The GOAT. Роналду – биринчи, Месси эса иккинчи (Эркинжон Ғайбуллаев блоги)

Marca нашрининг сўровномаси натижалари билан танишинг.

Ronaldu and Messi

Испанияда “GOAT” соврини учун сўровномалар бир неча йилдан бери ўтказилади. GOAT сўзи “Барча даврларнинг энг буюги” (“Greatest off all time”) сўзининг аббревиатураси ҳисобланади. Marca нашри интригага эга мини-турнир ўтказади. Футбол тарихидаги энг кучли футболчилардан 16 таси саралаб олиниб, ўқувчилар овозига кўра улар ичидан энг кучлиси ғолиб дея эълон қилинади.

Сўровномада бир ярим миллионга яқин ўқувчилар қатнашди. Marcа нашри Мадридники эканлигини ҳисобга олсак, “Реал” мухлислари каттароқ аудиторияни ташкил этади.

Нимчорак финалдан бошланадиган бу турнир, чорак финал, ярим финал ва финалдан иборат. Биз ҳозир сизга ўша мини-турнир натижаларини ҳавол этмоқчимиз.

Нимчорак финал

Лионель Месси vs Ференц Пушкаш = 78% га 22 %. “Реал”нинг афсонаси устидан Месси осонгина ғалабага эришди. Ёки “Барселона” мухлислари ўз севимли футболчисини қўллаб-қувватлаш учун яхшироқ ҳаракат қилишди, ёки “қаймоқранглилар” мухлислари севимли жамоаси тарихини яхши билишмайди.

Эйсебио vs Альфредо Ди Стефано = 17% га 83 %. Ди Стефано ҳам Эйсебио устидан катта фоизлар эвазига ғалаба қозонди. Демак, Ди Стефанони ҳали ҳам ёддан чиқаришмаган.

Франц Беккенабуэр vs Роналдо = 17% га 83%. Беккенбауэр “Барселона” ва “Реал”нинг собиқ футболчиси билан рақобатда ютқазди. Роналдо барча учун севимли футболчи эди. Шунинг учун унга овоз кўпроқ берилган.

Мишель Платини vs Пеле = 8% га 92%. 3 карра “Олтин тўп” соҳиби футбол қиролига муносиб рақиб бўла олмади. Пеле футбол оламида ўз ўрнига эга. Платини ҳам футболчилик фаолиятида етарлича шон-шуҳратга эришган бўлса-да, ундан кейинги фаоиятидаги машмашалар сабаб кам овоз тўплаган бўлиши мумкин.

Диего Марадона vs Роналдиньо = 60% га 40%. Биринчи раунддаги супер тўқнашув.

Лев Яшин vs Йохан Кройф = 8% га 92%. Яшин топ 16 ликка киришга ҳақли эди. Аммо нимчорак финалдаёқ унга футбол тарихида ўз номини ўчмас қилиб қолдирган Кройф рақиб бўлди. Сўровнома натижасини эса кўриб турибсиз.

Зинедин Зидан vs Жорж Бест = 82% га 18%. Жорж Бест кўпчилик футбол ишқибозларига жуда таниш. Аммо футболчилик фаолиятида ҳам, мураббийлик фаолиятида ҳам муваффақиятга эришган Зидан билан рақобатда ютқазиши аниқ эди.

Паоло Мальдини vs Криштиану Роналду = 27% га 73%. Бу жуфтликда португалиялик футболчи яна ҳам кўпроқ овоз билан ғолиб бўлиши мумкин эди.

Чорак финал

Лионель Месси vs Альфредо Ди Стефано = 70% га 30%. Месси Пушкашдан сўнг яна бир “Реал” афсонасини мусобақадан чиқариб юборди.

Роналдо vs Пеле = 53% га 47%. Иккала бразилиялик футболчи ўртасидаги қизиқ тўқнашув. Роналдо футбол қироли устидан ғалаба қозонди. Бунга сабаб, Пеле бутун фаолиятини океаннинг нариги қисмида ўтказгани. Роналдони эса жуда кўплаб футбол мухлислари қандай натижаларга эришганини ўз кўзлари билан кўришган.

Диего Марадона vs Йохан Кройф = 67% га 33%. Марадона Кройф устидан ишончли ғалаба қозонди. Жуда кўп мухлислар уни футбол тарихидаги энг яхши футболчилардан бири деб ҳисоблашади.

Зинедин Зидан vs Криштиану Роналду = 44% га 56%. Қийин танлов. Айниқса “Реал” мухлислари учун. Лекин португалик футболчи бу жуфтликда ғолиб бўлди.

Ярим финал

Лионель Месси vs Роналдо = 52% га 48%. Бу жуфтликда 6 карра “Олтин тўп” соҳиби ғолиб бўлиши аниқ эди.

Диего Марадона vs Криштиану Роналду = 41% га 59%. Финалда иккита аргентиналикни кўрмайдиган бўлдик. Роналду Марадонани мусобақадан чиқариб юборди.

Финал

Лионель Месси vs Криштиану Роналду = 46% га 54%.  Албатта, бундай финални ҳамма кутганди. Аввалига Месси 60% лик натижа билан олдинда бораётган эди. Аммо сўровноманинг иккинчи қисмида вазият ўзгариб кетди. GOAT Роналдуга насиб этди. Португалиялик футбочига 246 минг киши овоз берган бўлса, Мессига 209 минг киши овоз берди.

Jadval

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)