Ван де Вен Исакдан узр сўраганини тасдиқлади
"Тоттенхэм" ҳимоячиси Микки ван де Вен Александр Исакка етказилган жароҳат учун ундан шахсан узр сўраганини маълум қилди.
— Ҳа, албатта, узр сўрадим. Мен унга хабар ёздим, чунки уни жароҳатлашни истамаганман. Оғриқ етказадиган иш қилиш ниятим йўқ эди. Фақат зарбани тўсишга уриндим, холос. Оёғи менинг оёқларим орасида қолиб кетгани эса, назаримда, омадсиз ҳолат бўлди.
Шунинг учун ўйиндан кейин унга хабар ёздим ва тикланишида омад тиладим. Яқин орада уни яна майдонда кўришни умид қиляпман.
У хабар учун миннатдорлик билдирди ва жавоб ҳам қайтарди, — деди ван де Вен "Sky Sports" нашрига.

"Ливерпуль" ҳужумчиси жароҳат сабабли "Тоттенxэм"га қарши ўйинни (2:1) охиригача давом эттира олмаган эди. АПЛ 17-тур учрашувида танаффусдан сўнг захирадан майдонга тушган Исак 56-дақиқада ҳисобни очди. У Флориан Вирц узатмасидан кейин илк тегишдаёқ зарба берди ва шу пайтда футболчининг тўпиқ қисми "шпорлар" ҳимоячисининг подкат пайтида оёқлари орасида қолиб кетди.
Текширувлар натижасида Исакда тўпиқ жароҳати, шу жумладан, кичик болдир суяги синиши аниқланди. Футболчи жарроҳлик амалиётини ўтказди.



Фикрлар