Учта АПЛ клуби «Интер» ҳужумчисини нишонга олди
«Интер» Маркус Тюрамни сотишни режалаштирмаяпти, фақат тахминан 60 миллион евро таклиф қилинса, позициясини қайта кўриб чиқиши мумкин.
«Интер» (Милан) таркибида тўп суриб келаётган француз ҳужумчиси Маркус Тюрамга Англия премьер-лигаси клублари кўз тикиб қўйган. Бу ҳақда Football360 нашри журналисти Экрем Конур хабар берди.
Манба маълумотига кўра, 29 ёшли форвардни ўз сафига қўшиб олиш истагида «Тоттенхэм», «Ньюкасл» ва «Астон Вилла» клублари бор. Шу билан бирга, ҳозирча ушбу жамоалардан бирортаси расмий таклиф йўлламаган.
Хабарда таъкидланишича, «Интер» Тюрамни жамоанинг муҳим фигураси, деярли алмаштириб бўлмайдиган ўйинчиси сифатида кўради ва уни сотишни режалаштирмаяпти. Бироқ тахминан 60 миллион евро атрофидаги таклиф клуб раҳбариятини ўз позициясини қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкин.
Маркус Тюрам жорий мавсумда барча мусобақалар доирасида учта ўйинда майдонга тушиб, бир бор гол уришга муваффақ бўлди.

Изоҳлар (0)