Тўйида "кроссовка" кийган, пазандаликка қизиқувчи юрист ёхуд Рустам Ашурматовнинг турмуш ўртоғи билан интервью

SPORTS.uz сайтида янги лойиҳа! Бунгача ўзбек ва хориж спортининг машҳур вакиллари билан интервьюлар уюштирган сайтимиз энди спортчиларимизнинг турмуш ўртоқларини суҳбатга тортмоқда. Бизнинг биринчи меҳмонимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Жанубий Кореянинг "Канвон" клуби ҳимоячиси Рустам Ашурматовнинг аёли - Паризод Ашурматова.

Ассалому алайкум! Асосий саволларга ўтишдан олдин ўзингиз ҳақингизда қисқача тўхталиб ўтсангиз.

Ассалому алайкум. Исмим Паризод, ёшим 22 да. Тошкент давлат юридик университетини бу йил битирдим. Ҳозирда уй бекасиман, турмуш ўртоғим билан Жанубий Корея Республикасида яшаймиз.

Турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз?

Турмуш ўртоғим билан совчилар орқали танишиб, турмуш қурганмиз.

Тўйингизда спорт пойабзали (кроссовка) кийгансиз. Бу фикр қандай пайдо бўлган? Бу воқеадан ташқари айнан тўйингиз куни яна қандайдир қизиқарли воқеа бўлганми?

Кроссовка ҳақида гапирадиган бўлсам, бу фикр ўзимдан чиққан. Турмуш ўртоғимни танимасимдан олдин ҳам тўйимда кроссовка кияман, деб ўйлар эдим. Лекин бутун тўй давомида унда юрмаганман. Уйдан кийиб чиқиб, айланишга боргунча кийганман. Ундан кейин фотосессия бошланаётганида оёғимга 20см баландликдаги пошнали туфли кийганман. Тўйхонада ҳам туфлида бўлганман. Аксарият келинлар айланиш ва унгача пошна туфайли оёқлари оғриб кетганини кўрганман. Ундан ташқари, бу футболчининг аёлига мос бўлган. Қизиқ воқеага келсак, билмадим. Балки эсимда йўқдир. Ўша пайт мен учун ҳаммаси гўзал эди, кайфиятим ҳам жуда зўр бўлган. Тўйим орзуйимдагидек жуда чиройли ўтган.

Кўрган заҳотим футболчининг аёлига хос танлов бўлибди, деган фикр менинг ҳам хаёлимга келганди.

Бу фикр турмуш ўртоғимга ҳам ёққан.

Ўзингиз футболга қизиқасизми? Мунтазам томоша қилиб турасизми ёки фақат турмуш ўртоғингизнинг ўйинларини кўрасизми?

Турмуш ўртоғимни танимагунимча, футболга қизиқмаганман. Тўғрисини айтсам, ўқишимдан ортсамгина фақат "Реал" Мадриднинг ўйинларини кўриб турардим, холос. Ўзбек футболини умуман билмасдим. Одил Аҳмедовдан бошқа футболчи исмини эшитмагандим, ҳатто. Турмуш ўртоғимни ҳам танимасдим. Ҳозирда футбол ишқибози бўлиб кетганман. Футболни анча-мунча тушуниб қолдим. Танишганимиздан бери хўжайинимнинг бирорта ўйинини ўтказиб юбормасдан, томоша қилиб келаман. Ҳатто, университетдаги оралиқ назорат вақтлари ҳам дарсимни йиғиштириб, ўйинларини кўрардим. Хўжайинимнинг ўйинларидан ташқари улар билан биргаликда ўзбек футболини томоша қилиб тураман. Баъзида, тоғажонимизнинг жамоаси иштирокидаги беллашувни (Бахтиёр Ашурматов, "Қўқон-1912") ва яна бошқа учрашувларни томоша қиламан. Турмуш ўртоғим иложи борича вақт топиб, ўзбек футболини кўради ва дўстлари ёки тоғажонимизнинг клубига мухлислик қилади. Мен ҳам уларга қўшиламан. Баъзан биргаликда муҳокама қиламиз. Чунки ҳозир футболни анча тушунаман.

