Тимур Кападзе нега "Пахтакор" билан бир тўхтамга кела олмади?

Хабарингиз бор, «Локомотив»нинг ёшлар жамоасидан кетган Тимур Кападзенинг кейинги фаолиятини қаерда давом эттириши қизиқ туюлаётганди. Бу борада унга «Пахтакор» клуби томонидан таклиф билдирилганди. Шундан кейин Кападзенинг ушбу жамоада иш бошлаши ҳақиқатга яқин бўлиб туюлганди. Лекин куни кеча у «Пахтакор»да эмас, балки ЎФАнинг терма жамоалар марказида иш бошлагани маълум бўлди. Бу борада унинг ўзи вазиятга ойдинлик киритди. Шу билан бирга терма жамоамизнинг собиқ ўйинчиси ЖЧ-2022 саралашининг иккинчи босқичига ташланган қуръа ҳақида ҳам фикр билдириб, терма жамоамизнинг рақиблари ҳақида ўз муносабатини билдирди.

«Тўғри, бизга нисбатан енгил рақиблар тушди»

- Тўғри, терма жамоамизга нисбатан енгил рақиблар дуч келди, деган фикрларга қўшилса бўлади, - дея гап бошлади, Кападзе. - 1-ўринга Ўзбекистон билан Саудия Арабистони асосий даъвогарлар ҳисобланишади. Албатта, қолган жамоаларни рўйхатдан ўчириб юбориш яхши эмас. Лекин улар билан учрашувларда 100 фоизли натижаларни қўлга киритишимиз керак. Саудия билан иккала ўйинда ҳам максимал натижаларга эга бўлишимиз лозим. Вазиятга реал қарасак, бошқа рақиблардан анча кучлимиз. Менимча, кўп нарса Саудия билан ўзаро учрашувларда ҳал бўлади. Ҳозирча уларда бош мураббий йўқ. Гарчи ҳозирги ҳолати ҳақида бирор нима дея олмасам-да, улар билан бемалол ўйнаса бўлади. Ҳарқалай кўп ўйнаганмиз ва рақибни яхши биламиз. Ўзбекистон ўз гуруҳида 1-ўринни ҳал қила олади. Тўғри, иккинчи ўринлар орасида тўртта энг яхши кўрсаткичга эга бўлганлар ҳам учинчи босқичга чиқишади. Барибир 1-ўрин билан чиққан яхшироқ.

«Саудияга қараганда бизнинг устун томонларимиз кўпроқ»

- Биринчи саватчадаги рақибларни билардик. Кўпинча бизга Эрон ёки Жанубий Корея дуч келарди. Аммо учинчи босқичда улар билан ўйнашимизнинг эҳтимоли катта. Балки уларга қараганда, иккинчи босқичда Саудия Арабистонининг бизга тўғри келгани нисбатан қулайроқ бўлиши ҳам мумкин. Боя айтганимдек, уларнинг кучини яхши биламиз. Айниқса, ўйинчилари индивидуал томондан яхши ўйнашади. Араб жамоалари орасида доим саудияликлар кучли бўлиб келишган. Бундай пайтларда жамоавий ўйин ва мураббийнинг роли асосий ўринга чиқади. Тўғри, Саудия Арабистони ҳам кучли рақиб. Охирги жаҳон чемпионатида ёмон ўйин кўрсатишмади. Улар янги мураббий олишган тақдирда ҳам унга мослашиши учун вақт керак. Бизда эса Эктор Купер анчадан бери ишлаяпти ва бизнинг кучимизни, услубига мос келадиган футболчиларни билади. Шу боис Саудияга қараганда, бизнинг плюс томонларимиз кўпроқ. Очиғи, бошқа гуруҳларга қараганда, буниси ўзимиз хоҳлагандек кўриниш олди десак ҳам бўлади. Барибир биринчи саватчадаги кучли рақиблардан кимдир бизга дуч келишини тахмин қилаётгандик. Осиё Кубогида Таиланд, Вьетнам, Қирғизистон каби термалар яхши таассурот қолдиришди. Агар гуруҳимизга Қирғизистон ва Тожикистон каби рақиблар тушишганида бу дербига айланарди. Тўғри, улардан кучлимиз, лекин барибир бундай дербилар жуда қизиқарли ва муросасиз ўтарди. Бизда эса Сингапур, Яман ва Фаластин бор ва биздан пастдаги саватчалардан уларнинг рақибимизга айланишгани бизга бироз енгиллик берди. Чунки улардан кўра бизга қўшимча қийинчилик туғдирадиган жамоалар ҳам бор эди. Лекин футболда олдиндан ютилмайди. Ҳар бир учрашувга 100 фоиз тайёргарлик кўриш талаб этилади. Биринчи ўйинни сафарда ўтказамиз. Лекин Фаластин ва Яман ўз майдонидаги ўйинларни қаерда ўтказиши ҳали номаълум. Агар улар ўз уйида ўйнашмаса, бу ҳам яна бир қулайликни яратади. Чунки ўйинлар бетараф майдонда ўтказилса, Фаластин ҳам, Яман ҳам худди сафарда ўйнаётгандек бўлади. Рақибларни яхши ўрганиб чиқиш керак. Ўйлайманки, Купер ўз ишини яхши бажаради ва жамоани 1-ўрин билан олиб чиқади.

