Терма жамоадаги иши, Минскдаги ёқимсиз натижалар ва истеъфо! Ёхуд Азамат Абдураимов омадсиз мураббийми?

Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида бош мураббий ўзгартирилди. Бунга қадар ушбу лавозимда ишлаб келган Азамат Абдураимов истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига эса Олим Шокиров тайинланди. Бунга сабаб сифатида терманинг Белоруссиядаги халқаро турнирда муваффақиятсиз иштирок этганини айтиш мумкин.

“Ўз ишимни сидқидилдан бажардим”

2018 йилдан бери ўсмирлар термасида ишлаб келган мутахассис жамоани Осиё чемпионатининг финал босқичига олиб чиққанди. Лекин унга ҳал қилувчи расмий мусобақада ишлаш насиб қилмайдиган бўлди. Шу муносабат билан Абдураимов билан боғландик. Азамат Биродарович эса аввало терма жамоада олиб борган ишлари ҳақида фикр билдириб, янги мураббийга ҳам омад тилади.

- Терма жамоада зиммамдаги вазифани чин дилдан бажаришга ҳаракат қилдим, - дея гап бошлади, Абдураимов. - Мен буни ҳар қандай кишининг кўзига тиқ боққан ҳолда айта олишим мумкин. Терма жамоага бирор-бир кишининг тавсияси билан ўйинчи чақирганим йўқ, бу масалада бошқалардан тилим қисиқ эмас. Ўйлайманки, бундай терма жамоа биринчи марта ҳаққоний тарзда ташкил қилинди. Яна қайтараман: мен ўз ишимни сидқидилдан бажардим. Афсуски, термани жаҳон чемпионатига олиб чиқиш насиб этмади. Терма жамоанинг янги бош мураббийи Олим Шокировга эса фақат муваффақиятлар тилаб қоламан. У билан муносабатимиз жуда яхши йўлга қўйилганди. Олим биз билан сафарларга чиқар, турнирлардаги ўйинларни бирга кузатардик. Терма жамоанинг ўзагини асосан “Пахтакор” ўйинчилари ташкил этади. Бу клубни яқиндан биладиган мутахассиснинг терма жамоага бош мураббий этиб тайинланиши айни муддаодир. У биз бошлаган ишни муносиб давом эттира олади. Қолаверса, жамоада катта мураббий Сергей Арслонов ҳам ишлашда давом этади. Терма жамоа таркиби деярли шаклланиб бўлган, фақат айрим жиҳатларга ишлов бериш кифоя қилади. Олдинги берган интервьюларимда ҳам терма жамоа ўйинида бироз камчиликлар йўқ эмаслигини яширмасдан айтганман. Айниқса, ҳимоя чизиғида жуда кўплаб хатоларга йўл қўйгандик. Тўғри, ўшанда таркиб ҳали тўлиқ шаклланишга улгурмаган, футболчилар қандайдир хаяжон ва ҳадик билан тўп суришарди. Бизга қадар Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионатининг финал қисмига чиқа олмаганди. Биз учун чиройли ўйиндан кўра натижа муҳимроқ ҳисобланарди. Боз устига шундан келиб чиққан ҳолда ишқибозлар ҳам биздан очиқчасига норози бўлишга тушгандилар. Аммо бизга чиройли ўйиндан кўра натижа муҳим аҳамият касб этганлигини яна таъкидлаб ўтган бўлардим. Бунинг самараси ўлароқ биз финал босқичи йўлланмаларидан бирига эга чиқдик. Баҳрайнда бўлиб ўтадиган қитъа чемпионати учун ҳали анча бор. Шу вақт ичида терма жамоанинг янги устози анча ишни амалга оширишга бемалол улгура олади. Асосийси, бунинг учун вақт етарли.