22708821_515292392168918_7465710783259738112_n

Турмуш ўртоғингизнинг ўйинларини кўриш учун стадионга бориб турасиз. Баъзида боролмай қолган пайтларингиз ҳам бўлса керак. Ёки ҳамма учрашувларини стадиондан кузатиб борасизми?

Йўқ, афсуски ҳамма ўйинларини бориб, жонли кўра олмайман. Кореяда, фақат ўзимиз истиқомат қиладиган шаҳарда бўлган ўйинларга бораман, холос. Турмуш ўртоғимнинг жамоаси мезбон бўлганидагина бораман. Бошқа шаҳарга меҳмон сифатида кетишса, уйда қоламан. Чунки бу ер бошқа давлат, ҳамма шаҳарни ҳам билмайман. Ўзим топиб бора олсам ҳам турмуш ўртоғим хавотир олиб, рухсат бермайди. "Хаёлим сизда бўлиб қолади. Етиб келдимикан, кета олдимикан, деб хавотир оламан",-дейди. Шунинг учун, қолган беллашувларни корейс телеканалларидан кузатаман.

Бора олмаган ўйинларингизда ичингиздан қандай ҳиссиётлар ўтади?

Албатта, жонли кўриб, мухлислик қилган бошқача. Ҳамма ўйинларини жонли томоша қилишни хоҳлардим. Келажакда, балки янаям каттароқ бўлсам, турмуш ўртоғим рухсат берса, иложи борича қолган ўйинларига ҳам боришни истайман. Ҳозир баҳс узоқда бўлса, минг карра кўпроқ асабийлашаман.

Ҳозирда корейс тилини ўрганяпсиз. Бу жараён қай даражада кетмоқда? Қийинчилик туғдирмаяптими?

Ҳа, корейс тилини ўрганмоқдаман. Жараён яхши аммо қийинлашиб боряпти. Лекин мен учун бу у қадар қийин ҳам эмас. Тил ўрганишга ўзим қизиқаман, хотирам ҳам яхши. Корейслар билан инглиз тилида мулоқот қиламан. Улар инглизчани ўрта даражада тушунишади, амаллаб жавоб беришади. Секин-аста корейс сўзларини қўшиб гапиришни бошлаяпман. Агар инглиз тилини билишмаса, "переводчик" ёрдамга келади. Корейс тилидан ташқари рус тилини мукаммал биламан, инглиз ва турк тилини биламан, тушунаман ва гаплаша оламан.

Футболчилар кўп сафарда бўлади. Шу пайтда сизда қандай хаёллар бўлади? Ёлғиз қолиб кетишдан қўрқмайсизми?

Тўғри, улар жуда кўп вақтини сафарда ўтказади. Бундай ҳолатларда уларнинг ота-онаси, аёли ва фарзандларига осон эмас. Лекин бу уларнинг касби. Мен буни билиб туриб турмушга чиққанман. Бошида ярим йил виза сабабли улар билан Кореяга кета олмаганман. Турмуш ўртоғимнинг олдига боргим келган. Янги келин бўлган пайтим жуда ҳам қийин бўлган. Ҳозир кетса, сабр қилиб, ғалаба билан, яхши кайфиятда, жароҳатларсиз қайтишини дуо қилиб ўтираман. Ўзимни ёлғиз ҳис қиламан, чунки олдин ҳеч ҳам ёлғиз қолмаганман, оиламдан ажралмаганман. Бир ўзим яшаб кўрмаганман лекин қўрқмайман, зерикаман, холос. Турмуш ўртоғимсиз уй ҳувиллаб қолади. Бир ўзим қолсам, уй ишлари, дарс билан машғул бўламан. Баъзан кўчага айланишга чиқаман. Шу билан вақт ҳам ўтади.

Терма жамоа йиғини пайтида Тошкентга бирга келасизми?

Йўқ. Ҳеч ҳам ўзлари билан олиб кетмайдилар. Буни сўрай олмайман ҳам. Чунки терма жамоа билан йиғинида футболичилар меҳмонхонага жойлашади. Хаёл фақат ўйинда бўлиши учун оиласига қўйиб юборишмайди.

