Вадим Абрамов: Миллий термада фақат энг кучлилар ўйнайди
Кун мавзуси шубҳасиз Эктор Купер ва Вадим Абрамов билан боғлиқ бўлиб қолди десак муболаға бўлмаса керак. ЎФА расман Купернинг истеъфосини эълон қилиб, унинг ўрнини Вадим Абрамов эгаллаганини тасдиқлади. 2011 йили Қатарда ўтган Осиё Кубогида муваффақиятли қатнашиб, мухлисларнинг ишончини қозона олган мураббийнинг яна терма жамоа тепасига келишини хурсандчилик билан қарши олдилар. Биз расман бош мураббий этиб тайинлангач, Вадим Карленович билан боғландик.
- Салом, Вадим Карленович! Аввало, миллий терма жамоага бош мураббий этиб тайинланингиз борасидаги табригимизни қабул қилинг.
- Самимий табрик учун раҳмат.
- Шу муносабат билан айрим саволларимизга жавоб қайтаришингиз учун вақт ажратсангиз хурсанд бўлардик.
- Бемалол. Саволларингизни бераверинг.
- Мухлислар сизнинг терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинланганингизни хурсандчилик билан қарши олишди. Айтинг-чи, аслида ҳаммаси қандай юз берди?
- Собиқ мураббийни ишдан бўшатишганидан сўнг менга таклиф билан чиқишди. Ўйлаб ўтирмай таклифга розилик бердим. Бори шу. Бошқа бирор-бир ғайриоддий иш юз бергани йўқ.
- Ишқибозлар 2011 йили терма жамоани қанчалик яхши бошқарганингизни ҳозиргача эслаб юришади. Орадан шунча йил ўтганидан кейин яна терма жамоа устози этиб тайинландингиз. Олдингиси ва ҳозирги тайинланувингиз борасида ички кечинмалар ҳам бошқача бўлса керак?
- Ўшанда масъулият юки ҳамда вазият ҳозиргидан кўра бошқача эди. Менимча, фарқ ҳам шунда бўлса керак. Чунки бугунги кунда юзага келган вазиятдан келиб чиққан ҳолда дарҳол ишга киришиш керак бўлади. Шуниси бироз муаммо туғдириши мумкин.
- Ишни аввало нимадан бошламоқчисиз?
- 2 октябрдан йиғинларни бошлаймиз. Йиғинга терма жамоага номзодларни ҳам чақирамиз. Шундан сўнг 10 октябрга белгиланган учрашувга тайёргарлик кўришга киришамиз.
- Терма жамоа таркибида янги ўйинчиларни кўришимиз мумкинми?
- Биласизми, миллий терма жамоа – бу турли синовларни ўтказадиган майдон эмас. Шундай экан, мамлакатнинг бош жамоасида ҳозирги кунда ким кучли бўлса, айнан ўшалар ўйнашади. Ҳозирдан таркибда сезиларли ўзгаришлар бўлади, дея хулоса чиқариш ярамайди. Шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, терма жамоа эшиклари ҳаммага очиқ. Агар футболчи шунга муносиблигини кўрсата олса, терма жамоада тўп суради.
- Сиз ёш ўйинчиларга ўзларини кўрсатиш имкониятини бериш орқали ҳам танилгансиз. Сўрамоқчиманки, терма жамоада ёш ўйинчилар ҳам пайдо бўладими?
- Нима десам экан, ўйинчиларнинг паспортига қарамасликка ўрганганман. Чунки ёш билан боғлиқ масала кўпинча кишини алдаб қўйиши мумкин. Кимдир 20 ёшда бўлади-ю, худди қария ўйинчилардек тўп суради. Аксинча, 40 ёшни қоралаб қолганлар худди навқирон давридагидек зўр тўп суриб, барчада илиқ таассурот қолдиради. Ҳаммаси футболчининг индивидуал маҳоратига боғлиқ. Яна такрорлайман: ўйинчининг паспортига қарашга одатланмаганман. Агар футболчи рақобатбардош бўлса, нима учун унга термада ўзини кўрсатиш имкониятини бермаслигим керак?! Қолаверса, юқорида айтиб ўтганимдек, ёш билан боғлиқ тасаввур кўпинча алдамчи бўлади. Ахир ёш ўйинчи зўр, қария ёмон тўп суради, деган гап ҳақиқатга ҳар доим тўғри келавермайди. Аксинча, ҳолатлар ҳам кўп кузатилган. Ҳаммаси футболчининг жисмоний тайёргарлигига боғлиқ.
- Бир пайтнинг ўзида «Бунёдкор» ҳамда терма жамоада ишлаш сизга қийинчилик туғдирмайдими?
- Йўқ, мен бунда қандайдир муаммоларни кўрмаяпман. Қолаверса, жорий мавсум ниҳоясига етишига бор-йўғи, олти тур қолди.
- Фаластинга қарши ўтказилган учрашувда терма жамоамиз аъзоларининг қандай ўйин кўрсатганлигини ҳамма кўрди. Бу билан нима демоқчиман, ўша беллашувда бўш ўйнаган футболчиларни режаларингиздан чиқариб юбормайсизми?
- Яна қайтаришимга тўғри келади, футбол – бу жамоавий ўйин. Шундай экан, шахсиятга тегиш учун бирор сабаб кўрмаяпман. Боз устига Фаластиндаги ўша беллашувда вакилларимизнинг ўйини нима учун бу қадар бўш чиққанининг сабабини билмаймиз-ку. Бизнинг олдимиздаги вазифа бундан кейинги учрашувларда шу каби хатоларга йўл қўйилмасликнинг олдини олишдан иборатдир.
- Эктор Купер Виталий Денисовни ўйинларга жалб қилмай қўйганди. Айтишларига қараганда, уни йиғинга чақирмоқчи экансиз. Шу ростми?
- Йўқ, Виталий Денисов йиғинга чақирилмади. Чунки у жорий мавсумда клуби таркибида деярли майдонга тушмаяпти. Шундай экан, термадан чақирув олиши учун аввало у ўйинини яхшилаш ҳақида ўйламоғи даркор. Ҳозирча Денисовни чақириш ниятимиз йўқ. Боя айтганимдек, терма жамоа – бу синов майдони эмас. Миллий термада фақат энг кучлилар ўйнайди. Шунга муносиблигини исботлаш истагидагилар учун эшигимиз очиқ.
- Ҳаёт турли тасодифларга тўла. Ўтган йили дисквалификация туфайли фаол мураббийликдан четда қолишингизга тўғри келган. Бу йил эса сизни миллий терма жамоага бош мураббий этиб тайинлашди…Буларнинг бари ниманинг эвазига юз берди?
- Бу мавзуга қайтишни истамаган бўлардим. Ҳаёт давом этмоқда. Агар ўтмишни ковлаштираверадиган бўлсак, эртанги қиладиган ишларимиздан чалғиб қоламиз. Келинг, шундай экан, олдинга ҳаракатланишда давом этайлик.
- Сардор Рашидов ҳақида нима деган бўлардингиз? Уни йиғинларга чақирмоқчимисиз?
- Бу масалада ҳам юқорида билдирган фикрларимни такрорлашимга тўғри келади, терма жамоа эшиги энг муносиблар учун очиқ. Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. У клуб миқёсида етарлича ўйин амалиётига эга чиқса, термага чақирилишдан умид қилиши мумкин. Футболчи бунга жисмонан ва руҳан тайёр бўлмоғи мақсадга мувофиқдир.
- Олдингизга аниқ бир вазифа қўйилдими?
- Суҳбатимиз аввалида бир-иккита саволга жавоб қайтарсангиз яхши бўларди, дегандингиз. Саволларингиз ҳали бери тугамайди шекилли (кулади)…
- Шуниси охиргиси бўла қолсин…
- Ҳали аниқ вазифалар қўйилгани йўқ. Аммо шундоқ ҳам мақсад аниқ – жаҳон чемпионати йўлланмаларидан бирига эга чиқиш. Буни ҳамма тушуниб турибди.
Фикрлар
Ок йул карленович!
Энг кизиги Куппер хам илк матбуот анжуманида айнан шу сузларни гапирган эди агар ёдингизда булса.
Абрамовни сузларида факатгина Купернинг "мен сехргар эмасман" деган сузларини хисобга олмасак деярли бир хил(копия).