Азамат Абдураимов

“Ушбу термани ишончли қўлларга топширяпман”

Шу ўринда терма жамоамизнинг Белоруссиядаги ўсмирлар ўртасида ташкил этилган халқаро мусобақадаги иштирокига ҳам тўхталиб ўтсак. У ерда жамоамиз мезбонлардан ташқари Финляндия, Бельгия ва Исландияга қарши баҳс олиб борди. Бироқ Минскдаги турнирда вакилларимиз 8 та жамоа орасида охирги ўринни эгаллади. “В” гуруҳида иштирок этган ён қўшнимиз – Тожикистон эса финалгача етиб боргани эътиборга молик. Хўш, у ерда Абдураимов жамоаси нима сабабдан муваффақиятсиз иштирок этди? Ўз навбатида мутахассис бу масалага ҳам ўз фикрини билдириб ўтди.

- Афсуски, менга жамоа билан финал босқичида иштирок этиш насиб қилмайдиган бўлди. Шунинг баробарида кўнглимнинг бир четида мана шундай умид бор: жамоа ишончли қўлларда, ҳаммаси яхши бўлади. Яна қайтараман: терманинг ўйинидаги айрим жиҳатлар устида ишлаш, унга сайқал бериш кифоя. Муҳими, асосий таркибнинг ўзаги шаклланиб бўлган. Йигитлар бир-бирларини яхши тушунишади. Минскда ташкил этилган турнирга келсак, майдон эгаларига қарши кечган баҳсда ўйинимиздаги ўша баъзи камчиликлар кўзга ташланиб қолди. Шунинг ҳисобига белоруслар барча жабҳада биздан устун келишди. Устига-устак стадионнинг маҳаллий ишқибозлар билан тўлиб-тошгани ҳам йигитларимизга акс таъсир ўтказмасдан қолмади. Улар илк дақиқалардан ҳаяжонланиб тўп суришлари эвазига тезкор голни ўтказиб юбордик. Хуллас, ўша беллашувда 1:4 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Қолган учта учрашувда жамоамиз мағлубиятга учраган бўлса-да, ўзидан ёмон таассурот қолдирмади. Айниқса, финляндияликларга қарши беллашувда йигитларимизнинг ҳаракати менга жуда ёққанди. Қўшимчасига биз ўша ўйинларда рақибларга йирик ҳисобда ютқазмадик. Турнир ниҳоясига етганидан кейин “БАТЭ” академиясининг битирувчиларидан иборат жамоа билан ўртоқлик учрашувини ўтказиб, 4:1 ҳисобида зафар қучдик. Эътиборлиси, жамоалар таркибидаги футболчиларнинг ёши ўртасидаги фарққа қарамай, мана шундай натижа қайд этдик. “БАТЭ” академиясининг ўринбосарлари ўз тенгқурлари орасида чемпион саналишарди. Биз эса уларни доғда қолдирдик. Яна шуни айтишим керакки, уларга қарши ўйин ўтказилган майдоннинг ҳолати яхши эмасди. Шунга қарамасдан йигитларимиз муносиб тўп суришди. Мусобақа давомида бельгияликларга қарши анча вақт бир ўйинчи кам бўлиб тўп суришимизга тўғри келди. Лекин биз ўша беллашувда ҳам ёмон таассурот қолдирмадик. Тан олиш керак, биз осиёликлар европаликлардан анча ортдамиз. Ўтган йили Москвада ташкил қилинган турнирда муносиб қатнашиб, якунда иккинчи ўринни банд этганмиз. Ўшанда серблар устидан ғалаба қозонгандик. Биз мусобақада ғолиб чиққан туркларгагина ютқазганмиз холос. Умуман айтганда, терма жамоамиздаги йигитларда характер бор. Эҳтимол, таркибимизда жарангдор номларга эга футболчилар бўлмагандир, лекин йигитлар яхлит жамоа сифатида майдонда ёмон кўринишмаган. Асосийси, термадаги муҳит худди оиладаги каби юзага келганди. Бу йигитлар билан астойдил ишлаш керак. Улар келажакда албатта янада зўр футболчи бўлиб етишадилар. Мураббийлар штаби вакилларига эса қитъа биринчилигида муносиб иштирок этишни-ю, бунинг самараси ўлароқ жаҳон чемпионати йўлланмаларидан бирига эга чиқишларини чин дилдан тилаб қоламан. Ушбу терма жамоани ишончли қўлларга топширяпман. Мураббийлар деярли шаклланган жамоани қабул қилиб олдилар.

