Виктор Жалилов: "Афсуски, таркибимизга қўшилганлар ишончимизни оқлашмади"

Ўзбекистон Кубоги 1/8 финал доирасида “Бунёдкор” клуби ўз майдонида “Навбаҳор”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва кейинги босқичга йўл олди. Наманганликлар эса мусобақани тарк этди. Учрашувдан кейин “Навбаҳор” бош мураббийи Виктор Жалилов матбуот анжуманида қатнашди.

- Ҳозирда ҳамма ўйинлар оғир кечмоқда, - дея гап бошлади Жалилов. - Биринчи бўлимда "Бунёдкор", иккинчи бўлимда эса, "Навбаҳор" яхши ўйнади, менимча. Иккинчи бўлимда амалга оширилган ўзгаришлар ўйинимизни рақиб майдонига кўчирди, натижада бўлим давомида устунликка эришдик. Вазиятлар яратдик, лекин улардан фойдалана олмадик, биргина гол барчасини ҳал қилди. "Бунёдкор"ни ҳақли ғалаба билан табриклайман.

жалилов1_1

Албатта, таҳлил қиламиз, биринчи бўлимни ёмон ўтказганимиз сабабларини ўрганамиз. Айрим футболчиларга фаоллик етишмади, кўп хатоларга йўл қўйишди. Чуқур таҳлил қилишимиз керак. Футбол шунақа, биргина гол ҳаммасини ҳал қилади.

Аввалги учрашувларда ҳам айтгандим, ҳужумда муаммомиз бор эди. Таркибимизга қўшилганларнинг ўйинни кучайтиришига умид қилгандик. Умуман, ҳужумчилар муаммоси кўпчиликда бор. Кам сонли клубларгина ҳужумдаги фаоллиги билан мақтаниши мумкин. Афсуски, таркибимизга қўшилганлар ишончимизни оқлашмади.

- Бизга ҳам жамоанинг бундай ҳолатга тушиб қолгани ёқмаяпти. Машғулотларда айрим футболчилар ўзларини яхши кўрсатишади, ўйинларда эса аксинча бўлмоқда. Бугун ҳам иккинчи бўлимда бир нечта вазиятлар яратдик, лекин қаердадир маҳорат, қаердадир омад етишмаяпти. Футболчиларимиз қулай вазиятга чиқиб бориб ҳам дарвоза томон зарба беришмаётгани уларга маҳорат етишмаслигидан дарак. Албатта, бу бизнинг муаммомиз. Қолаверса, "Бунёдкор" ҳам тартибли ҳимояланди, айнан шунинг эвазига натижани сақлаб қолишни уддалашди, - дея фикрларини якунлади Виктор Романович.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
77 77
21/08/2021 09:27
Хайер жалилов