«Арвеладзе билан гаплашдим ва «Пахтакор»да ишламайдиган бўлдим»

- Мени чақиришди ва «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе билан гаплашдим. Клубда ишламайдиган бўлдим. Боиси улар ёшлар жамоасини камида 2-3 йил бошқарадиган мураббий қидиришаётган экан. Клуб ўз академияси ва ўринбосарлар жамоасидаги тизимларни тўғрилашяпти. Шу сабабли катта эътибор қаратишяпти. Менга узоқ муддат ишлайдиган мураббий кераклигини айтишди. Уларга эса бунча муддатга ишлай олмаслигимни, балки маълум вақтдан кейин Суперлиганинг бирор-бир жамоасидан таклиф бўлиб қолиши мумкинлигини айтдим. Улар ҳам мен ҳақимда шуни тахмин қилиб туришган экан ва фикрларимни тўғри тушунишди. Лекин «Пахтакор» ҳам тўғри тизим яратяпти. Шунга асосан ёшлар жамоасини узоқроқ бошқарадиган мураббий излашяпти.

«Терма жамоаларимиз учун селекционер мураббийга айландим»

- Азиз Ҳайдаров терма жамоалар марказига раҳбар бўлгач, мени ҳам таклиф қилишди. Энди терма жамоалар марказида селекционер мураббий сифатида иш бошладим. Шу тариқа, барча ёшдаги терма жамоаларда селекционер бўлиб ишга киришдим. Кўпроқ ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига эътибор қаратамиз. Бу борада бизда кўплаб ўйинчилар кенгайтирилган рўйхатимизда бор. Бунинг устига ҳали қолган ёшдаги терма жамоалар ташкил этилмаган. Энди барча истеъдодларни саралаймиз. Айниқса, уларнинг саралашда ҳаққонийлик, шаффофлик бўляптими, шундай жиҳатларга ҳам кўпроқ эътибор берамиз.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Кахрамонжон Сафаров
29/07/2019 11:54
Тимур Сизга омад тилаган холда Баркарорлик Узбек футболида ахойиб кайтарилмас из колдириб айрим (номардчиликлардан тирикчилик килаётган шахслар)дан фаркли равишда футбол оркали Фаргона номини кутаришингизга тилакдошман Сиз имкон булса Нефтчига келсангиз мураббий булиб жуда катта савоб ишига кул урган буласиз Узбекистон футболи яна кайтади неча йиллик орзулар ушалади Бабаян, Жалилов,М.Косимовдек крахабор соткинлар дамини олади узр Тимур Фаргона учун рисковать надо...
&
Surxon turon
27/07/2019 17:34
Маладдес босингислар
Бахтиер Бобоев
27/07/2019 17:12
Ким яхши туласа уша екда ишлайман деб айтинг. Энг яхши ешлар мурабийи Равшан ака
&
Ibratjon Hikmatjon
27/07/2019 16:09
Navbahor murabbiyi boladi 2020 yilda