Турсуной Раҳимовадан ажойиб жанг ва чиройли ғалаба

Иордания пойтахти Амман шаҳрида давом этаётган Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи турнирда ҳамюртимиз Турсуной Раҳимова (-51 кг) жанубий кореялик Жу Хюнг Жунгга қарши чорак финал босқичи йўлида ўз жангини ўтказди.

Мазкур вазн тоифасида қолганларга нисбатан кўпроқ йўлланма ўйналади. Яъни, олтиликдан ўрин олган боксчилар лицензияни қўлга киритади.

Жангнинг биринчи раунди тезкор зарбалар алмашинуви билан бошланди. Вакиламиз чап қўлида бир қатор аниқ зарбалар йўллай олди. Умуман олганда, ушбу раундда юртдошимиз ажойиб ҳаракат қилди.
Иккинчи раундда бироз клинч ҳолатлари кўпроқ бўлганлиги билан ёдда қолди. Лекин Турсуной рақибини аниқ зарбалар билан кутиб олишга ҳаракат қилди ва бу қайсидир маънода ўзини оқлади, деб айта оламиз.

Учинчи раундда жанубий кореялик боксчи олдинга ташланди ва биринчи рақамда ҳаракат қилди.

Албатта, икки раундда имкониятни бой берганлиги ҳам бундай ҳаракат қилишга ундади. Бироқ, юртдошимиз қарши зарбаларда яхши ҳаракат қилди. Услубидаги ранг-баранглик вакиламизга қўл келди ва у ушбу тўқнашувда чиройли ғалабага эришди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!