Тўпурар легионеримиз охиригача курашади!
Беларусь олий лигаси тўпурарлари баҳсида пешқадам қилаётган Бобур Абдухолиқов ўзи ўйнаётган “Энергетик-БГУ”нинг ушбу мавсумда мақсади юқаори эканини айтди.
Чемпионат якунланишига уч тур қолган бир паллада “Энергетик-БГУ” биринчи ўринда бораётган амалдаги чемпион “Шахтёр-Солигорск”дан икки очкога ортда қолмоқда. Аслида 28-турда “талабалар”да биринчи ўринга кўтарилиб олиш имконияти бор эди.
Солигорскликлар “Славия” билан дуранг ўйнаб очко йўқотган паллада Бобур Абдухолиқов жамоаси совринлар учун курашдаги асосий рақобатчиларидан БАТЭга ютқазиб қўйди. Ҳозирча “Энергетик-БГУ”да назарий жиҳатдан чемпион бўлиш имконияти сақланиб турибди.
Бунинг учун Бобур Абдухолиқов етакчилигидаги жамоа қолган учта беллашувда зафар қучиб, “Шахтёр-Солигорск”нинг ҳеч бўлмаганда бир бор мағлубиятга учрашини кутишига тўғри келмоқда.
“Энергетик-БГУ” етакчиси бўлган легионеримиз жамоаси чемпионатни совриндорлар қаторида якунланишига ишонч билдирди.
- БАТЭга қарши учрашувда озгина омад етишмади. Биринчи бўлимда тўп киритишимиз керак эди. Аксига олиб, ўйиннинг иккинчи ярмида бир жуфт гол ўтказиб юбордик. Жуда оғир ўйин бўлди.
Лекин ҳаммаси ҳали олдинда, совриндорлар қаторидан жой олиш учун катта имкониятлар бор. Олдимизда “Динамо-Минск”га қарши иккита ва “Гомель” билан битта ўйин турибди, - деди Бобур Абдухолиқов.
Бобур Абдухолиқовнинг ўзи мавсум давомида 27 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 23 маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига олтита голли пас узатган.
“Насаф” тарбияланувчиси Беларусь чемпионати тўпурарлари пойгасида пешқадамлик қилиш баробарида гол+пас тизимида 27 очко билан ҳам мусобақанинг энг фойдали футболчиси бўлиб турибди.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Бобур Абдухолиқов Беларусь чемпионати тарихига кирган тўпурарлар билан ҳам рақобатлашмоқда.
Ҳозирча, ҳамюртимизнинг ҳисобида 23 та гол бор. Чемпионатнинг қолган ўйинларида Абдухолиқов яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилса, 2007 йилги чемпионатда ўз ҳисобига 24 та аниқ зарба ёздириб қўйган “Гомель” ҳужумчиси Роман Василюкка етиб олади.
Шунингдек, қолган баҳсларда икки марта тўп киритишни уддаласа, легионеримиз 2001 йили лигада 25 та гол муаллифи бўлган “Нёман-Белкард”нинг россиялик форварди Сергей Давидов натижасини қайтаради.
Бобур Абдухолиқов учта гол урган тақдирда Беларусь чемпионатининг бир мавсумида энг кўп тўп киритган хорижлик футболчисига айланади.
Демак, Бобурни тарихий натижадан атиги учта гол ажратиб турибди. Биз 25 ёшли форвардимиз қолган баҳсларда бу кўрсаткичларни забт эта олишига умид қиламиз.
Шунга қарамай, Абдухолиқов Беларусь олий лигасида бир мавсумда энг кўп гол уриш бўйича мамлакат рекордини янгилашига ишониш қийин эканини таъкидлаш адолатдан бўлади. Бу кўрсаткични қайд этиш учун ҳамюртимиз чемпионатдаги голлари сонини 35 тага етказиши керак эди. Бу эса ҳозирнинг ўзида имконсиз масала экани кўриниб турибди. Амалдаги рекордчи Андрей Хлебосолов 1996 йилги чемпионатда “Белшина” таркибида 34 та тўп киритиб, ҳозирча такрорланмай турган рекордни ўрнатиб қўйган.
Фикрлар