"Турон" мураббийи интервью бераётган жараёнда йиғлаб юборди. Бунга сабаб...
“Турон” жамоасининг мураббийлар штабида тажрибали Мурод Исмоилов ҳам фаолият олиб бораётганини биласиз. У клуб бош мураббийи Ислом Исмоиловнинг дадаси. Кичик Исмоилов кўп вазиятларда дадасидан керакли маслаҳатларни сўраб туради.
“Турон”нинг “Локомотив”га қарши ўйинида Мурод Исмоилов бош мураббий вазифасини бажарди. Бунинг сабабини барча яхши билади. Ўша учрашувда Суперлига дебютанти ғалабага яқин келганди. Бироқ кутилмаганда, Владислав Касминин онгли равишда жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнагач, “Турон” дарвозасига пенальти белгиланди ва ўзи ҳам майдондан четлатилиб, жамоасини қийин вазиятга солиб қўйди. Хўш, унга қандайдир чора кўрилдими? Катта Исмоилов дастлаб шу ҳақида гапирди.
- Наврўз байрами муносабати билан қисқа таътил бергандик. Бугун йиғилдик. Касмининнинг ўша ҳолатини инсонийлик фактори, деб ҳисоблайман. Қизиққонликда ҳар хил чораларни кўриш мумкин. Лекин ўйинни, ундаги вазиятларни синчковлик билан ўрганиб чиқиб, ўзи билан бафуржа гаплашгандан кейин, хулоса чиқарган яхши. Бу футболда ҳар бир ўйинчида юз бериши мумкин бўлган ҳолат. Атайлаб қилди, дея олмаймиз. Шу билан бирга уни бундай хато қилишга ҳаққи йўқ ёшда, деб ўйлайман. Шу сабабли, дабдурустдан қарор чиқариш нотўғри бўларди. Ҳаммасини таҳлил қиламиз.
“Турон” клуби дастлабки учта турдан кейин иккита мағлубият ва битта дуранг қайд этди. Мурод Исмоилов жамоасининг ортда қолган ўйинларига муносабат билдирди.
- Ҳар бир жамоа янги ташкил этилганда, айниқса, бизга ўхшаган клуб Суперлигага чиққанига қарасак, таркибнинг 80-90 фоизи янги тузилди. Номма-ном айтмайман, аммо яхши савиядаги жамоалар ҳам ўз вақтида етук футболчиларни олган тақдирда ҳам, дастлабки йилларда натижа кўрсата олмаган. Бир-бирини ўргангунча, ички муҳитни яхшилагунча барибир вақт керак бўлди. Бизнинг жамоада ҳам шундай ҳолат бор. Тарихда биринчи маротаба Суперлигага чиқдик. Тўғри, тажрибали ўйинчиларни олиб келдик. Аммо шундай гап бор: юлдузларни йиғиб олди, дейиш билан бу ҳали жамоа шаклланди, дегани эмас. Профессионал нуқтаи назардан қараганда, “Турон” жамоасига бироз вақт керак. Буни раҳбарият ҳам, мухлислар ҳам тўғри тушунишлари лозим. Йигитларнинг ўйини чакки эмас. Айрим клублар икки-уч йилда қиладиган ишни биз имкон қадар тезлаштириб бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Мураббийлар ҳам фаришта эмас, албатта. Футболчиларга нимани истаётганини ва қандай услубда тўп суришни сингдира олиши учун ҳам вақт талаб қилинади. Ўйиндан-ўйинга ҳаммаси шаклланиб боряпти. Жамоамиз тўғри йўлда. Қилаётган ишларимиз ўз натижасини беради.
“Турон” сафида кореялик Ким Бо Йонг ҳам бор. Бироқ ҳозирча унинг қандай хусусиятларга эгалиги тўлиқ намоён бўлгани йўқ. Аслида унинг таклиф этилиши тўғри қарормиди? Бу ҳақида Мурод Исмоилов шундай деди:
- Кореялик футболчида потенциал борлигини кўряпман. Ўзи ҳам ёшроқ, тезкор ўйинчи. Камчиликлари нисбатан камроқ. У яхши томонга бурса бўладиган ҳолатда. Фақат битта муаммо бор: унинг оёқ мушакларида қанақадир тушунарсиз оғриқ бор. Мисол учун, бугун яхши бўлса, эртага каттароқ юкламалардан кейин оғриқ пайдо бўлиб қоляпти. Бу ҳам вақт масаласи. Унга бироз дам бериб, яхшилаб даволатиб, сўнг машғулотларга олиб кирмоқчимиз. Қўқон билан учрашувда таваккал қилиб, уни қўйдик, шундан кейин яна бироз оғриқ бўлди. Лекин кореялик легионерга ишончимиз бор. Ўйлайманки, бу тўғри танлов. Аммо тил масаласида ҳам озгина тушунмовчилик бўляпти. У инглиз тилини яхши билмас экан. Бизда таржимон бор, аммо у корейсчани яхши билмайди. Фитнес-мураббийимиз корейс тилини бироз биларкан, футболчига тушунтиришга ҳаракат қиляпти. Сербиялик футболчиларда ҳам шундай муаммо бор. Рус тилини билмайди, инглиз тилини билади, ҳаттоки, биттаси инглиз тилини ҳам билмайди. Шундай бўляптики, у сербча гапиради, шериги уни инглизчага таржима қилади, таржимонимиз эса ўзбекчага ўгиради. Лекин улардан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.
Ислом Исмоиловнинг иккинчи турда “Сўғдиёна”га қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида айтган гапларини ҳамма кўрди. Аслида бу ҳақиқат сифатида айтилган сўзлар эди. Бироқ ёш мураббийнинг ўша вазиятда ўта хиссиётга берилиб кетиши эвазига ЎФА тартиб-интизом қўмитаси уни иккита ўйинга четлатганди. Мазкур вазият бўйича ҳам Мурод Исмоилов ўз муносабатини билдирди ва кейин дилигадига фикрларини ҳам айтди
- Қарорни чиқарганлар бор. Одоб юзасидан айтганда, тўғри қарор, деб қабул қиламан. Албатта, гапирилган гаплар ҳақиқат. Чунки ўйиндаги вазиятлар юзасидан фикр билдирган. Тўғри, ҳиссиётларга берилмасдан гапирса ҳам бўларди. Аммо ўша пайтдаги ҳиссиётда уни ҳам тўғри тушуниш мумкин. Балки мен ҳам уни ўрнида шундай вазиятга тушишим мумкин эди, бу ҳаммада бўлиши табиий. Ҳар ким фикрини турлича баён қилади. Жамоа машғулотларида ўзи қатнашяпти. Мендан маслаҳат сўраганида, ёрдам бериб турибман.
Битта гап: бу ичимдаги сўзлар. Айтганларимни чиқарасизми-йўқми, ўзингизга ҳавола. Масалан, мен Ўзбекистон фуқаросиман, футбол ичида юрибман ва унинг нонини еяпман. Қанчадан-қанча одамлар орзу умидлар билан Ўзбекистонни жаҳон чемпионатида ўйнашини хоҳлаяпти. Яна қанчадан-қанча одам эса ўша орзу умидлари билан Ўзбекистонни мундиалда иштирок этишини кўра олмасдан ўтиб кетди. Битта тилагим, орзум ва мақсадим...футболни тушунадиган ва уни яхши кўрадиган одамлар Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига чиққанини, у ерда ўйнашини кўрсин, дейман. Айтаётганларим маддоҳлик эмас, ҳаммаси юрагимдаги гаплар. Биринчи ўринда, Ўзбекистон Президенти, футболимизни бошқараётган раҳбар, дейлик Қатардаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон байроғи хилпираётган маҳалда очилиш маросимида ўша стадионда ўтиришларини истайман. Шу билан бирга, ҳақиқий футболни яхши кўрадиган одамлар агар имконияти бўлса, ўша стадионларга бориб терма жамоамизга мухлислик қилишини хоҳлайман. Лекин футболимизда нотўғри ишлар бўладиган бўлса, ўсиш бўлмайди. Мана, Худога шукр, учта турдан кейин барча клубларимизда ўсишни кўряпман. Ўткинчи ўйинлар бўлмаяпти. Ўсиш бор. Масалан, про-лигамизни қаранг, у ердаги савия ҳам кучайиб кетди. “Футбол ТВ” билан “Узрепорт” телеканаллари про-лига баҳсларини шу даражада олиб берадики, кўриб маза қиласиз. Сифат юқори, шарҳловчилари ҳам ўйинларга жозиба беряпти. Ўтган йили кўриб шунга амин бўлдимки, про-лиганинг савиясини шарҳловчилар ҳам кўтариб юборди. Футболни шундай шарҳлаб беришдики, танқиддан ҳам кўпроқ футболнинг жозибасини кўрсатиб беришди. Шунинг учун бу йил про-лигадан янада юқори савияни кутяпман. Суперлигадан ҳам умидим катта. Худо хоҳласа, бу йил футболимиз ўсади. Стадионларга мухлисларни қайтаряпмиз. Лекин бироз салбий вазиятлар туфайли ишқибозлар яна кирмай қолишлари мумкин. Мен бировни айбдор демайман. Лекин асосий мақсадимни сизга очиқ-ойдин айтяпман. Республикамизда шунча ишлар бўляпти, қийинчиликларга қарамасдан ривожланиш бўляптими, демак, футболимизда ҳам бир қадам бўлса-да, олдинга силжиш бор деб ўйлайман. Шунинг натижасида азалий орзуимизга эришамиз. Агар Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқса, ҳаммаси бошқача бўлиб кетади. Очиқ гап, жуда кўпчилик терма жамоамизни мундиалда кўрмасдан ўтиб кетди. Биринчи Президентимиз шу нарсани кўрмасдан ўтиб кетди. Мираброр Усмонов ҳам кўрмади. Майли, бу тақдир экан. Аммо энди ҳозиргилар кўрсин, биз кўрайлик (шу пайт Мурод Исмоилов кўз ёшларини тийиб тура олмади). Шуҳратжон, ўзимни тўхтата олмаяпман (бироз сукунатдан кейин). Мен футбол одами сифатида ҳамма нарсага тайёрман. Нимаики қилиш керак бўлса бажарамиз, ўша азалий мақсадимиз амалга ошиши учун. Мен битта клуб ёки ўзимнинг шахсий манфаатимни айтмаяпман. Бутун халқимизнинг орзусини айтяпман. Муҳтарам Президентимиз хурсанд бўлиб, терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги ўйинини стадионда кўришини хоҳлаяпман. Ўша ерда Юртбошимизнинг ўтиргани бизнинг стадионда ўтирганимиз бўлади.
Фикрлар
экан футболни улдиради жахон чемпионати армон булиб колаверади.