Термизда олти очколи ўйин бўлади
Ҳар доим элитада жон сақлаб қолиш учун курашаётганлар ўртасидаги ўйинни кузатиш жуда қизиқ кўринади. Coca-Cola Суперлиганинг 22-турида сиз билан бизни айнан кучлилар орасида қолиш йўлида кураш олиб бораётган икки жамоа ўртасидаги тўқнашув кутиб турибди.
“Сурхон” ҳам, “Андижон” ҳам 13 тадан очко жамғаришган ҳолда турнир жадвалида 13 ва 12-ўринларда турибди. Ёдингизда бўлса, ушбу жамоаларнинг биринчи даврада Андижондаги учрашувида “Сурхон” Александр Касьяннинг 45-дақиқада киритган ягона голи эвазига қимматли ғалабани қўлга киритганди.
Бу жамоаларнинг ўзаро ўтказган ўйинлар статистикаси бўйича устунлик “Андижон” томонида эканини кўриш мумкин. Шу кунгача бўлиб ўтган 27 та беллашувнинг 15 тасида айнан андижонликларнинг қўли баланд келган. “Сурхон”нинг ҳисобида 7 та ғалаба бор ва яна 5 та ўйин дуранг билан тугаган. Лекин “Андижон” учун Термиздаги учрашувлар доим ҳам омадсиз чиқмаган. Унда мағлубиятлардан ташқари ғалабалар ҳам, дуранглар ҳам кузатилган.
Андижонликлар “Сурхон” майдонида охирги марта 2003 йилги мавсумда ғалаба қозонган. Ўшанда ягона гол меҳмонларга уч очкони тақдим этганди. Навбатдаги тўқнашувда ғолиб чиқадиган жамоа эса, ўз-ўзидан Суперлигада қолиш имкониятини бир мунча яхшилаб олиш имкониятига эга бўлади. Шундай экан, “Сурхон” – “Андижон” тўқнашуви иккала жамоа учун ҳам катта аҳамият касб этади.
Фикрлар