Виктор Жалилов: "Афтидан, бугун ҳеч бир томон ғалабага лойиқ эмасди, шекилли"

Coca Cola Суперлига 7-туридан ўрин олган “Қизилқум” – “Навбаҳор” учрашувидан кейин “лочинлар” бош мураббийи Виктор Жалилов ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди.

- Бугунги баҳсда ҳар икки жамоа хатога йўл қўймаслик мақсадида эҳтиёткорлик билан ўйнади. Одатда, бундай учрашувлар тақдирини ягона гол ҳал қилади. Бугун ҳар икки жамоа биттадан тўп киритди, кимдир хатога йўл қўйганда, ютқазарди. Ўйлашимча, мазкур дуранг адолатли натижа бўлди. “Қизилқум”да ҳам, бизда ҳам гол уриш учун имкониятлар вужудга келди. Афтидан, бугун ҳеч бир томон ғалабага лойиқ эмасди, шекилли, - деди Виктор Жалилов.

- Нега бошқа дарвозабонлар хизматидан фойдаланмаяпсиз?

- Биринчидан, Ўткир бизда асосий дарвозабон саналади. Давроновни эса зарур пайтда унинг ўрнини тўлдириш мақсадида таклиф қилгандик. Кубок беллашувларида Раҳимжонни майдонга туширмоқчи эдик, афсуски, у қўлидан жароҳат олди. “Қизилқум” билан ўйинга ҳам уни қайдномага киритиш-киритмасликка иккиландик, лекин якунда барибир, рўйхатга қўшдик. Умуман олганда эса, Давронов асосий жамоа машғулотларида қатнашяпти.

- “Машъал” клуби томонидан яратиб берилган шарт-шароитлардан кўнглингиз тўлдими?

- Албатта, биринчи навбатда, “Машъал” клубига бугунги ўйинни ўтказишимиз учун яратиб берилган шароитлар учун раҳмат айтмоқчиман. Ҳайдовчилардан тортиб, бошқа томонлама қулайликлар тақдим этилди. Қолаверса, майдон ҳам яхши экан.

- Забиҳилло Ўринбоев яхши ўйнаб турганди, уни нега ўзгартирдингиз?

- У билан Қувондиқ чарчаб қолишгани учун ўрниларига бошқа футболчини майдонга тушириб, ҳужумни кучайтиришга ҳаракат қилдик. Янги тушганларда ҳам имкониятлар бўлди, лекин улардан фойдалана олишмади.

- “Навбаҳор” бугун очко олдими ёки йўқотдими?

- Аввал айтганимдек, дуранг адолатли натижа бўлди. Ҳеч бир жамоа тўлиқ устунликка эришмади. Четдан қараганда қандай билмадиму, бугун тенг ўйин кечди.

- Ўз вақтида “Машъал”да ишлагансиз. Ўша пайтдаги жамоа билан ҳозиргисининг ўртасида қандай фарқ бор?

- У пайтлари таркибда нисбатан кучли футболчилар тўп тепишганди. Уларнинг аксарияти миллий терма жамоа аъзолари ҳисобланишган. “Машъал”нинг ўшанда иккинчи ўринни эгаллагани, Чемпионлар лигасида қатнашгани ўйинчилар савиясидан дарак бериб турибди. Умуман, ҳозирги таркибдаги футболчилар ҳам ёмон эмас.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!