
Терма жамоамизнинг собиқ футболчиси: "Эронни ноқулай рақиб дея олмайман, Машарипов кучли футболчи, аммо битта ўйинчига қараб қолмаслигимиз керак"
25 март куни миллий терма жамоамиз "ЖЧ-2026" саралаши йўлида Теҳронда Эронга қарши жуда муҳим ўйинни ўтказади. Барчамизнинг эътиборимиз ушбу учрашувга қаратилганлиги шубҳасиз.
Ҳамма яхши биладики, уларга қарши ўйинлар доим қийин ва шу билан бирга муросасиз тарзда ўтиб келади. Бу сафар жаҳон чемпионати йўлланмаси учун жиддий кураш кечади. Гуруҳда эса айнан Эрон билан Ўзбекистон дастлабки икки ўринни эгаллаб турибди.
Теҳронда қайд этиладиган натижа Эрон ёки Ўзбекистонни муддатидан аввал мундиал йўлланмасини нақд қилиши учун кифоя қилиши мумкин. Бу борада терма жамоамиз ўзи учун керакли натижани қўлга киритишини тилаб қоламиз.
Терма жамоамизнинг собиқ футболчиси, илгари Эронга қарши ўйнаган Артём Филипосян бўлажак учрашувга тааллуқли саволларга жавоб қайтарди.
- Терма жамоамизнинг Эронга қарши муҳим ўйин кутяпти. Нима деб ўйлайсиз, эронликлар биз учун ноқулай рақибми?
- Эрон терма жамоаси яхши шаклланган. Улар анчадан бери бирга ўйнаб келишади. Биз эса Эронни анчадан бери юта олмаяпмиз. Биз учун ноқулай рақиб дея олмайман. Эрон терма жамоаси кучли жамоа. Лекин бизда ҳам потенциал юқори.
- Тошкентда дуранг ўйнадик. Айтганингиздек, Эронни ютолмаяпмиз. Бу сафарги учрашувда нимани эвазига ютишимиз мумкин?
- Ҳа, Эрон билан Тошкентда дуранг ўйнадик. Табиийки, Эронда қийин бўлиши аниқ. Лекин битта ўйинда йигитлар биргалашиб, ҳамжиҳатликда ўйнаб, ютиб келсак бўлади. Худо хоҳласа, шундай ҳам бўлади.
- Сиз ҳам ўз вақтида Эронга қарши ўйнагансиз. Ўша пайтдаги Эрон билан ҳозирги Эронни фарқи нимада ва қайси бири кучли?
- Агар ўша пайтдаги Эронни ҳозирги Эрон билан солиштирсак, мен учун аввалги жамоаси кучлироқ бўлган. Ўшанда Эрон терма жамоасида кучли футболчилар кўп бўлган.
- Ўзбекистон мундиалга яқин турибди. Ҳозирга қадар неча фоизга вазифани бажардик, деб ўйлайсиз?
- Ҳозирча ҳеч нарса бажарилмади. Чунки бўшашишга йўл қўймаслигимиз керак. Тўғри, мундиалга яқинмиз. Аммо ҳали ўйинлар бор. Худо хоҳласа, Эронда миллий терма жамоамиз ғалаба қозониб, ёзи ёруғ ҳолатда қайтиб келишларини тилайман.
- Машарипов ёрдам бера олмайди. Бу Эронга қўл келади, деб ўйлайсизми?
- Жалолиддин Машарипов майдонда кучли футболчи. Унда етакчилик қобилияти бор. Бу Эрон учун яхшими ёки йўқми, билмайман. Аммо биз битта футболчига қараб қолмаслигимиз керак. Терма жамоамизда ҳамма ўйинчилар яхши йиғилган.
- Теҳрондаги баҳсда кўпроқ қандай ҳисобни кутяпсиз?
- Мен ҳеч қачон қанақа ҳисоб бўлишини айта олмайман. Чунки бу футбол. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо умид қиламанки, терма жамоамиз сафардан ғалаба билан қайтишсин. Бу борада Ўзбекистон терма жамоамизга омад тилайман.
Фикрлар
бундай инсонлар купайсин!
машарипов хакида бундай деёлмайман!
бундайлар термадан йуколсин