Тимур Кападзе: "Файзуллаев, Раҳмоналиев ва Ҳусанов каби футболчиларимизнинг жамоада ўз ўрни бор"
Осиё ўйинлари гуруҳ босқичидан ўрин олган Гонгконг - Ўзбекистон баҳси бўлиб ўтди. Учрашув вакилларимизнинг минимал 0:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Мазкур ўйиндан сўнг Тимур Кападзе ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ассалому алайкум, ғалаба билан ҳаммани табриклайман! Қийин учрашув бўлди. Кўп факторлар ўз таъсирини кўрсатди барибир, ёмғир ҳам тингани йўқ. Шу сабаб тўп билан муомала қилишда қийинчиликка дуч келдик.
Гонгконгга эса бу қўл келди. Чунки улар узун паслар эвазига ва қарши ҳужумларга таяниб, ҳаракат қилди. Шунга қарамасдан, бизда икки таймда ҳам яхши имкониятлар бўлди. Афсуски, уларнинг кўпидан фойдалана олмадик.
Рақибда таркиб томонлама ўзгаришлар бўлганини кўрдик. Миллий термадан футболчилар чақирилган ва ёшлардан энг кучлилари жалб этилган. Биз учун фойдали ва қизиқарли ўйин бўлди, албатта.
Икки кундан сўнг яна шу жамоа билан ўйнаймиз. Унда бошқа йигитларга ҳам имкон бериш кўзда тутилган. Гуруҳдан чиқишимиз ҳал бўлган, фақат олдимизда биринчи ўрин масаласи турибди. Ўйлайманки, ҳаммаси ижобий якунланади.
Файзуллаев, Раҳмоналиев ва Ҳусанов каби футболчиларимизнинг жамоада ўз ўрни бор. Улар иқтидорли ва юқори салоҳиятга эга ёшларимиздан ҳисобланади. Йигитлар ҳар бир жамоани кучайтира олади.
Улар бўлганда, биз янада кучлироқ бўлардик. Шунга қарамай, ушбу футболчиларнинг ўрнида ҳаракат қилаётганлар ҳам ёмон таассурот қолдирмаяпти.
Заиф жойимиз йўқ, деб ўйлайман. Мақсад қўйганмиз ва мақсад сари олға юрамиз!
Биз Сурия ёки Афғонистон билан ўйнаш учун келмагандик. Тўғри, уларга қарши баҳс учун тайёргарлик кўрилаётганди. Аммо улар иштирок этмаслиги маълум бўлди. Умуман олганда, олдимизда қандай рақиб бўлишидан қатъи назар ғалаба учун майдонга тушамиз", - деди мутахассис.
Фикрлар