Тимур Кападзе: "Ким тайёр бўлса, ўша футболчиларни майдонга ташлаймиз"
23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида саралаш учрашувлари ўтказилишидан хабарингиз бор. Унда Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Эрон, Афғонистон ва Гонгконг жамоаларига қарши тўп тепади. Мазкур ўйинлар олдидан Ўзбекистон термаси бош мураббийи Тимур Кападзе матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ассалому алайкум, ҳаммага. Саралаш турнири бошлангани билан ҳаммани табриклайман. Қисқа муддат ичида ўтадиган турнир учун яхши тайёргарлик кўрдик. Биринчи рақибимиз - Афғонистон терма жамоаси. Улар ҳақида маълумот йиғишга ҳаракат қилдик. Аммо рақиб ҳақида деярли маълумот йўқ. На уларнинг ўйин видеолари, на улардаги футболчилар ҳақида кўп нарсани ўрганиб чиқа олмадик. Шунга қарамай, йигитларнинг қобилиятига тўла ишонаман.
Ҳозир Афғонистонда ҳам футбол ривожланмоқда. Улар Қирғиз Республикасида ҳам кичкина бўлсада, шов-шув кўтаришга муваффақ бўлди.
Легионерларимиз ҳозирча соғ-саломат, Худога шукр. Кеча яна 3 нафари таркибга келиб қўшилди. Ким тайёр бўлса, ўша футболчиларни майдонга ташлаймиз.
Ўйинчилар ҳар бир баҳсдан сўнг турнирга мослашиб боради. Улар формага кириб олишлари учун дастлабки учрашувлар муҳим аҳамият касб этади.
Стадионларимиз олдин қулай эмас эди, ҳозир эса муаммо йўқ. "Жар" стадиони биз учун ҳар томонлама мос келади. "Бунёдкор" стадионида ҳам ўйнашимиз мумкин эди, аммо ҳаммаси олдиндан ҳал этиб қўйилганди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, барча жамоаларга омад тилаб қоламан. Умид қиламиз, мусобақада мухлисларимиз ишончини тўла оқлаймиз. Улар биз учун дуода бўлиб турса етарли!", - деди мутахассис.
Фикрлар