ашурматов рустам1

Нега мутахассислигингиз бўйича ишламаяпсиз? Турмуш ўртоғингиз рухсат бермайдими ёки бошқа сабаблар борми? Умуман олганда, бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

Ҳа, ишламайман. Биринчи сабаб ҳозир чет элда яшаяпмиз. Турмуш ўртоғим ҳам айнан мутахассислигим бўйича ишлашимни хоҳламайдилар. Чунки ҳаммага маълумки, юрист аёлларнинг ҳамкасблари асосан эркаклардан иборат бўлади. Эркак киши аёлини боқиши керак, деб ҳисоблайдилар. Бироқ бошқа тинчроқ ишда ишламоқчи бўлсам, қаршилик билдирмайман, дейдилар. Афсуски, барибир ҳозир бунинг ҳам иложи йўқ. Бўш вақтимни уй ишлари, дарсларим, турмуш ўртоғим ишдан келишига бирор ширин нарса пишириш билан ўтказаман.

Хоббийингизга рухсат берар эканлар, бу борада нимадир қилишни ўйлаб кўрганмисиз?

Ҳа, режаларим кўп. Турмуш ўртоғим билан танишишимдан олдин ўзи хоббийим қандолат соҳаси бўлган. Етарли даражада мижозларим ҳам кўп эди. Менга шогирд тушмоқчи бўлганлар ҳам анчагина бўлган. Оила аъзоларим буни ҳавас, деб ўйласа ҳам ўқишим билан бирга олиб бораётган эдим. Танишганимиздан сўнг барибир кетишимиз ва ундан бошқаларга ширинлик пиширишимни хоҳламади. Лекин келажакда ўзимнинг ширинлик дўконим билан рестораним бўлишини исташимни айтганимда, рухсат берган ва керак бўлса ёрдам беришини айтган. Бошқа режаларим ҳам йўқ эмас, буни энди келажакда биламиз. Аллоҳнинг буюргани бўлади.

Менда сиз ҳақингизда жуда ижобий фикр шаклланяпти. Ўзи олдин ҳам самимий блог юритишингизга ҳавасим келарди.

Раҳмат. Яхши инсонларга доим яхши муомалада бўламан. Доим ҳаммага жавоб қайтараман. Шунга яраша доим ҳамма яхши муомала қилади. Саломга яраша алик бераман доим. Яхшими, ёмонми доим тилимдагини айтаман. Турмуш ўртоғим ҳам биринчи шу жиҳатингиз учун танлаганман, писмиқ инсонларни ёқтирмайман, деб айтган.

Турмуш ўртоғингиз билан қандай қизиқарли ҳолатлар бўлган?

Ундай воқеалар кўп бўлади, албатта. Кўпи шахсий. Аммо ҳар доим бир воқеани эслайман. Биз биринчи марта уйда 5 дақиқа гаплашганмиз, оила аъзоларимиз ёнида. Кейин ҳақиқий учрашувга чиқишга розилик билдирганимда, ўқишимдан ўзлари олиб кетган. Анча яхши чиқишиб, гаплашиб кетганмиз. Кўп жиҳатларимиз мос тушаверган ва ҳинд фильмларини жуда севиб томоша қилишимни айтганимда, улар мен ҳам шунақаман, деган. Ўшанда "беш ташланг", деб қўлимни чўзиб, дарров қайтариб олганман. Шунчалик яхши чиқишиб кетганимиздан биринчи учрашувимиз эканлиги эсимдан чиқиб кетган. Доим кулиб эслаймиз.

Футболчининг аёли бўлиш қийин эмасми? Шундай бўлса, бу нимада сезилади?

Бу футболчиларнинг аёллари ўртасидаги долзарб мавзу, десам адашмагаман бўламан. Албатта, қийин, кимдан сўрасангиз ҳам шундай дейди. Сабаби хабарингиз бор, сафарга кўп кетишади, футболни доим биринчи ўринга қўйишади. Албатта бу уларнинг ҳаёт мазмуни, шу орқали оила боқишади. Футболчилар доим ҳам оилавий йиғинларда, байрамларда қатнаша олмайди. Ҳатто, фарзанди дунёга келган пайти ҳам ўйини бўлса, кела олишмайди. Тўйдан олдин кулиб, ҳазиллашардик, тўйни онлайн қиламизми, деб.

