Вадим Абрамов: Қирғизистон билан ўйин Саудия Арабистонига қарши баҳс олдидан репетиция вазифасини бажаради
Хабарингиз бор, миллий терма жамоамиз 14 ва 19 ноябрь кунлари ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи доирасида Тошкентда Саудия Арабистони ҳамда Фаластин терма жамоалари билан ўйин ўтказади. 9 ноябрь куни эса Қирғизистонга қарши ўртоқлик учрашувида ҳам иштирок этамиз. Шу мақсадда вакилларимиз бўлажак баҳслар учун тайёргарликни 2 ноябрдан бошлашади. Бош мураббий Вадим Абрамов эса бу сафарги йиғинга кенгайтирилган таркиб сифатида 32 нафар футболчини жалб этди. Қолаверса, миллий чемпионатимиз тақвимида ҳам яна ўзгаришлар юз берган ҳолда охирги учта тур беллашувлари салкам бир ойга ортга сурилди. Биз эса Вадим Карленович билан боғланиб, долзарб масалалар бўйича суҳбатлашдик.
- Вадим Карленович, ўтган сафар терма жамоа йиғинига 24 нафар футболчини жалб этгандингиз. Бу сафар уларнинг сони 32 тани ташкил этмоқда. Яъни, олдингисидан ҳам кўра кўпроқ бўлди. Бунинг сабаби нимада?
- Бунинг сабаби шундаки, легионер мақомидаги футболчиларимиз йиғинга барчадан кеч қўшилишади. Шунинг учун ҳам бу сафарги таркиб олдингисига нисбатан кўпроқ ўйинчилардан иборат бўлди. Боиси, четда тўп сураётганлар клублари ихтиёрини нисбатан кечроқ тарк этишади. Агар уларнинг сонини эътиборга олиб, умумий таркибдан чиқариб юборсангиз, кенгайтирилган таркибдаги футболчилар аввалгидек қолганини кўрасиз. Дарвозабонлардан ташқари 24 нафар футболчини бу йиғинга чақирдик.
- Таркибга киритилган футболчилар билан танишар эканмиз, янги номлар кўпчиликни ташкил қилаётганини кўриш мумкин. Нима деб ўйлайсиз, Саудия Арабистонидек жиддий рақибга қарши ўтадиган учрашув олдидан экспериментларни ташкил этиш тўғри бўлармикин?..
- Бу билан нимага ишора қилаётганингизни тушунгандек бўлдим. Йўқ, ҳаммаси сиз ўйлаган даражада эмас. Биз эксперимент ўтказиш мақсадида шунча футболчини йиғинга чақирмадик. Қолаверса, чақирилган футболчиларнинг аксарияти билан танишман. Ўзим яхши билмайдиганлар билан эса йиғин ёрдамида яхшироқ танишиш имконига эга бўламан. Асосийси, яқинроқ танишиш учун ихтиёримизда етарли вақт бор. Боз устига ўртоқлик ўйинига ҳам уларни жалб этиб, ҳаммасини ўз кўзим билан кўрмоқчиман. Қирғизистонга қарши ўтадиган ўртоқлик учрашувида легионерлар бўлмаслиги туфайли миллий чемпионатдаги ижрочиларни синаш имкони бўлади. Шу орқали кимлардан умид қилиш мумкинлигини билиб олмоқчимиз.
- 9 ноябрь куни Қирғизистон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида куч синашамиз. Бу ўйин ҳақидаги ташаббус сиздан чиқдими?
- Бизда расмий беллашув олдидан ўртоқлик ўйинида иштирок этиш истаги бор эди. Шу масалада бир қанча терма жамоаларга чиқдик. Қирғизистон термаси вакилларининг ўзлари ҳам шундай мақомдаги ўйинда биз билан курашишни хоҳлашди.
- Умуман айтганда, Қирғизистонга қарши ўртоқлик ўйинида қайд этилиши мумкин бўлган натижа сиз учун қанчалик аҳамият касб этиши мумкин?
