Тезкор ва ноқулай “Ал Вакра”га "Навбаҳор"нинг “тиши” ўтадими?(Таҳлил)
Хабарингиз бор, 22 август санасида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ОЧЛ саралаш ўйини доирасида Қатарнинг “Ал-Вакра”си билан куч синашади. Финал босқичга йўлланма ўртага тикилган баҳс олдидан рақиб жамоанинг имкониятлари, ўйин услуби ва тактик имкониятларини таҳлил қилишни айни пайти! Одатга содиқ қолган холда, имкон қадар кичик матнда “Навбаҳор”нинг ОЧЛдаги рақибини кучли ва кучсиз томонлари борасида сўз юритамиз.
Ўйин услуби
Тинтин Маркес бошчилигидаги “Ал-Вакра” яхши шаклланган жамоа. Мураббий “Эспаньол” клуби ишқибозлари учун яхши таниш бўлса, ажаб эмас. Фаолиятини катта қисмини “Барселона”нинг ашаддий душмани саналган клубда ўтказган қаҳрамонимиз мураббийликни ҳам айнан “кўк-оқ”лар сафида бошлаган. Кейинчалик Бельгия орқали Қатар клубларида пайдо бўлган.
У қурган жамоа ўйин услуби жиҳатидан Европа клубларини эслатиб юборади. 4-3-3 схемасининг агрессив варианти. Тўп назоратини яхши кўради, бироқ паслар сонидан кўра тезликка кўпроқ эътибор қаратган. Майдондаги ижрочилар жисмоний тайёргарлиги аъло даражада бўлгани боис, ўта юқори темпдаги футболга дош бера олади. “Ал-Вакра” устози қарши ҳужумда ва позицион ҳужумда бирдек ҳаракатлана оладиган жамоани йиғишга муваффақ бўлган. Ҳақиқий Европа стандартлари асосида шакллантирилган, юқори темпга мослашган йиғиқ коллективга эга рақиб билан тўқнаш келяпмиз. Тинтин Маркеснинг ўйин фалсафаси тўпсиз ҳаракат устига қурилган десак, муболаға бўлмайди. Жамоа ҳужум қилаётганида деярли бутун майдон бўйлаб кенг жойлашади.
Қанот ҳимоячилари анча олдинга чиққани боис, олдиндаги 3 ҳужумчи рақиб ҳимоячилари билан бир чизиқда ҳаракат қилади. Старт тезлиги зўр бўлгани боис, улар битта пасда қочиб кетиши ёки катта тезликда жарима майдончасига узатилган тўплар учун курашда ёриб кириши мумкин.
4-3-3 схемасининг энг устун томонларидан бири ҳам айнан олдинги чизиқда ҳужум чоғидаги ижрочилар сони ва майдон бўйлаб жойлашуви ҳисобланади, аслида.
Қўшимчасига, марказий 3 ярим ҳимоячининг иккитаси доим 14-ҳудуд атрофида ҳаракат қилади. Олдинга ўтилган чоғ улар зарба зонасига чиқиб, қўшимча хавф туғдиришга қодир. Қолаверса, “Ал-Вакра”нинг марказий ҳужумчиси Муҳаммад Бенйеттоу иккинчи қаватда ҳам яхши ўйин кўрсатишга қодир. Замонавий испанча футболдан фарқли ўлароқ, Маркес шогирдларига иккинчи қаватдан узатмалар учун эркинлик берган. Муҳаммаддан ташқари, жамоанинг марокашлик легионери Ассал ва анголалик Желсон ҳам бош билан ўйнашга қодир.
Ҳужум чизиғи ва марказий ҳимояда “связка” мавжудлиги боис, “Ал-Вакра” рақиблари билан ўйинларда кичик устунликка эга бўлади. Жамоа жуда катта куч сарфланадиган интенсив футбол ўйнагани боис, маҳаллий футболчиларни катта қисмидан фойдалана олмайди. Бу масалани “Ал-Вакра” бадавлат араб клубларига хос бўлган услубда ечган. Яъни жамоа таркибида нақ 8 та маҳаллийлаштирилган футболчи ҳаракат қилади. Асли мисрлик бўлган 4 футболчи Қатар фуқаролигини олган бўлса, Жазоир, Судан, Бангладеш, Гана мамлакатларидан келган футболчиларга ҳам бундай ҳуқуқ тақдим этилган.
Юқорида айтганимдек, катта жисмоний куч талаб этадиган футбол учун жисмоний тайёргарлиги аъло даражада бўладиган қора қитъа вакиллари маҳаллийлаштирилган. Таркибдаги энг қиммат футболчи Ангола терма жамоаси аъзоси Жельсон Дала (2,5 миллион евро) ҳисобланади. Ундан кейинги ўринда Миср терма жамоаси аъзоси Ҳамди Фатҳи (2 миллион евро).
Асосий ижрочилари
Биринчи навбатда марказий ҳимоячилар тандемига эътибор қаратамиз. Лукас Мендес – Трент Саинсбури! Жисмонан бақувват бўлган йигитлар бир-бирини ўйин давомида тўлдириб туради. Трент кўпинча олдинроққа чиқиб рақибни кутиб олса, Лукас “страховка”да қолади. Уни курашларда тўғри жой танлай олиши сабабли ҳар сафар ҳам кўравермайсиз. Яхши савиядаги ҳимоя тандеми. Олдинги чизиқда эса ўзига хос учлик. Жельсон-Ассал-Бенйеттоу! Қора қитъадан келган форвардлар триоси “Навбаҳор”нинг асосий муаммосига айланиши аниқ.
Жельсон Дала тезкор ва меҳнаткаш. У 90 дақиқа давомида олдинда ва орқада бирдек катта ҳажмдаги ишни амалга оширади. Техникаси чакки эмас, бироқ асосий кучи жисмоний тайёргарликда.
