Вадим Абрамов Яманга қарши ўйин олдидан Жалолиддин Машарипов, таркибда ўзгаришлар қилиши мумкинлиги ва бошқалар ҳақида гапирди
Эртага ўтказиладиган Яман - Ўзбекистон учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Вадим Абрамов иштирок этди.
- Йирик ҳисобдаги ғалабадан кейин ҳам биз учун ҳеч нарса ўзгармади. Вазифамиз ўша-ўша. Кейинги босқичга чиқишни истасак, олдиндаги иккита учрашувда 6 очкони қўлга киритишимиз лозим. Кўрамиз, бу ўйин.
Яманни ҳурмат қиламиз. Улар ҳам бу ерда ўз уйидагидек ҳис қилишади. Яманлик мухлислар кўп. Биз ҳозир фақат Яман ҳақида ўйлаяпмиз.
Машариповдан яхши футбол кутаман. У ажойиб футболчи ва лидерлардан бири. Шу ерда ҳам ўзини кўрсатиши керак.
Ҳар қандай жамоа рақиби имкон берганчалик ўйнайди. Бизга ўз ўйинимизни кўрсатишга имкон берилса, яхши бўлади. Жароҳатларимиз бор. Шу сабаб эртага баъзи ўзгаришлар қилсак керак, - деди Вадим Абрамов.
Беллашув Тошкент вақти билан 23:00да бошланади. Яман айни пайт турнир жадвалида 6 турда 5 очко билан охирги ўринда бормоқда. Ҳамюртларимиз эса 6 ўйинда 12 очкони қўлга киритиб, иккинчи поғонани банд этган.
Фикрлар