- Терма жамоа иштирокида ўтадиган ҳар қандай мақомдаги ўйинда қайд этилиши мумкин бўлган натижа муҳим аҳамиятга эга. Биз Қирғизистонга қарши учрашувда ўйинчиларни синаб кўриб, уларнинг терма жамоадаги бошланғич таркибга қанчалик даъвогарлик қила олишларига амин бўлмоқчимиз. Шу боисдан ҳам бир қатор номзодларни бўлажак учрашувда синаб кўрамиз. Нима бўлган тақдирда ҳам ўша ўртоқлик беллашуви Саудия Арабистонига қарши муҳим ўйин олдидан ўзига хос репетиция вазифасини ўтаб беради. Сўзсиз, ўша ўртоқлик ўйинида қайд этиладиган натижа биз учун муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, ФИФА рейтингидаги мавқеимизга ҳам бу таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
- Ўтган йиғинга Лутфулла Тўраевни чақиргандингиз, аммо эътирозлардан кейин уни клубига қайтариб юборгансиз. Ўшанда унга танқидлар кўпайиб кетгани учун жавоб бериб юбордим дегандингиз. Лекин бу сафар яна Лутфулла Тўраев йиғинга жалб қилинди. Энди уни асосий баҳсларда кўрамизми?
- Табиийки, бундай эътирозлардан Тўраевнинг ўзи ҳам хабар топгани боис бу унинг руҳий ҳолатига таъсир ўтказмасдан қолмади. Шу сабаб уни клубга қайтариб юборишни маъқул топгандим. Танқидлар сабабли чемпионат доирасида «Бунёдкор» «Бухоро»га қарши ўйнаган пайтда Лутфулла Тўраевнинг шу сабабдан ўз даражасида тўп сура олмаганини сездим. Руҳий томондан унга яна босим туширмаслик ниятида Тўраевни қайтариб юборганман. Буни унинг ўзи ҳам тушунган. Охирги икки учрашувда Лутфулланинг қандай тўп сурганини кўриб, уни навбатдаги йиғинга жалб этиш тўғри бўлишини ҳис қилдим. Агар бирор-бир ўйинчи жароҳат олиб сафдан чиққудек бўлса, у ўша футболчининг ўрнини бемалол тўлдириши мумкин. Чунки Тўраев қандай ўйнаш кераклигини билади. Асосийси, ушбу шогирдимда катта тажриба бор. Саралашнинг кейинги босқичига йўл олишини кўзлаётган эканмиз, бизга тажрибали ижрочилар жуда асқотади. Ўзингиз кўриб турибсиз, бугунги таркибда аксарият футболчилар ёш. Улар ўзларидан тажрибали бўлган шерикларидан кўп нарсани ўрганишлари мумкин.
- Йиғинга чақирилган футболчиларнинг орасида ярим ҳимоячилар кўпчиликни ташкил этяпти. Шундай бўлса-да, уларнинг бир қанчасига жавоб бериб юборишингизга тўғри келади. Шундай экан, шунча ярим ҳимоячини чақиришдан нима фойда бор?
- Тўғри англабсиз, ҳақиқатан жалб этилган футболчилар орасида ярим ҳимоячилар кўпчиликни ташкил этяпти. Ҳаммасини олий ҳакам вақт ўз изига туширади. Мен шунчаки улар билан яхшироқ танишиш мақсадида шу ишга қўл урдим. Табиийки, футболда ярим ҳимоячилар муҳим ролни ижро этиб берадилар. Шу боисдан ҳам бу қароримни тўғри қабул қилишларини истардим. Агар ўзим ҳам шу масалада ким биландир гаплашадиган бўлсам, менга ярим ҳимоячиларини кўрсатишини ва айнан улар туфайли қандай жамоага эга эканлигини айтиб беришим мумкин. Айнан шундан келиб чиққан ҳолда бизнинг ярим ҳимоячилар қандай эканлигини билишга қарор қилдим. Йиғин чоғида ким аслида ким эканлигини билиб оламиз.
- Игнатий Нестеров ниҳоят дисквалификация муддатини ўтаб майдонга қайтди. Уни кузатиб боряпсизми?
- «Локомотив» «Бухоро» билан ўйнаган пайтда мен стадионда эдим. Аммо бундан кўзланган мақсадим айнан Нестеровнинг қандай формада эканлигини билиб олиш эмасди. Қолаверса, «Бухоро» аъзолари Игнатийга муаммолар туғдирадиган вазиятларни кўплаб ярата олишмади. Шундоқ ҳам Нестеровнинг қандай имкониятларга эга эканлигини яхши биламиз. Уни ҳозир терма жамоага чақиришга эрта деб ҳисоблайман. Сабаби, бизда уч нафар дарвозабон бор. Улар эса бутун мавсумни ўтказишди. Нестеров бўлса, бор-йўғи бир учрашувда иштирок этди холос. Албатта, ундан умид қиламиз. Чунки Игнатийда катта тажриба бор. Керак пайтда унинг бой малакаси терма жамоага асқотади. Лекин вазиятдан келиб чиққан ҳолда деярли бир йил ўйинлардан четда бўлган дарвозабонни таркибга жалб этган ҳолда таваккалона йўл тутмоқчи эмасман.
