Винисиус “Реал”дан кетсин!
Испаниянинг энг нуфузли манбаларидан Marca нашри “Реал” ҳужумчиси Винисиус Жуниор бўйича сўровнома ўтказди. Унда иштирок этган мадридликлар фанатларнинг 68 фоизи клуб учун энг тўғри қарор бразилиялик ўйинчини сотиб юбориш эканини билдирган.
Бунга сабаб сифатида бразилиялик футболчининг клубдаги ҳолати тиклаб бўлмас даражада обрўсизланиб бўлгани келтирилмоқда.
25 ёшли футболчи атрофидаги можаро Испания Ла Лигасининг 17-турида “Реал” футболчилари “Севилья”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган учрашув пайтида авж олди. Ўша учрашувда бразилиялик ҳужумчи захирага олинган паллада мухлислар томонидан ҳуштакбозлик қилинган.
Бунга жавобан Винисиус ижтимоий тармоқлардаги профилидаги “Реал” формасидаги суратини Бразилия миллий терма жамоаси либосидаги расмга алмаштирди. Бу эса вазиятни янада кескинлаштириб юборди.
Жорий мавсумда Винисиус барча мусобақаларда клуб сафида 24 та ўйин ўтказиб, 5 та гол урди ва 8 та голли узатма амалга оширди. Футболчининг «Реал» билан амалдаги меҳнат шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган.



Фикрлар