Василий Ломаченко ва Теофимо Лопес жанги олдидан превью

  • 6 октябрь, 2020, 11:01
  • 0
  • Бокс

Профессионал бокснинг енгил вазн тоифасида WBC Франчисе, WBО ва  WBA Супер чемпионлик камарлари соҳиби  украиналик Василий Лoмаченко 17 октябрь куни Aмериканинг  Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтадиган жанг оқшoмида ушбу вазннинг IBF йўналиши чемпиони 23 ёшли Теофимо Лопес билан 4 та камар учун жанг олиб боради. Ушбу жанг ESPN+ канали орқали трансляция қилинади. Бир неча йиллардан бери 3 вазнда жаҳон чемпиони бўлган ва фаолияти давомида дебют жангиданоқ минтақавий камар учун рингга кўтарилган Ломаченкога қарши IBF камари эгаси Лопес қай даражада қаршилик  қила олиши  бокс оммасининг юқори қизиқишига сабаб бўлмоқда.

лом

Василий Ломаченко ҳаваскор боксда икки карра жаҳон чемпиони (2009, 2011) ва икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби  (2008, 2012) ҳисобланади. Унинг ҳаваскордаги статистикаси ҳам ҳайрантланарли даражада, 397 жанг, 396 ғалаба ва 1 мағлубият.

Теофимо Лопеснинг ҳаваскор боксда энг катта мусобақаси эса 2016 йилги Рио Олимпиадаси бўлиб, у ушбу тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида Гондурас шарафини ҳимоя қилган ва турнирнинг дастлабки босқичларида франциялик Софьян Умиага мағлуб бўлган. Умиа эса кейинчалик турнирнинг кумуш медалини қўлга киритади. Лопеснинг ушбу йўналишдаги арзигулик натижаси AҚШда ташкил этиладиган “Миллий олтин қўлқоплар” мусобақаси ғолиблигини қўлга киритганидир. 

Боксчиларнинг профессионал фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, Василий Ломаченко “Top Rank” промоутерлик компанияси билан шартнома имзолади ва ўзининг дебют жангида ярим енгил вазнда (57.1 кг) WBО International камарини қўлга киритди. Иккинчи жангидаёқ ушбу вазнда WBО камари учун Орландо Салидога қарши тўқнаш келади. Бироқ бу сафар “Лома” имкониятни бой бериб қўяди. Кейинчалик ушбу камар вакант қолади ва яна Ломаченко ушбу титул учун рингга кўтарилади. Бу сафар унга ярим енгил вазнда мағлубиятсиз сериясини давом эттираётган, Гарри Aллен Руссел (24- 0 ўша вақтда) рақиблик қилади. Мағлубиятдан тўғри хулоса чиқарган украиналик боксчи Русселга имконият қолдирмаган ҳолда WBО жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритади. Шундан сўнг, Роман Мартинесни бешинчи раундда мағлубиятга учратиб, супер ярим енгил вазнда (58.9кг) ҳам WBО чемпионлик камарини ўзиники қилиб олади. Енгил вазн тоифасидаги (61.2кг) илк жангида эса ўта жиддий рақиб, уч вазнда жаҳон чемпиони Хорхе Линаресга қарши WBA камари учун  жанг ўтказган Ломаченко 10-раундда нокаут эвазига ғалаба қозониб, ўзининг учинчи вазндаги жаҳон чемпионлик камари соҳибига айланади. Навбатдаги 3 жангида Хосе Педраза, Энтони Крол, Льюк Кэмпбелл каби кучли рақибларни мағлуб этиб WBA, WBО, WBC жаҳон чемпионлик камарлари эгасига айланади. WBC ташкилоти эса уни “Franchise”, яъни дахлсиз чемпион дея эълон қилди. Шу вақтга қадар  3 вазнда жаҳон чемпиони ҳисобланган Ломаченко 15 та жанг ўтказиб, 14 бор ғалаба қозонди,10 тасини эса муддатидан аввал якунлаган.

Ломачик

Теофимо Лопес ҳам 2016 йилнинг октябрь ойида  Василий Ломаченко каби “Top Rank” билан шартнома имзоди ва ўз дебютини уша йили Мэнни Пакьяо ва Жесси Варгас жанги андеркардида ўтказди.  У 2018 йилда Месон Менард устидан қозонилган ғалабасидан сўнг, жаҳон чемпионлик камари учун жиддий курашни бошлаганини эълон қилди.

Кейинги жангида фахрий боксчи Диего Магделанони нокаутга учратгач, WBA рейтингида 9, WBC да 11 ва WBО рейтингида 10-ўринда қайд этилган эди. 2019 йилнинг 19 июлида IBF рейтингида 4-ўринга кўтарилган Лопес ва 3-ўриндаги япониялик енгилмас боксчи Масаёши Наката ўртасида якуний элиминатор жанги бўлиб ўтади. Мазкур тўқнашувда Лопес очколар ҳисобида ғалабани қўлга киритиб, IBF чемпиони Ричард Комми учун мажбурий даъвогарга айланади. Тез орада улар ўртасида ташкил этилган чемпионлик жангида Коммини 2-раунддаёқ нокаутга учратади ва  IBF жаҳон чемпионлик камарини олади. Ушбу натижадан сўнг, Лопес ғалабаларининг сони 15 тага етади. Уларнинг 12 тасида рақибларини муддатидан аввал мағлуб этганди.

лопес

Ломаченко-Лопес тўқнашуви қизиқарли бўлиши аниқ. Бу жанг дивизиондаги энг кучли боксчи кимлигига яна бир бора аниқлик киритиб беради. Ҳозирда, кўплаб бокс ишқибозлари Ломаченконинг ғалабасини тахмин қилишмоқда. Бир томондан эса ёш ва кучга тўлган Лопес Ломаченкони тўхтата олади, дея фикр билдираётганлар ҳам йўқ эмас.  Бу тахминлар ўзини қанчалик оқлашини эса  17 октябрь куни билиб оламиз. Воқеалар ривожини бизда кузатиб боринг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!