Вадим Абрамов: Ҳакамларимиз Европа футболини кўрмайдими?
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаси 19-туридан ўрин олган "Локомотив" ва "Бунёдкор" жамоалари ўртасидаги Тошкент дербиси "темирйўлчиларнинг" 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Вадим Абрамов қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Мен нима ҳам дея оламан?! Барчангиз ўйинни кўрдингиз. "Локомотив"ни ғалаба билан табриклайман. Фақат, бир нарса ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Рақиб ўйин темпини бузиш учун кўп ишлар қилди. Буни тушуниш мумкин: футболдаги оддий айёрлик. Аммо ҳакамлар нима учун керак? Биз - мураббийлар, футболчилар Ғарб футболидан ўзимизга керакли нарсаларни ўрганамиз. Наҳотки, ҳакамлар футбол кўрмайди?!
Улар очиқчасига вақт чўзмоқда. Жами 10 та ўзгариш бўлган ўйин учун 4 дақиқа қўшиб берилмоқда. Англия футболини кўринг, 8-10 дақиқагача қўшиб беришади. Мен ўйин давомида ҳам уларга шунча тўхталишга қарамай, 3-4 дақиқа қўшиб беришларини айтгандим. Мана, шундай ҳам бўлди.
Голларни персонал хатолар эвазига қўйиб юбордик. Биринчи голда офсайд бордек туюлди. Иккинчи голда эса ҳимоячилар жой танлашда адашди.
"Локомотив" дарвозабонини энг яхши ўйинчи, деб атаган бўлардим. Керакли вазиятларда керакли ишларни амалга оширди.
Нуриевда ўйин амалиёти кам бўлмоқда. Аксарият ўйинларда 10-15 дақиқа ўйнамоқда. Бир ўйинда пенальти ҳам ишлаб берганди. Ҳа, ҳужумчининг вазифаси гол уриш. Аммо унда кам вақт бўлмоқда. Шунга қарамай, айтиб ўтишим керакки, бугун майдонга туширган футболчиларимизнинг ҳеч бири ўйинни кучайтира олмади. Хуршид Ғиёсов билан боғлиқ вазиятда ҳеч қандай муаммо йўқ эди. У қизил карточка ишлаб олиши мумкин эди. Шунинг учун, уни биринчи бўлимдаёқ алмаштирдим", - деди Вадим Карленович.
Фикрлар