинг “Бавария”сида ўзимни бахтиёр ҳис қиляпман, - деди Ҳарри Кейн.
Кейн катта футболга 2010 йили “Тоттенхэм”да қадам қўйган. Орада ижара асосида “Лейтон Ориент”, “Лестер”, “Миллуолл”, “Норвич”да тўп тепган. 2013 йилдан “Тоттенхэм”нинг асосий таркибида мунтазам ўйнаб келган. Шунга қарамай, бирорта совринга эга чиқмаган.
Замонавий футболнинг энг зўр тўпурарларидан бири 2023 йилнинг ёзида совринлар илинжида “Бавария”га ўтди. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзигача давом этади.
Фикрлар