азамат абдураимов5

“Мен ҳам етакчи клубларда ишлаганимда юқори натижаларга эриша олардим”

Азамат Абдураимовнинг мураббийлик фаолиятига эътибор қилсак, негадир унинг бу борадаги ишлари кўнгилдагидек кечмаганини кўриш мумкин. Албатта, унинг ўзбек футболида тутган ўрни катта, бунга гап бўлиши мумкин эмас. Қолаверса, қандай футболчи бўлганлигини ҳам барчамиз яхши биламиз. Умуман олганда, Абдураимовлар сулоласи сифатида Азамат ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бироқ кейинчалик ўзини мураббийликка бағишлаганидан бери футболчиликдаги каби бирор эсда қоларли ютуққа эриша олмай келмоқда. Унинг бунгача “Динамо” ҳамда “Андижон”да бош мураббийлик қилганини яхши биламиз. Кейин эса Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини бошқарди. Гарчи қўл остидаги жамоани Осиё чемпионатига олиб чиққан бўлишига қарамай, ўз ишини охиригача етказиб қўйиш унга насиб этмади. Бўлиб ўтган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, гўёки у омадсиз мураббийдек кўринади. Балки ундай эмасдир, балки бунинг ўзига яраша сабаблари бордир. Ушбу масала бўйича Азамат Абдураимовга юзланганимизда қуйидагича муносабат билдирди.

- Нима десам экан, ўзим бошқарган жамоаларда таркибда кўришни истаган футболчилар билан ҳамма вақт ишлаш имкониятига эга бўлмаганим ҳам бунинг сабабларидан биридир. Мен “Динамо” билан “Андижон” клубларини бошқарганман. “Андижон”даги фаолиятимда дастлаб клубни биринчи лигадан олий лигага олиб чиқишга эришганман, тўғрими? Лекин аксига олиб олий лигада жуда ёмон старт олганмиз. Бунга эса таркибга ўзимиз истаган футболчиларни жалб қила олмаганимиз сабаб бўлган. Тўғри, мураббий сифатида бунда менинг ҳам айбим бор. Мен Бабаяндан фарқли равишда ўз хатоларимни тан олишни биламан. Натижалар салбий кўриниш ҳосил қилганидан кейин ўз хоҳишимга биноан ишдан бўшадим. Аммо бу менинг ёмон мураббий эканлигимни англатмаса керак. Нокамтарликка йўйманг-у, ўзимни яхши мутахассис деб ҳисоблайман. Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини олиш мумкин. Биз катта кўламдаги ишларни амалга ошира олдик. Икки йил давомида турли йиғинларда 50 дан зиёд футболчиларни кўрикдан ўтказиб, энг муносибларини жамоада олиб қолдик. Иш жараёнида турли жойларга бориб термага номзод ўйинчиларни қидирдим, селекция билан шуғулландим. Бундан ташқари, мини-футболда “Ардус” билан ишлаганман. Биз ўшанда чемпион бўлгандик. Мураббий сифатида ўзимга ишонаман. Агар менда “Пахтакор” ёки у сингари етакчи клублардан бирида ишлаш имкони туғилса, ўйлайманки, албатта юқори натижаларга эриша оламан. Буниси энди бутунлай бошқа тарихга айланган бўларди. “Андижон”даги фаолиятим туфайли Абдураимов лаёқатсиз мураббий, дея ўйлайдиганлар ҳам етарлича топилади. Лекин шундай фикрлайдиганлар Самарқандда муносиб иш олиб борганимни негадир эсга олгилари келмайди. Биз ўшанда жуда яхши клубни ташкил эта олганмиз. “Динамо” қуйи лигага ҳам тушиб кетмаганди. Шунчаки, раҳбарият билан чиқиша олмасдан қолганим туфайли кетишга қарор қилганман. Эсингизда бўлса, “Динамо”даги фаолиятим давомида “Локомотив”ни 5:0 ҳисобида ютганмиз. “Локо” таркибида эса тажрибали Филимонов дарвозани қўриқлаганди. Таркибда жуда яхши ижрочиларимиз бўлган. Масалан, Баҳодир Насимов кейинчалик терма жамоага чақирилганди. Ёки бўлмаса Салим Мустафоевни олиш мумкин. Самарқандлик ишқибозларнинг бирортаси менга нисбатан бирор марта ҳам танқидий фикр билдиришмаган. Самарқанддаги ишимда умуман парокандалик бўлмаган, шунчаки мутасаддилар билан келиша олмай қолганим учун жамоадан кетишни маъқул топганман. Ҳа, тан оламан, “Андижон”даги фаолиятим жуда қониқарсиз чиққан. Ҳар бир мураббийда яхши ва бунинг акси ўлароқ фаолиятида ёмон даврлар кузатилмасдан қолмайди. Жумладан, мен ҳам бундан мустасно эмасман. Лекин бу билан ўзимни ёмон мураббийга чиқариб қўймоқчи эмасман. Футбол – ҳаётимнинг мазмуни. Ҳаётимни ушбу ўйинсиз асло тасаввур қила олмайман.