- Шак-шубҳасиз, Саудия Арабистони терма жамоаси гуруҳдаги бизнинг асосий рақобатчимиз саналади. Қолаверса, уларда ҳам янги бош мураббий иш бошлади. Рақибни ўрганишга киришган бўлсангиз керак?
- Мен ҳамкасбимни эмас, балки унинг қўл остидаги жамоа ўйинини ўрганаман. Чунки майдонда мураббий эмас, балки унинг кўрсатмаларини бажариш мақсадида футболчилар тўп суришади. Албатта, Саудия Арабистонини ўрганиш борасида иш бошлаб юборилган. Асосийси, бунинг учун бизда етарлича вақт бор. Негаки, ўзаро тўқнашувимизга ҳали анча бор. Шундоқ ҳам боя айтганимдек, рақибни ўрганишни бошлаб, унинг иштирокидаги учрашувни синчиклаб кузатдик. Уларга қарши мана шундай ўрганишлар эвазига тўғри тактикани танлашимиз мумкин бўлади.
- Терма жамоалар ўйини муносабати билан миллий чемпионатимизда катта танаффус юзага келадиган бўлди. Нима деб ўйлайсиз, тақвим тузишда мана шу жиҳатга эътибор бериб, миллий биринчиликни вақтлироқ охирига етказиш тўғри бўлмасмиди?
- Биласизми, тақвим мен терма жамоада иш бошламасимдан олдин тузиб қўйилган. Шунинг учун бу масалада бирор нарса дейишим қийин. Лекин 14 ва 19 ноябрь кунларида бўлиб ўтадиган учрашувлар Суперлигадаги ишларимизга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Шундоқ ҳам гуруҳимизда мураккаб вазият юзага келган. Дастлабки икки ўриндан бирини эгалламайдиган бўлсак, кейинги босқичга чиқа олмаймиз. Мақсадимиз эса гуруҳда биринчи ўринни эгаллашдир. Шундан келиб чиққан ҳолда бўлажак беллашувларга ҳар томонлама муносиб ҳозирлик кўриш учун бизда етарлича вақт борлиги мени хотиржам қилади. Назаримда, шундан келиб чиққан ҳолда кейинги турга ҳам ҳозирлик кўришимиз мумкин. Чемпионатни 27 ёки 30 ноябрда якунлаш борасида қандайдир катта фарқни кўрмаяпман. 9 ноябрда ўртоқлик ўйинида иштирок этишимиз муносабати билан биринчиликдаги тур кўчирилди. Ўйлайманки, бу тўғри қарор эканлигини ҳамма тушуниб етади. 5 ноябрда тур ўйинларини ўтказиб, 9-санада миллий терма билан ўртоқлик учрашувида қатнашишга тўғри келиши мураббий сифатида мени қаноатлантирмасди. Шунинг эвазига 2 ноябрдан биз терма жамоа иштирокида бўлиб ўтадиган ўйинлар учун тўлиқ дастур асосида бемалол тайёргарлик кўриш имконига эга бўламиз. Футболчилар билан яқинроқ танишиб, уларни танлаш борасидаги қароримиз қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини бемалол билиб олишимиз мумкин. Назаримда, Қирғизистонга қарши учрашувдан кейин бу масалада дастлабки хулосаларни чиқара олсак керак.
- Четда ўйнаётганлардан Виталий Денисов, Сардор Рашидов, Фозил Мусаев каби легионерларимизни ҳам кузатиб боряпсизми? Уларни терма жамоага чақириш режангизда борми? Ёки уларни учинчи босқичда кўрамизми?
