Кореяда стадионга боролмаганман, ўйинларини кўришга қўрқаман, Ўзбекистон ва Кореядан бирини танлаш мушкул - Икром Алибоевнинг турмуш ўртоғи билан интервью

SPORTS.uz эксклюзив интервьюларни давом эттиради! Бунгача ўзбек ва хориж спортининг машҳур вакиллари билан интервьюлар уюштирган сайтимиз энди спортчиларимизнинг турмуш ўртоқларини суҳбатга тортмоқда. Бизнинг навбатдаги меҳмонимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Пахтакор" клуби ярим ҳимоячиси Икром Алибоевнинг турмуш ўртоғи - Холида Алибоева.

Ассалому алайкум. Асосий саволларга ўтишдан олдин ўзингиз ҳақингизда икки оғиз гапириб ўтсангиз...

- Мен Алибоева Холида 1997 йилнинг 30 декабрида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида туғилганман. 2017 йил Гулистон давлат университетининг педагогика ва психология йўналишига ўқишга кирганман. 3-курс пайтимда турмуш ўртоғимнинг иш жойи чет элда бўлганлиги учун бирга кетишимга тўғри келди. Шу сабаб академик таътил олдим ва ўтган йили ўқишимни сиртқи таълимга кўчирдим. Айни пайтда 4-босқич талабасиман.

Турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз?

- Турмуш ўртоғим билан совчилар орқали танишганмиз. Қайнона ойижоним ёқтириб қолганлар. 

Биринчи учрашувингиз ҳақида айтиб бера оласизми?

 - Тўғрисини айтсам, аввал уларни танимас эдим. Ўзимнинг опам қўшнимизга келин бўлган. Турмуш ўртоғим ва опамни оиласи анча яхши таниш бўлган. Опамдан маслаҳат сўраб, учрашувга чиққанман. Албатта, ҳар бир қизда қўрқув бўлади, лекин қачондир танлашимиз керак барибир. Биринчи гаплашган пайтимиздаёқ гап-сўзларидан яхши инсон эканликларини сезганман (шу вақтда психологияда ўқиганим фойда берган) ва розилик берганман.

image_2022-01-26_16-25-48

Жанубий Кореяда яшаган пайтингизда турмуш ўртоғингизнинг ўйинларини кўришга стадионга борганмисиз?

Ўзбекистон чемпионатида ҳаракат қилган пайтларида стадионга борганман. Аммо Кореяда бунга имкон бўлмади. 

Боролмаган ўйинларингизда нималарни ҳис қиласиз. Барибир ҳаммасига боришни истасангиз керак...

Албатта, жуда ҳам боргим келади. Худо хоҳласа, бундан кейинги ўйинларга бораман. Имкон бўлмаган пайтларда фақат Аллоҳдан соғ-саломат, жароҳат олмай, ғалаба қозониб ортга қайтишларини сўраб дуо қилиб ўтираман. Кўпинча, ўйинларини томоша ҳам қилмайман. Боиси, озгина йиқилиб тушсалар ҳам жуда қаттиқ хавотир оламан. Уйга қайтгунларича "нима бўлди экан", "оғримаяптимикан", деб ўйланиб ўтираман.

image_2022-01-26_16-30-01

Сизга қаерда яшаш кўпроқ ёққан? Корея ёки Ўзбекистон.

Иккиси ҳам ўзига яраша ёқади. Корея жуда бошқача, одамни ўзига тортувчи давлат. Менга у ерда яшаш ёқади, фақат яқинлар соғинчи қийнайди. Ўзбекистон ўзимиз туғилиб ўсган жой. Бу ернинг ўрнини ҳеч қайси давлат боса олмайди! Қаерда бўлсак ҳам вақтинча, барибир ортга қайтгимиз келаверади.

Кореяга ўрганиш қийин бўлмаганми?

Кореяга боришимдан олдин хўжайиним у ерда 1 йил яшаганликлари сабаб у қадар қийин бўлмаган. Улар Кореяга ўрганиб, мослашиб қолгандилар ва менга ҳам ўзлари ўргатиб, аста-секинлик билан таништириб борганлар. Лекин корейс тили қийин бўлганлиги сабаб ёлғиз ўзим у ерда юришга қийналганман. Кейинчалик, кундалик сўзларни ўрганиб, озгина тушунадиган бўлдим.