Марокашлик Аюб Ассал эса техник томонидан триодаги энг яхши “қуролланган” футболчи. Бирга-бир вазиятларда ҳимоячиларни кўпинча безовта қилади. Шунингдек, унинг узоқ масофадан зарбаси ҳам яхши.
Муҳаммад Бенйеттоу борасида юқорида фикр билдирганим боис, ортиқча тўхталиб ўтирмайман. Жамоа сардори ва ҳақиқий етакчи. Жазоирлик форвард учликда найзанинг асосий учи сифатида баҳоланади!
Шунингдек, маҳаллийлаштирилган футболчилар орасидаги яна бир йигитни алоҳида эътироф этиш даркор. 23-рақамдаги Аҳмад Эл-Сайид бугунги “Ал-Вакра”нинг дирижёри саналади. У майдон марказида, таянч зонасида жойлашганча Қатар клубининг ўйинини бошқаради. Техникаси зўр, биринчи пасга эга бўлгани боис деярли барча ҳужумлар айнан шу футболчи ижросида старт олади. Шунингдек, эрта прессингни енгиб ўтиш, тўпни йўқотмасдан рақиб ярим майдонига олиб ўтишда ҳам унинг хизмати улкан. Эътиборли томони шундаки, “Ал-Вакра” бир жамоа сафида бир нечта юлдузларни йиғишдан кўра, жамоавий прессинг ва комбинацион футболда кўпроқ наф берадиган атлет легионерларни афзалроқ кўради. Қўшимчасига, бу йигитлар яхлит механизм сифатида шакллантирилган ва бу уларни янада хавфлироқ кучга айлантиради.
“Навбаҳор”га нималар қўл келиши мумкин?
Баҳс олдидан оптимистик руҳдаги фикрларни етарлича билдириш мумкин. Масалан, ватан учун, шаън учун, мухлислар учун олға! Шу ва шунга ўхшаш фикрлар билан аравани қуруқ олиб қочгандан фойда йўқ. Вазиятга реал кўз билан боқсак, “Навбаҳор”га осон бўлмаслиги аниқ. Тезкор, яхши бириккан ва жисмонан 90 дақиқа юқори темпда тўп тепишга қодир “Ал-Вакра” биз учун ноқулай иқлимда, ўз уйида майдонга чиқиб келади. Сўнгги ўйинларда “лочинлар”да кузатилган бироз пасайиш, руҳий ҳолат ва мураббийлар штабига бўлган эътирознинг ортиб кетиши ишни янада чигаллашиб кетганига ишора қилмоқда.
Хўш, Доҳада “Навбаҳор” учун нима қўл келиши мумкин? Биринчи навбатда, иккинчи рақамда ҳаракат қилган ҳолда, ҳимояда бехато ҳаракат қилиш. Ҳудди “лочинлар”да бўлгани каби “Ал-Вакра”да ҳам энг заиф нуқта қанот ҳимояси бўлиб турибди. Бу Жасур Яхшибоев, Дониёр Абдуманнопов, Асад Собиржоновларни икки ҳисса куч билан олдинга интилишини таъминлаши лозим. Шу билан биргаликда, худди шундай хавф рақиб томонидан ҳам бўлишини унутмаслик лозим. Шунингдек, ҳар бир стандарт вазиятда тиш-тирноқ билан жанг қилиш, максимал даражада наф чиқариш лозим. Ўйин давомида тўп назорати катта эҳтимол рақиб томонида бўлади. Бу бўш зоналар қолдирмаслик ва рақибни зарбагача “ёпиб” ташлашни талаб этади. Афсуски, 4-3-3 схемаси 4-2-3-1 тактикасида ўйнайдиган жамоа учун футболдаги энг ноқулай рақиб саналади. Боз устига, 4-3-3 реализациясида тезкор футболчиларнинг бор эканлиги ўз-ўзидан нариги жамоа марказини ўйиндан тушиб қолиш хавфини оширади.
Яъни, рақиб асосан қанотлар орқали олдинга ўтгани боис, таянч зонаси ва ҳужумчи ортидаги марказий ярим ҳимоячиларни ишсиз қолдиради. Шу боис, “Навбаҳор” 22 август санасида бутун жамоа бўлиб ҳимояланиши ва керакли паллада катта куч билан олдинга ўта олиши лозим. Бу "манёвр"ни майдонда тактик хатосиз амалга ошириш осон бўлмайди, бироқ имконсиз ишнинг ўзи йўқ. Суперлигада 7-8 киши бўлиб “Навбаҳор” билан чуқур ҳимояда ўйнаётган жамоалардан сўнг, очиқ футболга ихтисослашган “Ал-Вакра” олдинги чизиқ вакилларини чигал тортиб қолган қанотларини кенгроқ ёйиши учун имкон беради. Агар тезкор гол уриб олсак, уни хотиржамлик билан ўйиндаги ғалаба калитига айлантириш имкони бор.
Шунингдек, футболда майдондаги ўйинга алоқаси бўлмасада, таблодаги ҳисобга таъсир кўрсатишга қодир бошқа омиллар ҳам етарлича топилади. Руҳий холат, ўйинга танланган тўғри стратегия ва энг муҳими – омад! Бу наманганликлар учун оддий футбол учрашувидан кўра, ҳаёт-мамот жангига айланиб кетиши мумкин бўлган тўқнашув мақомида ўтадиган баҳс. Умид қиламанки, 90 дақиқа учун Самвел Бабаян “Game Plan” тайёрлаб қўйган. Акс холда, Дохадаги баҳс “Навбаҳор” проектининг бурилиш нуқтаси бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар