"Турон" президенти - бош мураббий масаласи, янги номзодлар, таркибда қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида гапирди
Суперлига дебютанти – “Турон” клуби яққол аутсайдер бўлиб турган бўлса ҳам ҳамон изланишда. Куни кеча sports.uz мухбири “Турон” жамоаси президенти Абдуваҳоб Аҳмадалиев билан бош мураббий масаласи, таркибдаги ўзгаришлар ва яна бошқа масалалар бўйича суҳбатлашди.
- Куни кеча “Турон”да иш бошлаган Анвар Бердиевнинг кейинчалик бош мураббийга айланиши мумкинлиги ҳақида эшитяпмиз. Бу масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз.
- Йўқ, уни бош мураббийликка таклиф қилмаганмиз. Жамоамизни польшалик мутахассис бошқариб турибди. Бош мураббийликка Анвар акани номзоди йўқ. Сабаби “Про” лицензиясига эга эмас. Бердиев жамоамизда ҳужумчилар билан ҳам алоҳида ишлаб, уларнинг самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
- Баниак “Турон”ни биринчи давра охиригача бошқарадими ёки янги мураббий топилган заҳотиёқ ўрнини бўшатиб берадими?
- Ислом Исмоилов кетганидан кейин бош мураббий лавозими Богуслав Баниакка вақтинча топширилган. Унинг натижаларига қараймиз. Балки тўртта ўйинда ютадиган бўлса, балки яна лавозимида қолишини кўриб чиқамиз. Ҳозирдан уни 100 фоиз қолади ёки кетади, деб айтиб бўлмайди.
- Аслини олганда, польшалик мураббийни қандай топдинглар?
- Мураббий Польша футбол федерациясида ишлаб турганди. Унга жамоамиз ёшларини, инфратузилмасини клуб билан танишиш мақсадида ташриф буюрганида у билан яқиндан гаплашдик. Польша футбол федерациясида шартномаси тугаётганини айтди. Янгилик олиб кириш, жамоамиз ўйинларини таҳлил қилиш мақсадида уни таклиф қилдик. Бир ойдан кейин Польшада шартномасини бекор қилиб, бу ерга келди ва мураббийлар штабида иш бошлади.
- Яқиндан бери Нўъмон Ҳасановнинг ҳам “Турон” бош мураббийи бўлиши учун номзоди борлиги ҳақида эшитяпмиз. Бу ҳақиқатми?
- Қуруқ гап-сўз. Нўъмон Ҳасановга расмий таклиф билан чиққанимиз йўқ.
- Умуман айтганда, бош мураббий масаласи нима бўляпти? Бу борада номзодлар борми ёки асосий эътибор польшалик мураббийга қаратилганми?
- Номзодлар кўриб чиқиляпти. Ҳозирча Баниакка имконият берилган. Боя айтганимдек, барчаси натижаларга қаралади. Ўзбекистондаги яхши мураббийлар ўз клубларида ишлаб турибди.
- Сир бўлмаса қайси мутахассислар билан музокаралар бошланган?
- Ҳали ҳеч қайси мураббий билан музокара ўтказганимиз йўқ.
- “Турон” хусусий клуб бўлса-да, барча шароитлар бор, муаммо йўқ. Таркиб ҳам шунга яраша йиғилган. Бироқ натижа йўқ. Ҳамон ғалабасиз серия давом этяпти. Бу саволга қандай жавоб берасиз?
- Жамоамиз Суперлигага 50-60 фоиз янгиланган ҳолатда чиқди. Ўйинга мослашишда қийинчиликлар бўлди. Тақвим ҳам жамоамиз ноқулай келди. Қаторасига еттита турда кучли рақиблар билан ўйнадик. Жамоавий ўйин аста-секин яхшиланяпти. Фақат бироз омадимиз ва совуққонлик етишмаяпти. Голли имкониятларимиздан фойдалана олмаяпмиз. Қишки йиғинда футболчилар ҳар хил вақтларда келишди. Чемпионат бошланишига 10 кун қолганида ҳам таркибга ўйинчилар қўшилишди. Бу футболчиларнинг жисмоний ҳолатига таъсир қилмасдан қолмади. Аксарияти битта вақтга келмаганлиги учун шундай ҳолат юз беряпти, деб ўйлайман.
- Трансфер ойнаси очилганида таркибда яна ўзгаришларни кўрамизми?
- Албатта, бу ҳақида ҳам ўйлаяпмиз. Позицияларни кучайтириш бўйича ишлаяпмиз. Иккинчи даврада янги футболчиларни олишимиз мумкин. Музокаралар олиб боряпмиз. Ҳужумчи, ярим ҳимоячи...жамоамизнинг нозик нуқталарини кучайтирмоқчимиз.
- Қишдаёқ “Турон”нинг Бобур Абдуҳолиқовга жиддий қизиқаётганини билардик. Бу масала яна кўтариляпти, чоғи...
- Ҳа, қишда Бобур билан гаплашгандик. Агар четга кетмаса клубимизни танлашини билдирганди. У жамоамиздаги шароитлар ва мақсадларимизни яхши билади. Лекин у Украинанинг “Рух” клубига кетди. Балки у ерда мослашиш жараёнидан ўтиши қийин бўлгандир. Асосан ўринбосарлар таркибида ўйнади. У ердан қайтиб келганидан кейин ҳам ўзи билан яна гаплашдик. Яна четдан таклиф борлигини айтди. Агар Ўзбекистонда қоладиган бўлса, “Турон”га келиши эҳтимоли катта. Ҳозир индивидуал тарзда шуғулланиб турибди. Лекин кўп эҳтимол билан четга кетиши ҳам мумкин.
Фикрлар