- Бу борада ўринли фикр билдирдингиз. Ўз навбатида мен юқорида сиз номларини санаб ўтган футболчиларни бутунлай эсдан чиқариб юбормай, уларнинг клубларда қандай ўйнаётганларини кузатиб боришга ҳаракат қиляпман. Уларнинг клублардаги ишлари қандай давом этаётганидан имкон қадар хабардор бўлишга ҳаракат қиламан. Бироқ легионерлар ўйинга икки кун қолганида етиб келишади. Шу боисдан ҳам йиғинга асосан миллий чемпионатдаги футболчиларни жалб этишимизга тўғри келишини тушуниш керак. Элдор Шомуродовнинг Россия чемпионатида қандай ўйнаётганини ҳамма кўриб турибди. Агар Виталий Денисовни чақирадиган бўлсам, у ҳам ўйинга атиги икки кун қолганида терма жамоа ихтиёрига етиб келиши мумкин. Ўзингиз кузатиб бораётган бўлсангиз керак, жорий мавсумда Денисов «Рубин» учун аҳён-аҳёнда майдонга тушяпти холос. Энди ўзингиз ўйланг, клубида ишлари силлиқ кечмаётган ижрочини терма жамоага чақириб, таваккал қилиш тўғри бўладими? Асосийси, унинг қандай имкониятларига эгалигидан яхши хабардорман. Лекин Виталийнинг айни пайтда жисмонан қандай ҳолатда эканлигидан бехабарман. Устига-устак узоқ давом этадиган парвоз ҳам футболчига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Бош мураббий сифатида мен мана шундай жиҳатларга ҳам эътибор қаратмоғим даркор. Вагиз Галиулин, Вадим Афонин кабилар ҳам доимо кузатувимиз остида. Улар билан доим алоқада бўлиб турибмиз. Барчаси яхши савиядаги ижрочилар ва терма жамоага фойда келтира олишади. Жумладан, Сардор Рашидов ҳам. Бир сўз билан айтганда, барча легионерларимизни кузатиб келяпмиз.
- Драган Чераннинг Кубок финалида қандай ҳунарларни кўрсатганлигини кўргандирсиз. Терма жамоада худди у каби ўйнай оладиган ҳужумчига эга бўлишни истармидингиз?
- Адашмасам, келгуси йили Чераннинг юртимизда ўйнашни бошлаганига беш йил тўлади. Агар у ўзбек паспортига эга чиқишни истаса, жон деб миллий термага таклиф қилган бўлардик.
- Умуман олганда, Ўзбекистон Кубоги финалидан сизда қандай таассуротлар қолди?
- Таассуротлар турлича. Чемпионликни муддатидан олдин қўлга киритган «Пахтакор» ўйин аввалида у қадар яхши кўринмади. Кейин эса «Пахтакор» ҳаммасини ўз измига туширишга муваффақ бўлди. «Пахтакор»нинг ғалабасини кўпчилик кутганди. Агар клуб ўйинни юта олмаганида мен ҳам бундан қаттиқ ажабланган бўлардим.
- Энди мавзуни бироз ўзгартирсак, негадир охирги пайтларда «Бунёдкор» очколарни қўлга киритишда оқсашга тушган. Клубга нима бўляпти?
- Клуб билан боғлиқ ҳолат шундоқ ҳам тушунарли. Чунки таркибдаги аксарият ўйинчилар олимпия терма жамоаси аъзолари саналишади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Корея билан ўртоқлик мақомида икки бор куч синашди. Кореяга учиб бориш анча вақтни олди. Вақт борасидаги тафовут туфайли улар юртимизга 18 октябрда қайтиб келишди. Буларнинг барчаси ўйинчиларимизнинг умумий ҳолатига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Шу боис улар сафардан қайтганларидан сўнг атиги уч кун ўтганидан сўнг чемпионат доирасида майдонга тушдилар. Ҳали чарчоқлари тўла тарқалмагани якунда натижага таъсир кўрсатмасдан қолмади. Қўшимчасига «Бунёдкор»дан миллий терма жамоага номзод уч футболчи бор.
- «Пахтакор» муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритиб бўлди. «Локомотив» эса катта эҳтимол билан иккини ўринни эгалласа керак. «Бунёдакор» билан «Сўғдиёна» эса учинчи ўрин учун курашмоқда. Аслида жамоангизнинг бош мақсади қандай?
- Асосий мақсад элитадан тушиб кетмаслик бўлган. Ўйлайманки, буни ижобий ҳал этиб бўлдик. Энди мавсумни иложи борича кучли учликда якунлашга ҳаракат қиламиз, «Пахтакор»нинг Кубокка ҳам эга чиққани инобатга олинса, учинчи ўрин орқали ҳам ОЧЛга йўл олиш имконияти бўлади, назаримда. Умид қиламанки, биз мавсумни учинчи ўринда якунлаймиз ва Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасидан умид қилишимиз мумкин.
Фикрлар