Тимур Кападзе: "Бухоро" ўйинга яхши тайёргарлик кўргани сезилди"
Cоcа Cоlа Суперлигаси 19-тури доирасида «Бухоро» майдонидаги ғалабадан кейин «Олимпик» бош мураббийи Тимур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этди.
- Жамоамни ғалаба билан табриклайман. Йигитларим яхши ўйин кўрсатишди. Пенальти бормиди йўқмиди, вазиятни кўрмадим. Лекин умуман олганда, бугунги ўйинимиз орқали жамоам ғалабага лойиқ эди, деб ўйлайман. Яхши вазиятларимиз бўлди, балки эртароқ гол урганимизда барчаси эртароқ тугаши мумкин эди.
Жамоада барчанинг кўзига ташланиб турган муаммолар бор эди. «Бухоро» ўйинга яхши тайёргарлик кўргани сезилди. Улар биринчи бўлимда бизга катта ташвишлар келтириб чиқаришди. «Бухоро»га омад тилайман, уларнинг ҳолатини тушуниб турибман. Аммо бу футбол.
- «Бухоро»дек жамоанинг Суперлигада бўлмаслиги чемпионатга қанчалик таъсир ўтказади? Чунки «Бухоро» каби ўз стадиони, мухлисларга эга жамоа Суперлигада кам.
- «Бухоро» Суперлигада яхши ўринга эга жамоа, мухлисларини доимо ҳурмат қилиб келганман. Улар жамоасини севади ва яхши мухлислик қилишади. Улар бугунги мағлубият сабабли Суперлигадан тушиб кетишмаяпти, мавсум давомида кўп жойларда очко ололмагани, камчиликлар бўлгани таъсирини ўтказди. Бухорода доимо футбол бўлади, чунки жамоанинг жонкуяр мухлислари бор. «Бухоро» доимо мухлислиги билан мақтана олади ва шу сабабли улар Суперлигада яхши жамоа бўлиб, юқори ўринларда юришга ҳақли. Чунки жамоа мухлислари ҳам буни кутишади. Вақти келади, ҳали «Бухоро» ҳам чемпион бўлади, ОЧЛда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Бунинг учун яхши жамоа, мураббий ва раҳбарият керак. Клубда кўп нарсаларни тўғрилаш керак. Чунки кўчадан клубдаги шароитлар, академия ва бошқа нарсалар ҳақидаги камчиликларни эшитамиз. Ўйлайманки, аста-секинлик билан барчаси тўғриланиб, яхшиланиб борилади.
“Олимпик” матбуот хизмати.
Фикрлар