Улуғбек Бақоев: "Ҳар бир ўйин бир-биридан фарқ қилади"
Про лиганинг 2-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Бухоро” (0:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев матбуот анжуманида қатнашди.
- Биз қийин ўйин бўлишини билгандик. “Қўқон-1912” Суперлигага чиқиш учун асосий даъвогарлардан бири. Шунинг учун бу учрашувга яхши тайёргарлик кўрдик. Ўйин шуни кўрсатдики, иккала жамоа ҳам ғалаба қозониши мумкин эди. Лекин биз гол урдик ва ҳимояда тартибли ўйин кўрсатдик. Йигитларга ғалаба учун миннатдорчилик билдираман. Шу ўринда Ўзбекистон халқини 21 март, Наврўз байрами билан табриклайман.
- Бухоро” ўтган турда “Шўртан” билан ўйнади. “Шўртан” ва “Қўқон-1912”ни солиштира оласизми? Сизга қайси жамоа маъқулроқ кўринди?
- Ҳар бир ўйин бир-биридан фарқ қилади. Буни ҳаммамиз биламиз. Ўйинлар вазиятларга боғлиқ ва маълум пайтларда бир-биридан фарқ қилади. Биз Ғузорда ҳам гол уришимиз мумкин эди ва дарвозамиздан тўп олиб чиқишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Бу ерда ҳам шундай. “Шўртан” ҳам, “Қўқон-1912” ҳам ўз тактикаси бўйича ўйнади. Жамоаларни ўз мураббийи, фалсафаси бор. Шунинг учун иккаласи ёқди. Аммо қўқонликлар кўпроқ ёқди, дейишим мумкин. Бу жамоадаги футболчилар бўйдор ва бақувватроқ. Ўйлайманки, “Қўқон-1912” ўз олдига қўйилган вазифани бажара олади.
- Ўтган йилги таркиб кучлими ёки бу йилгисими?
- Агар ўтган йилги вазиятга келсак, биз про лигага тушиб кетдик. Демак, жамоамиз кучсизроқ эди. Бу йил раҳбарият Суперлигага қайтиш вазифасини олдимизга қўйди. Худо хоҳласа, ҳар бир ўйинга тартиб-интизом ва рақибга ҳурмат билан ёндашсак, бор кучимизни берсак ўйлайманки, мухлисларимиз олдида бу вазифани бажара оламиз. Лекин ҳар бир клуб ўзига яраша кучли.
- Ўғлингиз Амир Беларус чемпионатида тўп суряпти. У терма жамоага чақирилиши мумкинми?
- Албатта, имконият ҳар бир футболчида бор. Меҳнатсеварлигига, ўз ишига профессионал ёндашиши ва сабр-тоқатига боғлиқ. Кўпчилик термада тўп суришни хоҳлайди. Лекин барчага ҳам бу насиб қилавермайди. Асосийси, терма жамоамизга мақсадига эришиш йўлида муваффақият тилайман.
Фикрлар