Уммон бош мураббийи: "Илк ўйинда Ўзбекистонга қарши қандай ўйнашимизни майдонда кўриб оласиз"
Эртага "CAFA Nation's Cup" мусобақасига старт берилади. 7 та терма жамоа иштирок этадиган турнир олдидан Уммон терма жамоаси бош мураббийи Бранко Иванкович матбуот анжуманида иштирок этди.
"Ҳаммага ҳайрли кун! Авваламбор, Ўзбекистон Футбол Ассоциациясига қатнашиш таклифини бергани учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз бу мусобақада иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. Ўзбекистонга биринчи марта келаётганим йўқ. Олдин ҳам икки марта бу юртга ташриф буюрганман. Мақсадимиз - турнирда юқори натижалар қайд этиш.
Ўзбек жамоаларини ҳурмат қиламан. Уларга қарши ўйнаш бизга доим қийинчилик туғдириб келган. Ўйлашимча, ўзбек жамоаларида аввалгига қараганда жуда кескин ўзгаришлар бўлмаган.
Ўзбекистон, Эрон каби термалар энг яхши таркиб билан бу мусобақада иштирок этишмоқда. Кучли рақибларга, турли усулларга эга жамоаларга қарши ўйнаш биз учун яхши тажриба бўлади. Ушбу ҳолат турнирнинг даражаси юқори эканидан далолат беради.
Илк ўйинда Ўзбекистонга қарши қандай ўйнашимизни майдонда кўриб оласиз. Биз мезбонларни ҳурмат қиламиз. Улар кучли жамоа эканини бутун минтақа яхши билади.
Рақиб мураббийлари билан яхши танишмиз. Туркманистон ва Тожикистон ҳам яхши қаршилик кўрсатади. Улар билан шунчаки ўртоқлик ўйини ўтказиб кетмоқчи эмасмиз!, - деди мутахассис.
Фикрлар