Тўрабек Ҳабибуллаевнинг Париж Олимпиадасидаги асосий рақиблари...
Париж Олимпиадасида боксчиларимизга бошоғриқ бўлиши мумкин бўлган асосий рақобатчилар ҳақидаги фикрларимизни давом эттирамиз. Бугун ўзига хос "яширин қурол"имиз бўлган ва -80 кгда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган Тўрабек Ҳабибуллаевнинг эҳтимолий ва асосий рақобатчалари борасида сўз юритамиз.
Арлен Лопес -Куба
- Кубалик номдор боксчи, унинг ўзбекистонликлар билакн қарама-қаршилигини кўп бора гувоҳига айланганмиз. Икки карра Олимпиада чемпиони, Жаҳон чемпиони, Панамерика чемпиони ҳисобланади. 31 ёшда албатта, унинг кучга тўлган вақти бироз ортда қолди. Бироқ, катта мусобақалардаги тажрибаси унга қўл келиши мумкин. Техникаси жуда юқори ва у билан очиқ бокс тушиб бўлмайди. Мустаҳкам ҳимоя ва кучли босим уни издан чиқариши мумкин. Исроил Мадримов уни 2 бор қандай мағлуб этиш мумкинлигини кўрсатиб берганди. Катта эҳтимол билан у фаолиятидаги сўнги Олимпиадасида иштирок этаяпти ва нимагадир эришишга ҳаракат қилади.
Олександр Хижняк - Украина
- "Украиналик танк" ҳам бу Олимпиадада ўзининг орзусини амалга оширишга ҳаракат қилади. Токио Олимпиадаси финалида у кутилмаганда нокаутга учраб кумуш билан чекланганди. Хижняк ҳам жаҳон чемпиони, Европа чемпиони, юқорида айтиб ўтдик Олимпиада кумуш медали эгаси. Жуда қаттиқ боксчи. Лекин ҳар қандай боксчини мағлуб этса бўлади. Буни бразилиялик Эберт Консейсау Токиода кўрсатиб берганди. Хижняк доим 1-рақамда ва босим билан ҳаракат қилишни хуш кўради. Уни қарши хужумда тутиш ва ажойиб оёқ ҳаракатлари билан очколарни йиғиш мумкин. Ҳар ҳолда бизни хулосамиз шундай...
Эумир Марсияль - Филиппин
- Филиппинлик ажойиб боксчи. У Жаҳон чемпионатида кумуш, Олимпиадада бронза медалини қўлга киритган. Осиё ўйинларида ва чемпионатида биттадан кумуш ва бронза медалига эга чиққан. У -69, -75 кг вазнларда кўпроқ ҳаракат қилган. Сўнги Ханчжоудаги Осиё ўйинларида -80 кгда кумуш медални қўлга киритди. Ҳар ҳолда у ушбу вазнга мослашиб улгурган. Исроил Мадримов ва Саиджамшид Жафаровлар уни мағлуб эта олган. Тўғри, Мадримов билан ҳисоб 1:1 кўриниш олган. Бироқ ўшанда ҳам Исроил яхши ҳаракат қилганди. Хуллас, яхши савиядаги боксчи.
Сальваторе Кавальяро -Италия
- Италиялик истеъдод Европада анчагина ўз ўрнига эга саналади. Италияда Роберто Камарелле каби бир-бир мана шундай маҳорат эгалари чиқиб қолади. Кавальяро ана шундайлар сарасига киради. У Европа ўйинлари ва чемпионатининг бир неча бор совриндорига айланган. Чапақай боксчи ва анчагина кучли зарба соҳиби саналади. Хуллас, бу боксчи ҳам рақобат туғдиришга қодир.
Албатта, бу шунчаки бизнинг шахсий фикрларимиз холос. Аслида, воқеалар ривожи қандай кўриниш олади, август ойида билиб оламиз. Биз эса Тўрабекка ишонамиз ва унга омад тилаймиз!
Фикрлар