Турлича мақсадга эга бўлган жамоалар ёхуд "Бухоро" - "Навбаҳор" ўйинидан нимани кутяпсиз?
Бугун Бухорода ҳам муҳим ўйин бор. Майдон эгалари – “Бухоро” жамоаси Наманганнинг “Навбаҳор” клубини қабул қилади. Икки хил мақсади бор клубларнинг ўзаро тўқнашувини кузатиш ҳам ўзига яраша қизиқ. Мезбонлар Суперлигада қолиш учун, меҳмонлар эса совринли ўринлардан бирини эгаллаш учун курашяпти.
Жамоаларнинг турнир жадвалидаги ҳолатидан хабардор бўлсангиз керак. “Бухоро” 14 очко билан 13-ўринда. Лигада қолиш учун курашаётган жамоалар орасида “Қизилқум” бухороликларнинг рақобатчиларидан бири саналади. Улар эса сафарда “Бунёдкор” билан учрашувда дуранг ўйнади. Натижада “Қизилқум” “Бухоро”дан 4 очкога илгарилаб кетди. Ҳозирги вазият шундайки, майдон эгаларини ғалабадан бошқаси мутлақо қониқтирмайди, дуранг ҳам. Аслида-ку, “Навбаҳор”ни ютган тақдирда ҳам “Қизилқум”га ета олмайди, аммо очколар борасида яқинлашади ва бу бухороликларда лигада жон сақлаб қолиш йўлида умид ҳамда ишонч беради. Мабодо, очко йўқотгудек бўлса, имкониятлари яна пасайиши тайин.
Ҳа, “Навбаҳор” “Бухоро”дан ҳар томонлама кучли. Осиё Чемпионлар лигасида дастлабки иккита турдан кейин бир дуранг ва бир ғалабани ҳисобига ёздириб қўйди. Чемпионатда 37 очко билан 3-поғонада. Кеча “Насаф” Қаршида “Нефтчи”ни мағлуб этди ва очколарини 39 тага етказиб, 2-ўринга кўтарилиб олди. Сезган бўлсангиз, ўз-ўзидан “Навбаҳор”ни ҳам ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди.
Яна бир гап: “Бухоро” бош мураббийи Улуғбек Бақоев “Навбаҳор”ни мағлуб этиш йўлларини билади. Буни “Сўғдиёна”да ишлаган пайтларида кўрсатган. Кучли рақибига қарши мезбонлар барибир, биринчи навбатда ҳимояни мустаҳкам ушлаш ҳаракатида бўладилар. Қарши ҳужумда гол уришга интилади. Бундан ташқари, “Бухоро”нинг асосий футболчиларидан бири Шохруз Норхонов биринчи даврани “Навбаҳор”да ўтказганини биласиз. Аммо у ерда ҳужумчи ўзи учун етарли ўйин амалиётига эга бўла олмади. Шу боис иккинчи даврада ўзининг мураббийи ёнига кетди ва “Бухоро”ни Суперлигада олиб қолиш йўлида ёрдам беришни хоҳлади. Энди у собиқ клубига қарши тўп суради ва ўзини қай даражада кўрсата олишини кузатиш ҳам қизиқ, албатта.
“Бухоро” – “Навбаҳор” жамоаларининг бугунги тўқнашуви 60-ўйинга айланади. Бунгача бўлиб ўтган 59 та учрашувнинг 16 тасида “Бухоро”, 33 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган. 10 та беллашувда дуранг кузатилган. Тўплар нисбатидаги тафовут 62\106 наманганликлар фойдасига.
Биринчи даврада Намангандаги ўйинда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. “Навбаҳор” охирги бор Бухорода 2020 йили ўйнаган бўлиб, ўшанда ҳисоб очилмаган. Аҳамиятлиси, наманганликлар кетма-кет икки йил “Бухоро” майдонида 0:0 ҳисобида дуранг қайд этган. 2018 йилги чемпионатда “Навбаҳор” меҳмонда 1:2 ҳисобида ютган ва 3 очкони қўлга киритган. Мазкур ғалаба ҳозирча наманганликларни Бухорода қўлга киритилган сўнгги хурсандчилик ўйини бўлиб турибди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар