Вадим Абрамов "Пахтакор"га қарши ўйин олдидан "Бунёдкор" футболчиларига нималар деганди?

Coca Cola Суперлиганинг 18-туридан қолдирилган «Бунёдкор» - «Пахтакор» (3:2) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Вадим Абрамов иштирок этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Ўйлашимча, ёмон ўйин бўлгани йўқ. Қолаверса, шундай баҳсни мухлислар ҳам бевосита стадионда кузатгани яхши бўлди. Фикримча, беллашув ишқибозларга маъқул келди. Биз учрашувни ишончли бошладик, лекин биринчи голдан кейин негадир кўпроқ ҳимояни ўйладик. Тўғри, «Пахтакор» кучли рақиб, таркибдаги футболчилар тажриба борасида устун. Қайсидир маънода омадимиз ҳам келди. Биринчи даврадаги баҳсда ҳамма гол бизнинг дарвозамиздан жой олганди. Бу сафар акси бўлди. Футболда шунақа. Лекин иккита кўп бўлиб туриб назоратни ўз қўлимизга ололмадик. Назаримда, бу ҳиссиётлар билан боғлиқ.

Бутун мавсум давомида бундай ўйнаб бўлмайди. «Пахтакор» принципиал рақиб бўлгани учун барча футболчилар ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди, борини берди. Қолаверса, биринчи даврада аламли тарзда йирик ҳисобда ютқазгандик. Йигитлар ўша мағлубиятга лойиқ эмаслигимизни исботлаш учун ҳам бугун шундай ўйнади. Шунингдек, бугун «Пахтакор» чемпион бўлиши керак эди. Йигитлар билан ўйиндан олдин «Пахтакор» чемпионликни бизнинг майдонда нишонламаслиги кераклигини гаплашгандик, ниятимизга етдик, - деди Вадим Абрамов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!