Венецияда туғилган асли ганалик шоввоз, ОКМКнинг ҳужумдаги лидери, ўз вақтида "Андижон"да тўп тепган Мартин Боаке билан ИНТЕРВЬЮ!
ОКМК бу мавсум Суперлигада янада ёрқинроқ кўринмоқда. Миржалол Қосимов шогирдлари айни пайтда чемпионлик учун кураша оладиган клубга айланганини "Навбаҳор"га қарши учрашувда ҳам исботлаб бера олди.
Биз жамоанинг ҳужумдаги етакчиси бўлган, асли ганалик Мартин Боаке билан суҳбатлашишга қарор қилдик. У Италиядаги фаолияти, ОКМКда бу мавсумдаги мақсади ва яна бошқа мавзулар борасида гапириб ўтди.
- Хайрли кун, Мартин! Биринчи саволимиз "Андижон"даги фаолиятингиз ҳақида. У ерда кам қолганингиз, нима ёққан ёки маъқул келмагани тўғрисида нималар дея оласиз?
- Сизга ҳам хайрли кун! Очиғи, "Андижон" борасидаги саволга жавоб бериш мен учун қийин. У ерда энг ёққан нарса мухлислар бўлган. Шунингдек, қанчалик эшитилмасин, энг ёқмаган жиҳат ҳам айнан мухлислар эди. Сабаби, улар сизга энергия бериши билан бирга керагидан ортиқ талабчанлик қилиб юборишади.
- Ҳозир ОКМКда ҳаракат қилмоқдасиз. Бу мавсумдаги асосий мақсадингиз нима?
- Жорий мавсум клуб ғалабаси учун қўлимдан келганча ёрдам беришга тайёрман. Барча мусобақаларда иложи борича узоқроққа боришга ҳаракат қиламиз.
- Миржалол Қосимов тўғрисида, унинг тактик қарашлари, футболчилар билан муносабати ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ҳа, у ажойиб мутахассис. Кўп нарсалар борасида ундан етарлича нарса ўрганиш мумкин. Ғалабаларимизда у асосий ролда эканини алоҳида таъкидлаб ўтишим керак.
- Ўзбекистонда қайси жамоага қарши ўйнаш қолганларга нисбатан қийинроқ?
- Тўғриси, алоҳида бир клубни ажратиб кўрсата олмайман. Ҳар бир рақиб бизга жуда кучли рақобат таклиф эта олган. Ўзбекистонда ҳеч бир очко осонлик билан қўлга киритилмайди.
- Ҳозир Суперлиганинг бошқа клубларидан яхши таклиф бўлса, ОКМКни тарк этган бўлармидингиз?
- Йўқ, бундай қарорга келмасдим. Сабаби, ҳозир жамоадагилар билан яхши муносабатдаман. ОКМК билан катта марраларни забт этишни режа қилганман.
- Энди болалигингиз ҳақида гаплашсак. Билишимизча, сиз Италияда туғилгансиз. Аммо оилангиз Ганадан. Бу маълумот тўғрими?
- Ҳа, тўғри. Мен Венеция яқинида таваллуд топганман, оилам эса Ганадан бу ерга келиб қолишган. Болалигимнинг катта қисми айнан Италияда ўтган. Табиийки, мен итальян тилини яхши биламан.
- Сиз кўрган Ўзбекистондаги энг яхши ҳимоячи...
- Бундай футболчилар кўп. Биттасини ажратиб кўрсатиш осон иш эмас. Лекин сифатли ҳимоячилар сони анча кўп экани биз ҳужумчилар учун янада кўп муаммоларни келтириб чиқаради.
- Ўзбек футболини битта сўзда таърифлаб беринг.
- Кучли. Жамоаларнинг даражаси, ҳар бир ўйиндаги рақобат ўта юқори даражада. Сал эътиборсизлик қиладиган бўлсангиз, керакли натижани бир зумда бой бериб қўйишингиз ҳеч гап эмас.
- Пирло ёки Тотти?
- Қийин танлов. Аммо мен Тоттини танлаган бўлардим.
Шоҳрух Зоиров суҳбатлашди.
Фикрлар
Мана шу Мартинни
Ёрк,ин Назаров хеч нарсада йу'к яхши у'йинчи эмас деб Журъатбекни алдаб Огмкага сув текинга бериб юборди