Тимур Кападзе: "Бизнинг ҳам ўз режаларимиз бор"

Ўзбекистон У-23 терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Испанияга қарши учрашув олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.

"Осиё ўйинларидан қайтишимиз биланоқ ушбу баҳсга тайёргарлик кўришни бошладик. Испания ёшлар терма жамоаси Европа чемпионати саралаш босқичида иккита ўйин ўтказган, бироқ мураббий аввалги жамоа билан ҳам ишлаган. Шунга қарамасдан эртага энг яхши ўйинларимиздан бирини кўрсатишимизга ишонаман.

Футболчилар аста-секин тикланишмоқда, халқаро ўртоқлик учрашувлари жамоа сифатида ўсишимизга ёрдам беради.

Терма жамоа либосида доимо ғалаба қозониш шарт. Испаниялик футболчилар ҳар тарафлама шаклланган бўлади, бироқ бизнинг ҳам ўз режаларимиз бор, ўйинчиларимиз маҳоатли, насиб қилса яхши натижа қайд этамиз.

Барча футболчилар асосий таркибга муносиб, эртанги ўйинга ким тайёр бўлса, албатта, майдонга туширамиз, Испания ва Мисрга қарши ўйинларда барча футболчиларга имконият берилади", деди олимпия термамиз устози.

Жасурбек Жалолиддинов ҳам ўз фикрларини билдириди.

"Осиё ўйинларига жўнаб кетишимиздан аввал ушбу ўйин ҳақида эълон қилинган эди. Шу боисдан агар турнир охирига қадар етиб борсак, тайёргарлик учун вақт қисқа бўлишини билар эдик. Шундай ҳам бўлди ва якунда яхши натижа қайд этдик. Футболчиларда чарчоқ кузатилиши мумкин, бироқ доимий ўйин амалиёти кучли рақибларга қарши ўйинда бизнинг фойдамизга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Жамоада ички муҳит доимо аъло даражада, ўйинга ҳам руҳий ҳам тактик томонлама тайёрмиз", - деди Жалолиддинов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!