Булардан ташқари, ҳар ҳафта камида битта ўйин бўлади. Ютишса, яхши. Мағлуб бўлишса, албатта, ёмон. Футбол тугагунча юрак ҳовучлаб ўтираман, яна ҳам турмуш ўртоғим ютқазса, аламини мендан олмайди. Сиқилётганини иложи борича бизга кўрсатмасликка ҳаракат қилади, лекин биз аёллар ичидан нима ўтишини шундоқ ҳам билиб турамиз.

Яна энг ёмони жароҳатлар. Бироқ Рустам акам учун бу ҳеч нима эмас! Ўзи футболчилар ўрганиб ҳам кетган, аммо мен буни кўриб хавотир оламан. Баъзан оёғини қайириб олишади. Энг ёмони шу ҳолатда ҳам ўйнашда давом этишади. Олдин футболни қийин касб, деб билмасдим аммо қийин экан, футболчи бўлиш ҳам қийин касб экан. 

160245525_188140746131408_951266153500015894_n

Худо хоҳласа, фарзандларингизни ҳам спортчи қиласизми? Агар ундай бўлмаса, қайси касбга йўналтирган болардиз?

Ҳали фарзандларимиз йўқ. Аммо иншаАллоҳ бўлса, спортчи бўлса керак. Отаси футболчи ва уйда доим футбол кўрилса, барибир фарзандига ҳам ўтади, деб ўйлайман. Аммо ўзи қизиқмаса, мажбурламаймиз, деб ўйлайман. Агар бизга маъқул келадиган бўлса, ўзи хоҳлаган касбни танлашига рухсат берамиз, касбга меҳр бермаса, юксалиб бўлмайди.

Рустам Ашурматовни аёли 3 та сифат билан қандай таърифлайди?

Оқкўнгил, жуда меҳрибон, қўли очиқ инсон! Жуда яхши эканликларидан қайсини айтишни ҳам билмай қолдим!

Сўнгги ва ҳазил савол: Рустам Ашурматов жамоаси мағлуб бўлган ўйинларидан кейин машҳур кинодагидек тош ойнани излаб, жиғибийрон бўлмайдими? Ўзи умуман, бундай ҳолларда унга қандай ёрдам берасиз?

Йўқ, энг жаҳллари чиққан ҳолатда ҳам асабийлашганини кўрсатмайди. Уйга келгунча асабларни босишга ҳаракат қилади. Гапирмай жим бўлиб қолиши мумкин аммо жаҳлларини бизга кўрсатмайди. Аксинча, шу ерда оиламнинг ҳам кайфиятини туширмай, деб ўйлайди. Шунақа ҳолатда ўз ҳолига қўйиб ёки бошқа мавзулар очиб, кулишиб, ҳазиллашишга ҳаракат қиламан, очиқ чеҳра билан кутиб оламан. Бу сафар ўхшамаган бўлса, кейингисида ўхшашни айтиб, "поддержка" қилишга ҳаракат қиламан. У ҳамма нарсани ичига ютадиган инсон.

Интервьюга рози бўлганингиз учун раҳмат. Сўнгги сўз ўрнида ўз фикрларингизни билдирсангиз.

Тўғрисини айтсам, саволлар бунақа кўплигини кутмагандим ва онлайн интервью бу даражада қизиқ бўлади, деб ўйламагандим. Асосий саволлар барибир турмуш ўртоғим ҳақида, деб ўйлагандим. Аксинча, жуда қизиқ ўтди. Нима дейишимни билмасам керак, деб ўйлагандим. Сизга ҳам раҳмат.

Кореяда стадионга боролмаганман, ўйинларини кўришга қўрқаман, Ўзбекистон ва Кореядан бирини танлаш мушкул - Икром Алибоевнинг турмуш ўртоғи билан интервью

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!