Икром Алибоев яқиндагина "Пахтакор" билан шартнома имзолади. Балки улар фаолиятини қаерда давом эттириш борасида сиз билан маслаҳатлашгандир.

Таклиф Тошкентнинг "Пахтакор"идан бўлгани ҳақида айтган эдилар. Нима бўлса ҳам кейинги фаолиятида омад тилайман.

photo_2022-01-20_12-24-12

Олдинги суҳбатларда "футболчининг аёли бўлиш қийин", деган фикр айтилди. Сиз бунга қўшиласизми? Қийин бўлса қандай қийинчиликлари бор?

Ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққати бор. Жумладан, футболчи бўлиш ҳам осон эмас. Ўз навбатида, футболчининг аёли бўлишнинг ҳам қийин ва масъулиятли экан. Қийинчилиги ҳақида гапирсам, оила аъзолари кўпинча бир жойда бўлмайди. 

Ўзи қайси футболчиларнинг аёллари билан танишсиз? Қайсилари билан гаплашиб турасиз?

Ашурматова, Гадоева, Турсунова, Рўзиева. Асосан, улар билан гаплашиб тураман.

Рустам Ашурматов ҳам турмуш ўртоғи билан Кореяда эди. Сиз у ерда дугонангиз Паризод билан кўриша олдингизми?

Тўғри, улар ҳам Кореяда эди. Лекин кўриша олмадик. Ҳеч имкон бўлмади. Биз яшайдиган жой улардан анча узоқ бўлган.

image_2022-01-26_16-34-10

Ҳозирда бир қизингиз бор. Уни ҳам футболчи ёки спортчи бўлишига қандай қарайсиз? Агар спорт йўлидан кетишини истамасангиз, қайси касбга йўналтирган бўлар эдингиз?

Аллоҳга шукр, қизим бир ёшга кирди. Касб танлаётган пайтимда ўзимнинг хоҳишим устун келгани учун, шунингдек, турмуш ўртоғим ҳам ўзларини қизиқиши туфайли футболчи бўлганлиги учун қизимнинг танловини ҳурмат қиламиз. Ўзи қайси касбга қизиқса, ўшанга йўналтирамиз. Агар спортни танласа, фақатгина хурсанд бўламиз. Чунки оиламизда ҳамма спортни жуда яхши кўради.

Турмуш ўртоғингиздан олган биринчи совғангиз нима бўлган?

Биринчи совғам атир эди. 

Турмуш ўртоғингиз билан содир бўлган бирор унутилмас воқеани айтиб бероласизми?

Биз учун энг унутимас воқеа бу - биргаликда ҳаёт бошлаган илк кунимиз. Ва фарзандимиз дунёга келган кун ҳам энг асосий унутилмас воқеа.

image_2022-01-26_16-37-40

Ҳаётингиз шундай кунларга бой бўлсин...

Раҳмат.

Икром Алибоевни аёли 3 та сифат билан қандай таърифлайди?

Меҳрибон, ҳақиқатгўй, сабрли.

Сўнгги ва ҳазил савол: Икром Алибоев ютқазиб қўйган ўйинларидан кейин машҳур кинодагидек тош ойнани излаб, жиғибийрон бўлмайдими? Ўзи умуман, бундай ҳолларда унга қандай ёрдам берасиз?

Ҳеч қачон иш билан оилани бир-бирига аралаштирмайдилар. Кўчадаги гап-сўз, кайфият ўша ерда қолади. Менга ҳеч билдирмайдилар ютқазиб қўйганини. Ўзим ҳам мағлуб бўлган ўйинлари ҳақида умуман гапирмайман. Аксинча, бошқа яхши гаплардан гапириб, кайфиятларини кўтаришга ҳаракат қиламан. Ғалаба билан келган пайтларида эса, биринчи бўлиб ўзим табриклайман.

Ғалабалари кўп бўлсин. Суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат!

Айтганингиз келсин. Чиройли саволлар учун сизга ҳам раҳмат!

Тўйида "кроссовка" кийган, пазандаликка қизиқувчи юрист ёхуд Рустам Ашурматовнинг турмуш ўртоғи билан интервью

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!