Токио-2020га йўлланмасини қўлга киритган Шаҳобиддин Зоиров ярим финалда ким билан жанг қилади?

Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси бўлган Олимпия ўйинлари учун йўлланма берувчи бокс бўйича лицензион турнир ўзининг қизғин палласига кирди.

Иордания пойтахти Амман шаҳрида ўтказилаётган Осиё ва Океания минтақаси учун йўлланма берувчи мазкур мусобақада бугун чорак финал баҳслари давом эттирилмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, бугун яна бир ҳамюртимиз -52 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган чарм қўлқоп устаси Шаҳобиддин Зоиров квалификацион турнирнинг чорак финал баҳсида эронлик рақиби Омид Аҳмадисафа устидан ғалаба қозонди. Бу ҳақда спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Боксчимиз уч раунд давомида тўлиқ устунликни ўзида сақлаб қолган ҳолда эронлик боксчини 5:0 ҳисобида таслим эта олди.

Амалдаги Олимпия ва жаҳон чемпиони ҳисобланмиш Зоиров энди ушбу турнирнинг ярим финалида таиландлик Тҳитисан Панмот билан жанг қилади.

Эслатиб ўтамиз, кеча ўтказилган бир қатор жанглар натижасига кўра, 3 нафар боксчимиз Олимпиада йўлланмаларини нақд қилишганди. Улар +91 кг вазнда Баҳодир Жалолов, -91 кг вазнда Санжар Турсунов ва -69 кг вазнда Бобоусмон Батуров Токио учун чипта соҳибига айланди.

Шунингдек, бугун яна тўрт нафар боксчимиз Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун жангга киришади. Эътиборлиси, улар орасида икки нафар қизларимиз ҳам бор. Умид қиламизки, вакилларимиз ўзларига билдирилган ишончни тўлиқ оқлаган ҳолда ғалабаларни қўлга киритади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!