Венгрияда спортимиз мутасаддилари ФИНА раҳбари билан учрашди
Шу кунларда Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Халқаро сузиш федерацияси (FINA) президенти Ҳусайн Ал-Мусалламнинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов ва Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов расмий ташриф билан Будапештда бўлишди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Жаҳон чемпионати дастурига киритилган сув полоси мусобақалари доирасида дастлаб мутасаддиларнинг ФИНА президенти, Осиё Олимпия кенгаши бош директори Ҳусайн ал-Мусаллам билан учрашуви бўлиб ўтди. Кун тартибидан ФИНА бошчилигида ўтказилган семинарлардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзбекистонлик мутахассисларга грантлар ажратиш каби долзарб масалаларнинг айни кундаги натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, май ойида пойтахтимизда юқори савияда ташкил этилган Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг 77-йиғилиши, шунингдек, МОҚ ташкил этилганининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида Ҳусайн ал-Мусаллам билан ўзаро муносабатларни ривожлантириш бўйича дастлабки музокаралар олиб борилган эди. Бугунги учрашув ана шу келишувнинг мантиқий давоми бўлиб, ўзбек спортининг келажаги учун катта аҳамиятга эгадир.
Учрашувда жаноб Ал Мусаллам Ўзбекистон, Халқаро сузиш федерацияси - ФИНАда муҳим ўрин тутувчи аъзоларидан бири эканлигини ва мамлакатда сув спорти турларини ривожлантиришни янги босқичга кўтаришда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.
Шунингдек, жаноб Ал Мусаллам ФИНА Тошкент-2025 ёшлар ўртасидаги ИВ Осиё ўйинлари учун сув спортига ихтисослашган замонавий иншоотни қуришда кўмаклашишга тайёр эканлигини ҳам қайд этди.
Спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов ва МОҚ Бош котиби О.Касимовлар ишчи ташриф доирасида яна бир қанча муҳим учрашувларда иштирок этишади.
Фикрлар