“Очиғи, воқеалар ривожи бундай тус олишини кутмагандим”

Хуллас, бўлар иш бўлиб ўтди. Энди ҳеч нимани ортга қайтариб бўлмайди. Ҳаёт эса давом этмоқда. Балки Абдураимовда йўл қўйган хато ва камчиликларидан тегишли хулоса чиқариб олиш имконияти туғилгандир. Лекин боя ўзи айтиб ўтганидек, ўзини тўлиғича футболга бағишлаган. Ундан кейинги режалари қандай бўлиши ҳақида сўраганимизда шундай жавоб қайтарди:

- Очиғини айтсам, воқеалар ривожи бундай тус олиши мумкинлигини кутмагандим. Ҳозир эртанги кун режаларим хусусида бирор тайинли гап айтишга қийналаман. Аввало, яқин бир ой яхшилаб дам олишим керак. Шундан кейин вариантлар устида ўйлашим мумкин. Ўзингиз кўриб турибсиз, янги мавсум эшик қоқмоқда. Ҳар бир жамоада ўз мураббийи бор ва бундай пайтда иш топиш анча қийин бўлади.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davron Jenjayev
16/02/2020 20:47
maqilani uqimadim Azamat abdurayimov zur fudbolch lekn murabbiy sifatida 000%
&
Azalshoh
16/02/2020 19:41
Azamat Abduraimov Osiyo o'yinlari -94 qahramoni!Janubiy Koreya va Gonkongga ajoyib gollar urgan edi!
&
Azalshoh
16/02/2020 19:40
Azamat Abduraimov Osiyo o'yinlari -94 qahramoni!Janubiy Koreya-O'zbekiston va Gonkongga ajoyib gollar urgan edi!
&
ОЗИМИЗ
16/02/2020 17:54
Кимга канака билмадим хеч качон мурабиликни эплай олмаган азамат пули коп болса хусусий болар футбол мактаби очсин корамиз ошанда болаларни кандай сартировка килиб олади
Ibrohim Kuziev
17/02/2020 09:36
Azamat Abduraimov bolarni talay olmaydi minimcha yanada kup ishash kerak bilimini oshish kerak va bolani nasaf klubidan kupaytish ketak
Ibrohim Kuziev
17/02/2020 09:37
kerak