Вадим Абрамов: "Ғалабани таъминлашга ҳеч ким кафолат бермайди"

“Динамо” – “Андижон” (1:1) ўртасидаги учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Мухлислар олдида узр сўраймиз. Бугун байрам қилишни режалаштиргандик. Атмосфера байрамона эди. Аммо биз ютолмадик. Биринчи таймда имкониятларга эга бўлдик. Қарши ҳужумларда яхши ўйнадик. Сен урмасанг сенга уришади, деган нақл яна ўз исботини топди. Рақиб ўз имкониятидан яхши фойдаланди. Биз дурангни қабул қилиб олдик. Стадионга кўплаб мухлислар келди. Бундай иссиқ ҳавода келиб қўллаб-қувватлаган ишқибозларга катта раҳмат. Рақибга стандарт вазиятларда имконият бермасликка ҳаракат қилдик. Бир қатор камчиликларимиз борлигини яхши биламиз.

- Иккинчи бўлимда таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширдингиз. Жисмоний тарафдан муаммолар борлиги кузатилди. Бу нарса иккинчи даврада бартараф қилинадими?

- Битта тур қолди, ҳозир ўзгартириш қийин. Биринчи давра тугасин. Ҳозир иссиқда ўйнаш осон эмаслигини яхши биламиз. Баъзи вазиятларда ўйинни тўғри ташкил қилмадик. Бундай иссиқда кўп энергия сарфлаш яхшиликка олиб келмайди. Ҳимоя билан ярим ҳимоя ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш жуда муҳим.

- Янги ўйинчиларни таклиф қилиш режаси борми?

- Албатта, бундай режаларимиз йўқ эмас. Жамоани кучайтирамиз.

- “Сўғдиёна”да ўйнаётган Шохруҳ Абдураҳмоновни яна “Динамо”га қайтариш мумкинми?

- Бизда бундай режа йўқ. У “Сўғдиёна” футболчиси. Улар билан шартномаси бор ва яхши ўйнаяпти.

- Ютаётган пайтда ғалабани сақлаб қолиш учун бошқа режангиз бормиди?

- Бошқача ўйин кўрсатганимизда бу ғалабани таъминлашга ҳеч ким кафолат бермайди. Чунки рақиб таркибида ҳам тажрибали ўйинчилар борлигини билардик. Ғалабани ўйлаб режалар ишлаб чиққандик. Уларни стандарт вазиятлардан яхши фойдалана олишини ҳам билардик. Мавсумдаги ўйинларни кузатиб, ўргангандик. Ярим ҳимоячиларимиз керакли пайтда яхши ўйнай олмадилар. Яримҳимояда ўйинни назорат қила олмадик, йигитлар таваккал қилишга журъат қила олишмади. Шу боис ўзгаришлар қилдик. Таваккал қилишдан қўрқмаслик керак. Мен одатда футбол ўйнашдан қўрқадиган ўйинчиларга эътироз билдираман. Хато ҳаммада бўлади, аммо футбол ўйнашдан қўрқмаслик керак.

- Кожонинг ўйини хусусида фикрингиз қандай?

- У ғалабани хоҳлаганди. Чунки стадионга кўп ишқибозлар келганди. Унинг хоҳиш ва истаклари кучлилиги учун шундай жиҳатларни ҳисобга олгандик. Ҳозир кийиниш хонасида ортиқча гап гапирмадим. Ўйинни кўриб таҳлил қиламиз. Биз икки очко йўқотдик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!