"Уларга футболимиз кучли "Сўғдиёна"га ютқазасизлар дегандим, мени 3 йил чақиришди" ёхуд "Куала Лумпур"да тўп сурган ўзбекистонлик футболчини биласизми?

Афсуски, “Сўғдиёна” клуби ОФК Кубоги ҳудудлараро финал босқичида ўз уйида Малайзиянинг “Куала Лумпур Сити” жамоасига пенальтилар сериясида ютқазиб, ушбу мусобақадаги юришини тўхтатишга мажбур бўлди.

Биз эътиборингизни бир қизиқ жиҳатга қаратмоқчимиз. Малайзиянинг мазкур жамоаси сафида 2017 ва 2018 йиллари ҳамюртимиз Бобур Акбаров тўп сурган. Биласиз, айни чоғда у “Сурхон” шарафини ҳимоя қилмоқда.

Орадан бир неча йил ўтган бўлса ҳам Акбаровнинг “Куала Лумпур”да дўстлари қолган. “Сўғдиёна”га қарши ўйиндан сўнг Sports.uz журналисти “Куала Лумпур”нинг собиқ футболчиси – Бобур Акбаров билан айрим қизиқ масалалар ҳақида суҳбатлашди.  

- Собиқ клубингиз – “Куала Лумпур”нинг ОФК Кубогида муваффақиятли юришини билармидингиз ёки сиз учун кутилмаган ҳол бўлдими?

- Албатта, бу клубда ўйнаганман ва собиқ жамоамга бефарқ эмасдим. Уларнинг баъзи-бир ўйинларини кўриб тураман. Айнан ОФК Кубогида бундан аввалги учрашувини ҳам кузатгандим. Ҳиндистон клубига қарши ютиб қайтганди. Шундан кейин Ўзбекистонга келишини билиб, “Куала Лумпур”даги таниш футболчилар билан гаплашдик. Қизиқиб мақсадини сўраганимда, бориб ютиб келамиз, деб айтишганди. Лекин мен уларга Ўзбекистон фуболи кучли, барибир ютқазиб қайтасизлар, деган жавобни айтгандим. Тақдирни қарангки, малайзияликлар пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. Футболда ҳамма нарса кутса бўлади.

куала1

- Ҳозирги “Куала Лумпур” таркибида олдин сиз билан бирга тўп сурган футболчилардан нечтаси ўйнаяпти?

- Жамоа сафида адашмасам учтаси қолган. Бразилиялик сардор Пауло Жозуэ, 17-рақамдаги Ирфан Закари ва 8-рақамда тўп сурган Зафри Яҳёни айтишим мумкин.

- Собиқ клубингизнинг “Сўғдиёна”ни мағлубиятга учратиб финалга чиқиб кетгани сиз учун кутилмаган вазият бўлдими? Ўйинни кўрдингизми?

- Ўзбекистон футболи жаҳон рейтингида Малайзиядан анча юқорида туради. Қайсидир маънода “Сўғдиёна”нинг ўйини ўхшамади, десак ҳам бўлади. Албатта, улар ҳам “Сўғдиёна”га қарши яхши тайёргарлик кўрган. Йўлда бўлганим сабабли ўйинни тўлиқ кўра олмадим. Шу сабабли бир нима дейишим қийин. Аммо натижани эшитиб хафа бўлдим.

бобур_2

- Учрашувдан аввал “Куала Лумпур”даги дўстларингиз билан гаплашганингизда улар сиздан “Сўғдиёна” тўғрисида сўрашгандир-а?

- Албатта, сўрашди. Қайси футболчилар ўйинни бошқариши ҳақида қизиқишди. Мен уларнинг ҳеч бирига бу хусусида айтмадим. Фақат шуни айтгандимки, “Сўғдиёна” яхши клуб, сизларни бемалол мағлуб этади, деб жавоб қайтаргандим. Афсус, бундай бўлиб чиқмади. Шунингдек, малайзиялик мухлислар менга ўйинга бориб “Куала Лумпур”ни қўллаб-қувватлагин деб роса ёзишди. Аммо уларга қандай қилиб ўз юртим жамоасига қарши ўйнаётган клубни қўллайман, деб жавоб қайтардим.

- Адашмаётган бўлсам, сиз бу жамоага келган пайтда клуб Суперлигага энди чиққан ва дебютини ўтказаётганди-а?

- Ҳа, биринчи йили премьер-лигадан клубни олиб чиққандик. Кейинги йили кучли саккизталикка киргандик.

бобур1

- Ўша клубдаги икки йиллик фаолиятингиздан қандай хотирлара қолган? Ҳалигача эслаб турадиган воқеалар борми?

- Ҳар бир инсон олдинги босиб ўтган йўлини эслайди ва қизиқ дамлари бўлади. Малайзияда ўтказган икки йиллик ҳаётимни эслаб тураман. У ерда тақвим ҳар хил келади. Учта Кубок мусобақаси ҳам бор. Эсимда, август ойида адашмасам 11 ёки 12 та ўйин ўтказганмиз. Ҳаммаси бир ойда бўлган. Мен ўша барча учрашувларда тўлиқ иштирок этганман. Шунда ҳамма менга уйга қандай бориб келяпсан, кучинг ҳам қолмаётгандир. Яна машғулотдасан ва эртасига ўйнаяпсан-а, деб ҳазил қилиб гапиришарди. Бу ҳолатлар кўз олдимдан кетмайди. Ўшанда августда ўйинларимиз йиғилиб қолгани эвазига ҳар уч кунда ўйнаганмиз. Бошқа шаҳарга бориш керак бўлса, ўйиндан кейин дарҳол йўлга чиқардик.

- “Куала Лумпур” “Сўғдиёна”га қарши ёпиқ, ҳимоявий ўйнади. Дарвозабони ҳам яхши таассурот қолдирди. Уларнинг режаси иш берди ва якунда пенальтилар сериясида ютиб кетди. Сиз ўйнаган пайтда ҳам жамоанинг услуби шунақамиди?

- Йўқ, биз ўйнаган даврда бош мураббий бразилиялик эди. Ўйин услубимиз ҳимоявий эмасди. Фақат ҳужумкор футбол эди. “Сўғдиёна”ни узун паслар билан ўйин кўрсатишини кўпчилик билади. Шуни ҳисобига малайзияликлар қарши ҳужумдан фойдаланиб ўйнаган бўлиши мумкин. Улар мақсадига эришди, натижа қилди.

куала

- Собиқ жамоангизни ОФК Кубогини ютишига ишоняпсизми?

- Шу темпда давом этса ютиши ҳам мумкин. Боя айтганимдек, бу футбол. Ҳамма нарса кутса бўлади. Лекин шу ергача келишнинг ўзи осон эмас. Бундан буёғига омад тилаймиз. Бошқа яна нима ҳам дердик?

- “Куала Лумпур” сизга яна таклиф билан чиққан пайтлари ҳам бўлганми?

- Кетганимдан кейин кетма-кет уч йил чақиришди. Оилавий шароитим сабабли бора олмадим. “Андижон”да ва “Қўқон-1912”да ўйнаб юрган пайтларимда доим таклиф қилишган. Аммо ризқим қўшилмаган экан, ўзимизда қолганман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!