Уиттакер тажрибали ва чемпион, бироқ Икром Алиаскеров нокаут қилади (Сўровнома)
Эртага, 22 июнь куни Саудия Арабистонида UFC турнири бўлиб ўтади. Мазкур жангнинг асосий тўқнашувида Роберт Уиттакер ҳамда Икрам Алиаскеров тўқнаш келди. Биз ушбу жанг борасида ўзбек ММА олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.
Фарруҳ Мадаминов- мураббий
Тўғриси, Чимаев ва Уиттакер жангини роса кутгандим. Кутилмаганда бундай ўзгаришлар бўлиб кетди. Икрам Алиаскеровни ҳам яхши жангчи деб биламан. Кучли зарбага эга. Доғистонлик эканлигини инобатга олган ҳолда, курашига ҳам юқори баҳо бераман. Бироқ, Уиттакерни мухлисиман. Роби жуда тажрибали ва фаолияти мобайнида жуда кучли жангчиларга тўқнаш келган. Кардио борасида ҳам мақтана олади. Шунингдек, жуда тезкор. Агар Алиаскеров "лаки панч" билан ғалаба қозонмаса, очколар ҳисобида Уиттакер ғалаба қозонади. Имкониятларни 60/40 дея баҳолаган бўлардим. Уиттакер фойдасига!
Мавлон Мавлонов- мураббий
Жуда қизиқарли жанг! Бу қарама-қаршиликда Роберт Уиттакернинг имкониятини юқори баҳолаган бўлардим. Чемпионлик жангларини жуда кўп кўрган. "Стойка"си ҳам яхши ва кураши ҳам кучли. Чемпионлик шундай нарсаки, у бошқача жангчига айланади. Фаолиятим мобайнида, Ўзбекистон чемпионатларида жуда кўп гувоҳ бўлганман. Чемпион бўлган болада руҳият пайдо бўлади. Шунинг учун бу жангда Уиттакер ғалаба қозонади, деган фикрдаман. Имкониятларни 60%-40% дея баҳолаган бўлардим.
Ҳумоюн Ибрагимов - ММА жангчиси
- Очиғи бу жангда Роберт Уиттакерга мухлислик қиламан чоғи, билмадим нимага? Тўғриси, буни очиқлаб бера олмайман. Шунчаки унинг жанг қилиши ва ўзини тутиши ёқади. Хақиқий спортчи ва хақиқий чемпион сифатида кўраман. Имкониятлар 60%-40% Уиттакер!
Шуҳратбек Абдумуталибов - мураббий
- Тўғриси, бу жангдан сенсация кутяпман. Уиттакер собиқ чемпион ва жуда тажрибали жангчи. Бироқ, бу тўқнашувда иштиёқ устун келади, деган фикрдаман. Икрам проспект ва "ухлатиб" қўйувчи зарбага эга. Менимча у Уиттакерни тута олади ва муддатидан аввал ғалаба қозонади, деб ўйлайман.
Зафар Салимов - Ўзбекистон ММА ассоциацияси Самарқанд вилояти бўлими раиси
- Икрам Алиаскеровга мухлислик қиламан. Яхши даражадаги жангчи. "стойка"чи ҳам яхши, курашига ам юқори баҳо бераман. Биргина тажриба борасида рақибига имкониятни бой бериши мумкин. Уиттакер жуда кучли ва маҳоратли саналади. У катта жангларни кўп кўрган. Ҳар қандай услубдаги рақиблар билан тўқнаш келган. Бироқ, мен Икрамга ишонаман. У ғалаба қозонади. Жанг муддатидан аввал якунланади. Имкониятларни 65%-35% деб биламан. Алиаскеров фойдасига!
Дониёрбек Рўзиев - мураббий
- Икрам Алиаскеров ғалаба қозонади. Тўғри, Роберт Уиттакер собиқ чемпион, дивизион етакчиси ва жуда тажрибали саналади. Аммо, унинг фаолиятида пасайиш юзага келаётган вақти. У Дрикус билан жангда хеч нима қила олмади. Тўғри, охирги жангда Пауло Костага қарши яхши ҳаракат қилди. Бироқ, у барибир аввалги Уиттакер эмас. Икрамда эса мотивация бор. У бу жангда ғалаба қозонса, чемпионлик жангида октагонга кўтарилиши мумкин. Шундай экан, бу имкониятни у қўлдан чиқармайди. Имкониятларни 60%/40% деган бўлардим.
Фикрлар