WBC янгиланган рейтингида бир қатор ўзбекистонлик боксчилар юқорилади

  • 30 октябрь, 2019, 14:08
  • 0
  • Бокс

Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) сентябрь ойи учун профессионал боксчиларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ўзбекистонлик етти нафар боксчи мазкур рейтингдан ўрин эгаллади. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри мухбири хабар бермоқда.

Ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси вакили Қудратилло Абдуқаҳҳоров (17-0, 9 КО) ҳам рейтингда бир ой олдинги ўрнидан бир поғона юқорилаб 5-ўринга жойлашди. Айни вақтда у IBF рейтингида биринчи, WBO рейтингида эса 11-ўринларни эгаллаб турибди.

Супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган ўзбекистонлик Азизбек Абдуғофуров (13-0, 5 КО) янги рейтингда бир ой олдинги поғонасини сақлаб қолган ва 4-поғонага жойлашган. У ҳамон WBC Silver камари соҳиби сифатида кўрсатилмоқда.

Рейтингнинг халқаро миқёсида тан олинган Топ-15 лигида бошқа ўзбекистонлик боксчилар жой олмаган. Аммо WBC бошқа рейтинглардан фарқли равишда 40 кишидан иборат рейтингни тузиб чиқади. Мазкур кенгайтирилган рейтингда яна беш нафар ўзбек боксчиси эътироф этилган.

WBC кенгайтирилган рейтингидан супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов (9-0, 7 КО) бир поғона юқорилаб 23-ўринда қайд қилинган. Ушбу вазн тоифасининг яна бир вакили Шоҳжаҳон Эргашев (17-0, 15 КО) эса 29-поғонадан қолган. Мазкур вазннинг яна бир вакили WBC Asia чемпионлик камари соҳиби Анвар Туропов эса (5-1, 4 КО) бир поғона юқорилаб 38-ўринда қайд қилинган.

WBC янгиланган рейтингида энг катта ўсишга эришган боксчи Исроил Мадримов (4-0, 4 КО) бўлиб турибди. Янгиланган рейтингда супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Мадримов бир йўла 9 поғона юқорилаб 31-ўриндан жой олган. Шунингдек, ўта оғир (+90,7 кг) вазн тоифаси вакили Баҳодир Жалолов (6-0, 6 КО) 39-ўринни сақлаб қолган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!